Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:55

“Отлиққа йўқ қўй гўшти”. Қўйлар Ўзбекистонга сотилаётгани сабаб Қозоғистонда гўшт қимматлади


 Қозоғистонда қўй гўшти йил ичида қарийб икки бараварга ошди.
Қозоғистонда қўй гўшти йил ичида қарийб икки бараварга ошди.

Қозоғистонда қўй ва қўй гўшти нархи кескин кўтарилгани кузатилмоқда. Қўзи баҳоси бир йил ичида қарийб икки бараварга ошди. Сотувчилар буни қўй-қўзи камайиб кетгани ва ем-хашак қимматлашгани билан изоҳлашади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қайд этишича, гўшт комбинатлари хомашё билан атиги 55 фоизга таъминланган.

Олмаота вилояти, Или тумани, Жетиген қишлоғидаги якшанбалик мол бозори одатдагидек гавжум. Кўпчилик асосан қўзи ва тўқли олиб-сотмоқда, йирикроқ қўйларга талабгор кам.

Капшагайлик 60 яшар чамали эркак “Газель” машинаси бортини тўлдириб келтирган майда молларига харидор чақиради. Ҳар бош қўзига у 55 минг танга сўрамоқда.

– Баҳорги қўзи 22-55 кило тош босади, – жавоб беради у харидорларнинг саволларига.

Хомчўт қиладиган бўлсак, шунда бир килограмм қўзи гўшти 2500 тангага тушади.

– Бозорда 22 кило гўштни 60 минг тангага оласиз. Бу қўзиларнинг калла-почаси сизга фойдага қолади, – дейди у ўз молини мақтаб.

Харидорлар ўтган йили худди шу бозорда 22-25 минг тангага қўзи олиш мумкин бўлганини айтишади. Бу дегани, тирик мол баҳоси бир йил ичида каррасига ўсган.

Ўтган ҳафта битта қўзи 45 минг турарди. Шу ҳам қиммат туюлиб сотиб олмагандим. Бу ҳафта келсам, нарх 10 минг тангага кўтарилибди, – дейди бозор оралаб мол танлаётган бир йигит.

Капшагайлик сотувчи пировардида тан олдики, бир неча соат бозорда туриб битта ҳам мол сота олмапти: одамларга қимматлик қиляпти, у эса арзон бера олмайди, акс ҳолда, “чорва харажатини қопламайди”.

Айни чоғда, бир ойлик қўзичоқларнинг бозори чаққон. Уларни бир бошини 20 минг тангадан пуллашмоқда. Бунақа қўзиларни уйда боқиб, семиртириш учун олишади.

Яйловлар қисқариб кетди – қурғоқчилик...

Шеризат исмли аёл ҳар якшанба бозорга келишини, аммо аксари ҳолларда битта ҳам мол сота олмай қуруқ қайтишини айтиб, нолийди.

Унга кўра, қўй боқишдан ҳозир даромад қилиб бўлмай қолган, шу боис фермерлар қўй-эчки эмас, йирик шохли қорамол боқишни афзал кўрмоқда.

– Йирик шохли қорамолни яйловга чиқариб юборсанг, ўзи ўтлаб юраверади. Қўйларнинг орқасидан эса куну тун юриш керак. Ҳозирда чўпон топиш ҳам қийин бўлиб кетди, – дейди у.

Қозоғистонда қўйнинг туёғи қисқармоқда. Сабаблардан бири – қишлоқларда яйлов майдонлари анча қисқарган. Натижада одамлар чорвасини сотиб қутулиш ҳаракатига тушган, бу жараён 3-4 йил бурун бошланганди. Қўйларни асосан Ўзбекистонга жўнатишади.

– Майда молни сақлаш ростдан ҳам оғир бўлди. Уларнинг туёғини камайтиришга мажбурмиз, – дейди Талгар туманидаги Қаратоған қишлоғидан келган Оналбек.

У илгари 300 бошга яқин қўй-эчкиси бўлганини, уларнинг ташвиши кўпайиб, фойдаси камайиб кетгач, отарнинг катта қисмини сигирларга алмаштирганини сўзлаб беради.

– Қўйнинг туёғи камайгани сайин гўштнинг нархи ошди, – дейди у.

Бу йили минтақада ёмғир кам ёғди, қурғоқчилик ҳар томондан сиқиб келмоқда. Натижада ем-хашак қимматлаб, мол боқиш харажатлари ошди. Шеризатнинг айтишича, 100 бош қўйнинг хашагининг ўзига бир ойда 300 минг танга кетади. Фермерлар учун бу катта чиқим.

– Бу йил янчилган беданинг бир тойини 1000-1200 тангага сотишяпти. 100 бош қўйга кунига 10 той керак бўлади, яъни ўн кун давомида 100 минг тангалик хашак едирамиз, – ҳисоб-китоб қилади Шеризат.

У фермерларни бундан баттар кунлар кутаётганини башорат қилади. Айтишича, совуқ тушгач, ем-хашак танқислашиб, нархлар осмонга сапчийди, чорвадорлар эса боқишга қурби етмай қолиб, ноилож, молларини кўтарган баҳосига сотишга мажбур бўладилар...

