Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 07:26

Макрон: НАТО иттифоқчиларининг умумий душмани Россия билан Хитой эмас, терроризмдир


Франция президенти Эммануэл Макрон.

Франция президенти Эммануэл Макрон Россия билан мулоқот қилиш кераклиги ҳақидаги фикрида қатъий эканлигини билдираркан, уч ҳафта олдинги НАТОнинг “мияси ўлган” деган сўзларидан қайтмаслигини айтди.

Макрон 7 ноябрда “Economist” журналига берган интервьюсида НАТОга аъзо мамлакатлар ўртасида стратегик ҳамкорлик йўқлигидан таассуф билдириб, Қўшма Штатларнинг Ғарбий ҳарбий иттифоққа эътибори сустлашиб бораётганини таъкидлаб ўтган эди.

Унинг бу фикри иттифоқчи мамлакатлар вакиллариннг кескин тақидига учради, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Трансатлантик иттифоққа қарши қўпорувчилик қилмаслик кераклигидан огоҳлантирди.

‒ Мен олдинги фикрларимда қоламан, чунки айни пайтда дуч келаётган муаммоларимизни ҳисобга олсак, молиявий ёки техник масалалар ҳақида гапириш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас, ‒ деди Макрон 28 ноябрда Столтенберг билан ўтган музокарасидан сўнг.

Макрон билан Столтенбергнинг учрашуви НАТОга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг келаси ой Лондон ташқарисида ҳарбий блок ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган йиғилиши олдидан бўлиб ўтди. Айни пайтда Ғарб мамлакатлари билан Россия ўртасидаги муносабатлар ҳам Украина ва Суриядаги уруш ҳамда Москванинг бошқа мамлакатлар сайловларига аралашуви сабаб таранг бўлиб турибди.

НАТО Хитойнинг Шимолий Атлантика ҳудудида ҳозирлигидан ва фаолияти кенгайиб бораётганидан ҳам хавотир изҳор қилди.

− Уйғотиш қўнғироғи зарур эди. Буни чалганимдан хурсандман. Энди ҳамма стратегик мақсадларимизни ўйлаб кўришимиз ҳақидаги ўйлаётганидан хурсандман, − деди Макрон Столтенберг билан қўшма матбуот конференциясида. – Баъзан қулоғимга чалиниб қолаётганидай, Россия бизнинг душманимизми? Ё Хитойми? НАТОнинг вазифаси уларни душман қилишми? Мен бунга ишонмайман. Бугунги асосий душманимиз терроризмдир, у ҳар биримизнинг мамлакатимизга ҳужум қилди.

Столтенберг “ҳамма нарса мужмал бўлган замонда бизга НАТОга ўхшаш кўптомонлама институтлар керак”лигини айтди.

У яна ислом терроризмига қарши курашда Франциянинг Соҳил минтақасидаги саъй-ҳаракатларини мақтади. Жорий ҳафтада Малида 13 нафар француз аскари ҳалок бўлган эди.

Макрон Туркияни ҳам “қуруқ қўймади”. Унинг фикрича, Сурия шимолидаги курд халқ жангчиларига қарши ҳарбий ҳужум “НАТО ҳам аъзоси бўлган” коалициянинг Ислом давлати экстремистик ташкилотига қарши “ҳаракатларини хавф остига қўяди”.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Франция раҳбарининг танқидини рад этди ва уни “терроризмга ҳомийлик қилаётганлик”да айблади.

Макрон ўтган ойда курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучлари амалдорларидан бирини қабул қилгани расмий Анқарани дарғазаб этган эди.

Макрон Россия ҳақида гапириб, Париж Москванинг Европага ракеталар жойлаштиришга мораторий эълон қилиш таклифини “мутлақо қабул қила олмаслиги”ни айтди. Унинг ушбу гапи ҳафта бошида Германия матбуотига сиздирилган эди.

Макронга кўра, Москванинг ушбу таклифини муҳокамаларга асос қилиб олиш мумкин, чунки “Москва билан мулоқотнинг йўқлиги” Европани хавфсизроқ қилгани йўқ.

XS
SM
MD
LG