Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:50

“Обод қишлоқ”: Ҳокимият уйини таъмирлай олмаëтганларни уйини бузиш билан қўрқитмоқда


Қизилтепа тумани, Тошработ қишлоғидаги Оқработ маҳалласи (Бу ва мақоладаги бошқа суратлар ушбу маҳаллада яшовчи аҳоли томонидан Озодликка жўнатилган)

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Тошработ қишлоғида яшовчи айрим оилалар “Обод қишлоқ” дастури ижроси доирасида маҳаллий мулозимларнинг ўзларига тазйиқ қилаëтганини айтмоқда. Озодликка боғланган тошработликларга кўра, маҳалла маъмурияти уйининг олд томонини Мустақиллик байрамига қадар таъмирламаганларнинг уйи бузилиши ва ишдан ҳайдалиши билан таҳдид қилган.

“Обод қишлоқ” дастурига киритилган Қизилтепа туманидаги Тошработ қишлоғини ободонлаштириш ишларини¸ дастлабки режага кўра¸ 31 декабргача якунлаш белгиланган.

Бироқ маҳалла фаолларига кўра, ҳокимлик қишлоқни ободонлаштиришни режадан аввал тугатиб, "Мустақиллик байрамига совға қилиш"ни режалаштирмоқда.

Озодликка мурожаат қилган айрим тошработликлар иддаосига кўра, ободонлаштиришни тезроқ тугатиш учун аҳолига босим ва тазйиқ қилинмоқда.

“Акам заводда ишлайди. Уйингизни тезроқ таъмирламасангиз, заводдан ҳайдаттираман” дейишди маҳалладан келиб. Ҳисоблаб кўрсак, 2 миллион сўмдан зиёд пул кетар экан уйимизнинг кўча томонини таъмирлаб, дарвоза ўртаниш учун. Ҳозир бунча пулимиз йўқлигини айтсак, “ишдан ҳайдатаман, уйингни бузаман”, дейишди. Қўшниларимиздан бири банкдан кредит олиб, уйини шифер қилди, яна бири кредитга дарвоза қўйдирди. Лекин биз кредит олсак¸ уни қайтариш имконимиз йўқлиги учун¸ нима қилишни билмаяпмиз”, дейди Тошработ қишлоғида яшовчи йигит исмини очиқламаслик шарти билан.

Қишлоқликларнинг айтишича¸ айни кунларда Тошработдаги 10та маҳаллада бир пайтнинг ўзида ободонлаштириш ишлари қизғин кетаяпти. Хусусан¸ Оқработ маҳалласида яшовчилардан бири¸ ўз маҳалласидаги кам таъминланган оилаларга маҳаллий ҳокимлик томонидан босим ўтказилаëтганини айтади.

“Масалан, маҳалламиздаги битта оилада отаси вафот этган. Онаси мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ўғли контракт асосида ўқийди. Шуларга маҳалладан келиб, уйингни тезроқ таъмирламасанг, онангни ишдан ҳайдаб, уй-жойингни экскаватор билан суриб ташлаймиз” дейишди. Эшитишимизча, қарз олиб уйини таъмирлашга мажбур бўлишибди”, дейди оқработлик аëл.

Оқработ маҳалласи раиси Бекпўлат Каримов Озодлик билан суҳбатда ўз маҳалласида аҳолига тазйиқ бўлаётганини инкор қилди.

“Таъмирлашга кучи етмаганларга уйини бузиш билан таҳдид қилиш бошқа маҳаллаларда бўлиши мумкин. Буни мен ҳам эшитганман. Лекин мен бундай гап айтишга уяламан. Виждоним қабул қилмайди. Бу гапни айтгандан кўра, кучи етмаса, тадбиркорни олиб келиб, уйини таъмирлаб бераман. Ёки банкдан кредит олишни таклиф қиламиз. Маҳалладаги 50 фоиз одам кредитга уйини шиферлаб, дарвоза ўрнатди”, деди Бекпўлат Каримов.

Каримовга кўра, бу маҳаллада 553 та хонадон бўлиб, ҳозирда уйларни оқлаш, таъмирлаш ишларининг 60 фоизи якунланган. Каримов ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларининг 1 сентябргача якунлаш режаланганини тасдиқлади.

Қишлоқ йўллари
Қишлоқ йўллари

Тошработ қишлоғидаги бошқа бир маҳалла фаолига кўра, кўчаларни асфальт қилиш ва маҳаллаларга водопровод қувурларини тортиш учун бюджетдан маблағ ажратилиши режаланган, бироқ мулозимлар уларга бу ишларни ҳомийлар ҳисобига қилишни топширган.

“Ҳозир спонсор излаяпмиз. Тадбиркорларимиздан илтимос қилаяпмиз. Ҳали спонсор топганимизча йўқ. Мустақиллик байрамигача улгурмоқчимиз”, деди исмини очиқламасликни сўраган маҳалла фаоли.

​Қизилтепа туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими “Обод қишлоқ” дастури президент қарори доирасида амалга оширилаётгани, бюджетдан ажратилган маблағлар ҳам мақсадли сарфланаётгани ва аҳолини мажбурлаш ҳолатлари йўқлигини таъкидлади.

27 июнь куни ўтган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев бу борада қилинаётган ишларни танқид қилиб, жумладан, дастурни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар масаласида раҳбарлар сусткашликка йўл қўйилаётганини таъқидлади.

"Жойлардаги ҳақиқий аҳволни биз халқимиздан яширмаймиз ва борини қандай бўлса, шундай кўрсатиб борамиз. Албатта, бу кўпчиликка ёқмаяпти, кўп раҳбарлар буни ҳазм қила олмаяпти. Лекин биз бу борадаги барча ҳолатни ва бошлаган ишларимизни халқимиз билан бамаслаҳат ва жамоатчилик назорати остида амалга оширамиз", деди Мирзиёев.

Расмий маълумотга кўра, жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури учун 3 триллион 447 миллиард сўм маблағ сарфланиши режаланган бўлиб, жами жорий йилда 159 та тумандаги 386 та қишлоқда қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон президентининг шу йил 29 март кунги фармонига кўра, “Обод қишлоқ” дастури давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари, маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари, тармоқ корхоналарининг маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари, “Маҳалла” жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар ҳисобидан молияланиши таъкидланган.

XS
SM
MD
LG