“Бозорда гўшт йўқ”

“Яшил бозор” номи билан машҳур Олмаота марказий бозорида қўй гўштининг килоси 2700-3000 танга, от гўшти 3600 танга, мол гўшти эса 2200 танга туради. Ўтган йили мол ва қўй гўштлари нархида катта тафовут йўқ эди, 2020 йилнинг июлида бир кило қўй гўштининг баҳоси 2000-2100 танга эди.

20 йилдан бери бозорда гўшт сотаётган Жумагул қўй гўшти ўтган йили коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг қимматлаганини айтади. Сабаби – қўй кам сўйилмоқда, шунга бозорда ҳам қўй гўшти камайиб кетган, айрим кунлари умуман бўлмас экан. “Озодлик” мухбири бозорни айланиб, қўй гўшти расталари деярли бўшаб ётганига гувоҳ бўлди.

Олмаотанинг бошқа туманларида ҳам шу аҳвол. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган “Турксиб” бозорида қўй гўшти килосига 2500-2700 танга, мол гўшти – 2300 танга ва мол гўшти 3400 танга баҳода таклиф қилинмоқда.

“Озодлик” мухбирининг “Нега қўй гўшти бунча қиммат?” деган саволига сотувчилар “сўнгги уч йилда чорванинг катта қисми Ўзбекистонга жўнатиляпти”, деб жавоб беришади.

Қозоғистон қўйларининг харидорлари – БАА, Ўзбекистон ва Россия

2019 йил 10 октябрда “Ауил” партияси раиси, сенатор Али Бектаев йил давомида хорижга йирик шохли қорамол сотиш икки, майда мол сотиш эса етти бараварга ошганини маълум қилганди. Бектаевнинг сўзларига кўра, чорванинг 80 фоизини Ўзбекистон харид қилган. “Улар нафақат чегарага яқин Туркистон ва Қизил Ўрда вилоятларидан, балки Шарқий Қозоғистон, Акмола, Қарағанда, Олмаота ва Жамбил вилоятларидан ҳам сара молларни олиб кетишмоқда”, деган сенатор.

Мазкур фактлар эълон қилингач, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2020 йил январдан эътиборан тирик қорамолни четга сотишга муваққат мораторий жорий қилди. Ушбу чора “гўшт етиштириш тармоғини ривожлантириш ва гўшт нархи ўсишининг олдини олиш дастурини амалга ошириш мақсадида” қабул қилинган эди.

Натижада 2020 йилда қўй гўшти экспорти 2019 йилга қиёсан икки бараварга камайди. 2019 йилда Қозоғистондан 12,5 млн долларлик қўй гўшти олиб чиқиб кетилган бўлса, 2020 йилда бу рақам атиги 5,6 млн долларга тенг бўлди.

ҚР Ташқи савдо таҳлилий портали маълумотига кўра, Қозоғистонда етиштирилган қўй гўштининг асосий харидорлари Бирлашган Араб Амирликлари, Ўзбекистон ва Россиядир. Умумий экспорт ҳажмининг 97 фоизи шу уч давлат ҳиссасига тўғри келади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, Қозоғистонда 2020 йилда 16,9 млн бош қўй боқилган. Таққослаш учун, 2018 йилда улар 18,7 млн бош эди.

“Экспортга рухсат берилса, нархлар осмонга ўрлайди”

“Шопан ота” қўйбоқарлар уюшмаси раиси Алмасбек Садирбоевга кўра, экспортга мораторийни беш йилга узайтириш лозим, акс ҳолда, гўшт саноати касодга учраб, нарх-наво осмонга сапчийди.

“Астана агропродукт” ширкати муассиси Серик Раҳимбоев ҳам бу фикрни тасдиқлайди. У “Eldala.kz” сайтига берган интервьюсида 2020 йил декабрь ойида 2021 йилнинг январида минглаб бош чорва хорижга сотиб юборилганини, гўшт комбинатлари эса тўхтаб ётганини айтганди.

Гўшт комбинатлари тўла қувватларда ишламаётганини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам тан олади. Ҳатто экспорт тақиқланганидан кейин ҳам аҳвол деярли ўзгармаган. Ҳозирда гўшт комбинатлари хомашё билан атиги 55 фоизга таъминланган.

– Тирик қорамолни Қозоғистондан ёппасига олиб чиқиб кетиш бошланса, нарх ошади. Агар Хитой сотиб олишни бошласа, нарх осмону фалакка етади деяверинг. Апрель-май ойларида аён бўлди бу, – дейди Садирбоев.

У мамлакат жанубида қўйларни Ўзбекистонга сотиш қайтадан бошлангани қимматчиликнинг биринчи сабаби эканини айтади. Иккинчи сабаб – Қозоғистондаги умумий инфляция.

– Ҳозир Қозоғистонда пул қадрсизланиб, ҳамма нарса қимматлашяпти. Бензин нархи ҳам сўнгги пайтларда ошди. Бу ҳам гўшт нархига таъсир этади, албатта, – дейди эксперт.

2021 йил мартда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги йирик ва майда шохли урғочи молларнинг четга сотилишини олти ойга тақиқлади, айни чоғда, эркак молларни белгиланган квота доирасида сотишга рухсат берди. Бироқ вазирлик квота шартларини очиқлашни хоҳламаяпти.

XS
SM
MD
LG