Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:11

OzodBlog: Доҳийлар ва доҳийчалар ёки 33 миллион президент


Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёев ва Шуҳрат Ғаниевларнинг ҳикматли сўзлари ёзилган девор.
Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёев ва Шуҳрат Ғаниевларнинг ҳикматли сўзлари ёзилган девор.

Фарғонадан кеча келган суратни кўрдиму (сарлавҳа остига қаранг) кулгим келди, уйи бузилганнинг капаси ёнидаги эплама ўчоқда сўппайиб турган қоп-қора қумғондаги қайноқ сувдай завқим жўшди.

Каримов-Мирзиёев-Ғаниевнинг бундай ёнма-ён жойлашуви Марксизм-Ленинизм таълимотининг икки пахмоқсоқол (Маркс ва Энгельс) ва бир чўққисоқол (Ленин) оталарининг классик барельефини эсга солди.

Шу кунда бу икки сурат ёнига набира Кимнинг ҳам сурати қўшилган.
Шу кунда бу икки сурат ёнига набира Кимнинг ҳам сурати қўшилган.

Каримов-Мирзиёев-Ғаниевнинг бундай ёнма-ён жойлашуви ярамаслигини тарих исботлаган Марксизм-Ленинизмнинг мутант маҳсули - Чучхе таълимотининг оталари (Ким бобо, Ким ота ва Ким набира) суратларини ёдга солди.

Кулгим келди, кулмадим. Ўйлай бошладим: қанчалик ярамас бўлмасин, Марксизм-Ленинизмда ҳам, ҳатто Чучхеизмда ҳам мантиқий узвийлик бор.

Лекин Каримов-Мирзиёев-Ғаниевда кўрмаяпман бундай узвийликни.

“Янгисини қурмай, эскисини бузма”, дер эди Каримов.

“Бузиб тураверчи, қуриб олишар”, деяётгандай Мирзиёев.

“Яна қаерни бузайлик, Шавкат ака?” деб қўл қовуштириб тургандай Ғаниев.

Демак, масаланинг зоҳиридаёқ кўринаётган бу зиддият яхлит таълимотнинг борлигидан эмас, йўқлигидан даракдир.

Балки бу президентнинг яна бир янги қароридир? Ки доҳий битта бўлмасин, доҳийчалар ҳам бўлсин! “Ҳоким менинг одамимми, демак, у ўз вилоятида доҳийча”, деб ўйлаётгандир?

Агар шундай бўлса, тез кунда доҳийчалар мамлакат танасида сувчечакдай потраб кўпайиб кетишини кутиш мумкин.

Ҳар туманнинг марказида шу туман ҳокимининг “Одам ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган ТУМАННИ яхши кўриши керак. Э. Тошматов.”, деган ёзувни;

ҳар маҳалла гузарида шу МФЙ раисининг “Одам ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган МАҲАЛЛАНИ яхши кўриши керак. Т. Эшматов.”, деган ёзувни;

ҳар кўча бошида шу кўча оқсоқолининг “Одам ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган КЎЧАНИ яхши кўриши керак. Эшмат оқсоқол.”, деган ёзувни;

ҳар уй дарвозаси устида шу уй эгасининг “Одам ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган УЙНИ яхши кўриши керак. Тошмат қўрс.”, деган ёзувни ўқиш мумкин бўлади бу кетишда.

Бас, шундай экан, ҳаммаёққа шиор илавермай, “мамлакатда ҳамма доҳий, яъни ҳамма президент”, деб эълон қиворса бўлмайдими Украинанинг Зеленскийига ўхшаб?

Ўшанда биронта довдир ҳоким бульдозер миниб келолмай қолади бировнинг мулкини бузишга. Ахир, мулкнинг эгаси ПРЕЗИДЕНТку?! Сиз, масалан, Мирзиёевнинг мулкини бузиш учун биров бульдозер миниб келишини тасаввур қила оласизми? Мен – йўқ.

Агар, шундай қилинмаса, яъни “ҳар бир ватандош – президент!” деган шиор ўртага ташланмаса, ҳозиргина айтганимдай бўлади: доҳийчикларнинг шиорлари мамлакат танасини сувчечакдай қоплайди.

Ўшанда биронта қони қайнаган йигитча чиқадида: “Ҳўв, акалар, бўлдида энди! Йиғиштирларинг шиор-пиорларингни, қон қилдиларингку! Ундан кўра, Интернетни тезлаштирларинг, ҳар ким ўз статусини Фейсбукидами, Одноклассникидами ёзаверсин. Ўшанда кўрамиз кимнинг қанча фолловери борлигини”, дейиши тайин.

Яна бир гап: Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг доно гапи вилоятнинг қаерида ёзилганини аниқлай олмадим. Ҳар ҳолда Тошлоқда бўлмаса керак. Тошлоқликларни ҳароми деб ҳақорат қилганидан бери бу туманда Ғаниевнинг фолловери борлигига гумоним бор.

XS
SM
MD
LG