Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:17

Хоразм вилоят ҳокими барча ташкилотларни 3 кунга пахта теримига сафарбар қилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрмановнинг топшириғи билан вилоятда 18 сентябрдан бошлаб 3 кунлик зарбдор терим кампанияси бошланди. Топшириққа биноан вилоятдаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари пахта теримига сафарбар қилинди. Сафарбар қилинган ва қилинадиганлар орасида тиббиëт ва халқ таълими ходимлари ҳам бор.

Пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилингани тўғрисидаги бу хабарни вилоят ҳокимлигининг Озодлик телефон қилиб боғланган ходими тасдиқлади.

Вилоятнинг Шовот тумани эса, ҳоким Ҳакимбой Отахоновнинг буйруғи билан "қамал ҳолатига" келтирилди.

Озодлик суҳбатлашган шовотлик такси ҳайдовчисининг айтишича¸ туман ҳудудидаги барча ишчи-хизматчилар тизимли равишда теримга жалб қилинган.

Айни пайтда республика прокуратураси терговчилари Хоразм вилоятида пахта терими жараëнидаги қўшиб ëзишлар билан боғлиқ вазиятни текширмоқда.

Вилоят миқëсида фавқулодда ҳолат

Хоразм вилоят ИИБ тизимида хизмат қилувчи гурланлик сафдорнинг Озодлик мухбирига билдиришича¸ вилоятда пахта терими харбий сафарбарликни эслатади:

- Участка инспекторлари ва сафдорларни пахтага ташлашди. Лавозими катталар эса, бошқаларни пахтага чиқаришда қатнашмоқда. Норма қўйилган. Албатта, мен бу нормани бажара олмайман. Ўрнимга пахта терадиган одам ëлладим. Тўрткўлдан келган гунликчи (мардикор) хотин пул эвазига мен учун теради. Лекин мен ҳам отизда (далада) юришим керак. Биров сўраса, пахтага чиққанлар осойишталигини таъминлаб турибман деб айтаман. Ўзимизникилар ëки вакил келса ўзимни пахта тергандай қилиб кўрсатаман.

“Қирғин” гуруҳлари

Шовот тумани Бешмерган қишлоғидаги қурилиш ширкати директори Мадримбой Нуриллаевнинг айтишича¸ у бу йил ўз ширкати ходимлари ўрнига махсус группа ëллаб пахтага чиқарган:

- Олдингидай пахтага бориб, 8 кило териб, тердингми-тердим энди йўқ. Биздан аниқ кило талаб қилишади. Ҳозир Шовот туманида пахтани проффесионал усул билан космик тезликда терадиган аëллардан иборат зарбдор группалар бор. “Қирғин” группаси дейишади уларни. Қиммат юради. Шуларни ëллаб ўрнимга юбордим. Лекин ҳокимликдан ўзингиз ҳам далада этак боғлаб юринг деган топшириқ бўлди.

Шовот тумани қамал ҳолатига келтирилди

17 октябрда Хоразм вилоят, Шовот туман ҳокимлигида пахта терими бўйича бўлиб ўтган йиғилишда туман ҳокими Хакимбой Отаханов оммавий пахта теримига жалб қилиш бўйича 10 кунлик карантин эълон қилди. Бу йиғилишда қатнашган ва ўзини Шоназар Рўзметов деб таништирган фермернинг айтишича¸ “карантин -бу ўн кунлик қамал” ҳолатидир:

-Туманга кириш-чиқиш тўхтатилади. МФЙлар¸ идора ва ташкиотлар эшигига қулф урилади. Ҳамма пахта даласида бўлиши керак. Тумандаги барча ташкилотлар ёпилиб 10 кун мобайнида 100% ходимлар пахтага чикарилади. Мана сизга мажбурий меҳнат.

Хоразм вилоят, Боғот туманидаги 43 та маҳаллага пахтага одам юбориш бўйича мажбурият юклангани ҳақидаги ҳокимлик имзолаган ҳужжат Озодликда мавжуд.

Пахтага чиқишга мажбурлашга оид ҳужжат
Пахтага чиқишга мажбурлашга оид ҳужжат

Планни бажариш учун пахта қўшиб ëзаëтганлар ушланди

“Хоразмпахтасаноат” МЧЖ вакилининг Озодликка билдиришича¸ пахта режасини тезроқ бажариш учун қўшиб ëзиш¸ прицепдаги пахта ичига юк ва одам яшириш каби ҳолатлар кузатилган. Мулозимга кўра¸ вилоятга бу ишларни тафтиш қилиш учун республика Бош прокуратурасидан терговчи келган.

Суҳбатдошга кўра¸ Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Қўшкўпир пахта тозалаш» заводида 2.490 кг пахтани қўшиб ëзмоқчи бўлган икки раҳбар ходим қўлга олинган. Бу тезкор амалиëт ҳақида Бош прокуратура расмий сайтида ҳам маълумот берилган.

“Хоразмпахтасаноат” вакилининг Озодликка айтишича, вилоят камида 250 минг тонна пахта топшириши керак. Режага кўра 400 тонна пахта терим машинасида терилиши лозим. Аммо 18 октябрь холатида бу режа бажарилмади. Вилоятдаги пахта сафарбарлиги шу билан боғлиқ дейди мулозим.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи бошчилигида юборилган ишчи гуруҳ жорий ой бошида Хоразм вилояти хусусан Боғот туманида пахтани мажбурий тердириш ҳолатини аниқлаган эди.

Меҳнат вазирлиги ахборотида таъкидланишича¸ Боғот туман ҳокими О.Холбоев, Боғот тумани молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ҳамда Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 2 230 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача, жами 15 610 000 сўм миқдорда жарима тайинланган.

Ўзбекистон президенти Мирзиёев 2017 йили пахта топшириш бўйича давлат режасини бажарган Хоразм вилоятига сафар давомида мажбурий меҳнат ҳолатларини танқид остига олган эди.

XS
SM
MD
LG