Линклар

Шошилинч хабар
09 август 2022, Тошкент вақти: 21:59

Нефть 1 центдан ҳам арзонлаб кетди. Дунёда нималар бўляпти ўзи?


20 апрелда коронавирус билан боғлиқ изоляция оқибатида АҚШда нефть баҳоси кескин даражада тушиб кетгандан сўнг глобал иқтисодиёт яна бир зарбага учради.

Бутун дунёдаги фонд бозорлари ишончсиз ва ўзгарувчан бўлиб қолди. Бунга Американинг нефть бўйича фючерс шартномаларини сотиб олган трейдерлар харидорларга сотиб олган нефтни олиб кетиши учун пул тўлагани сабаб бўлди.

Бу тарихда биринчи марта АҚШда қазиб олинаётган нефтнинг баҳоси 0 доллар бўлишига олиб келди.

Brent Crude ва Россияда қазиб олинаётган Urals нефтининг баҳоси ҳам Қўшма Штатларда нефть нархлари салбий кўрсаткичга тушиб кетгандан сўнг сезиларли тарзда пасайди.

Коронавирус пандемияси бутун дунёда нефтга бўлган талабни пасайтириб юборди, натижада барча жойлардаги нефть омборлари лиммо-лим тўлиб, ортиқча таклифни вужудга келтирди.

Бозорнинг таклиф ва талаб қонуниятидан келиб чиқиб, трейдерлар май ва июнда нефть сотиб олиш учун фючерс шартномаларини имзолайдиган харидорларни топишга қийналиб қолди.

Оқибатда нефть учун фючерс шартномалари пастга шўнғиди.

Шимолий денгиздан қазиб олинаётган 1 баррел Brent Crude навли нефтнинг тахминий нархи 21 апрелда, яъни бир кечада тахминан 12 долларгача тушди. Июнда етказиб бериладиган нефть баҳоси 18 йил ичидаги энг паст кўрсаткич – 17 доллардан ҳам қуйи бўлди.

Бу нефтнинг жорий йил январида сотилганига нисбатан 60 фоиздан кўпроқ пасайганини англатади.

Brent Crude нефтини ташиш АҚШдаги шунга ўхшаш нефтдан осон ва арзонроқдир, чунки у Шимолий денгиздан бевосита қазиб олинади.

Ғарбий Техас ўрта нефти (West Texas Intermediary – WTI) – АҚШдаги енгил нефтнинг эталон индекси 20 апрелда тарихда илк марта салбий кўрсаткичга тушиб кетиб, май фючерсларининг бир баррели минус 40 доллардан сотилди.

WTI нархи 21 апрелда бир оз тикланди ва тушдан кейинги савдолар бошланишидан олдин 1 долларга чиқди. Ўшангача минус нархларда сотилаётган эди.

Қисқаси, нефтга талаб паст бўлган пайтда унинг таклифи керагидан ортиқча бўлмоқда, нефть компанияларининг эса нефтни сақлайдиган жойи қолмади.

Шу тариқа айрим трейдерлар 20 апрелдан бошлаб, харидорларга қўлидаги нефтдан қутулиш учун пул тўлай бошлади.

Шу ўринда, нефтнинг салбий баҳоси нима, деган савол туғилади.

Шу соҳа бизнеси билан шуғулланадиган кишилар ҳеч қачон нефтнинг баҳоси салбий бўлганини кўрмаганини айтмоқда.

Улар фикрича, нефтнинг салбий баҳоси маъноси шуки, нефть омборлари ва қувурларидан келаётган нефтни сақлайдиган жой бўлмагани учун трейдерлар уни олиб кетиш учун харидорларга пул тўлайди, лекин бу узоқ давом этиши мумкин эмас.

Нефть нархларининг коронавирус билан боғлиқ тарзда пасайиб кетиши Россиянинг нефть ва табиий газ баҳосига қарам иқтисодиётига жуда катта зиён келтирди.

Россиянинг Urals нефти нархи Brent Crudeнинг глобал нарх индексига қараб белгиланади. Одатда у Brent Crudeдан бир неча доллар паст юради.

WTI ва Brent Crude нарх кўрсаткичларининг пасайиши Россия нефтининг ҳам нархи кескин тушиб кетишини англатади.

Кўплаб трейдерлар 12 апрелда Саудия Арабистони билан Россиянинг OPEC+ форматида нефть қазиб олишни камайтиришга келишгани унга бўлган глобал талаб мисли кўрилмаган даражада тушиб кетганини қоплай олмаслигидан хавотирда.

Нефть бозорлари трейдерлари OPEC+ битимига эҳтиёткорлик билан жавоб қайтарди.

Айни пайтда Россиянинг фонд бозори ҳам, рубль нархи ҳам пасаймоқда. Россия фонд бозорларида нефть акциялари жуда кўп қиймат йўқотди.

21 апрелдаги эрталабки савдоларда РТС индекси 4,3 фоиз, MOEX индекси эса 1,8 фоиз пасайди.

Россия рубли эса 21 апрель эрталаб бир кунлик олдинги қийматиннг 2 фоизини йўқотди. Унинг нархи ўша куни яна пасайди.

XS
SM
MD
LG