Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:34

Фориш туманида пахта теримига давлат ёллаган 700 аёлга ҳалигача иш ҳақи берилмади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Сайёд маҳалласида яшовчи 45 га яқин аёл Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан иш ҳақини ололмаяпти.

Аёлларнинг Озодликка айтишича, уларни 2019 йилнинг 28 сентябрида вазирликнинг Фориш туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказ​и икки ойга пахта теримига ёллаган. Шартномага асосан уларнинг ҳар бирига ойига 704 минг сўмдан ҳақ тўланиши лозим бўлган.

Фориш тумани расмийларидан бири аёлларга ҳақиқатан ҳам меҳнат ҳақи берилиши кечиктирилаётганини тан олган ҳолда, бундай вазият биржада (аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказ​и) пул йўқлиги сабабли юзага келганини айтмоқдалар. Расмийнинг айтишича, бугунги кунда фақат Сайёд маҳалласидаги аёллар эмас, бошқа аёллар ҳам ноябрь ойи учун ҳақ ололмаяпти.

Фориш туманида пахта теримига давлат ёллаган 700 аёлга ҳалигача иш ҳақи берилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00

- Маҳалламиздан 45 га яқин аёлни пахтага олиб кетишаётганида: “Икки ой туриб берасизлар. Ҳар ойи учун 700 минг сўмдан меҳнат ҳақи тўлаймиз”, дейишган эди. Бироқ мана орадан ойлар ўтди, ҳалигача пулимизни беришмади. Маҳалла қўмитасига, банкка, биржага мурожаат қилдик. Аммо ҳаммаси ўзларини биздан қочишаяпти, - деди Фориш туманидаги Сайёд маҳалласида яшовчи Тоғайгул Жўраева.

Озодликка келган мактубга жами 8 аёл имзо чеккан. Хатни имзолаганлардан бирининг айтишича, 45 аёлдан 30 нафарига шу кунгача фақат октябрь ойи учун ойлик берилган.

Ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган Фориш туман расмийларидан бири, Сайёд маҳалласидан пахта теримида қатнашган аёлларнинг кўпчилигига октябрь ойи учун ҳақ берилгани, лекин ноябрь ойи учун ҳақ тўланмаганини тасдиқлади.

“Фориш туманида 700 аёл билан пахта терими учун шартнома қилинган. Бугунги кунда фақат Сайёд маҳалласидаги аёллар эмас, бошқа аёллар ҳам ноябрь ойи учун ҳақ ололмаяпти. Ҳар бирига 704 мингдан пул тўланиши керак. Пулни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман бўлими тўлаши керак. Бўлимга эса пул вазирликдан берилади. Ҳозир мутлақо пул йўқ, Тошкент пул бермаяпти. Қачон Тошкентдан пул келса, ўшанда иш ҳақи берилади”, деди расмий.

Ўзбекистонда нафақат пахта теримчилари, балки пахта етиштирган фермерлар ҳам 2019 йил ҳосили учун ҳалигача ҳақ ололмаётгани тўғрисида кўплаб маълумотлар бор.

Бундан аввалроқ Самарқанднинг Оқдарё туманидаги ягона кластер корхонасига пахта сотган 126 та фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлаётгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Оқдарё туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари кластернинг фермерлардан қарзи 7 миллиард сўм атрофида эканини айтганди.

Пахтани фермерлардан шартнома асосида сотиб олган "Корея Самарқанд" МЧЖ кластер корхонаси раҳбари муовини ип-калавага харидор йўқлигидан пул кечикаётганини айтиб, фермерларнинг ҳосил пули бир ҳафта ичида тўланишини ваъда қилган.​

Озодлик Ўзбекистоннинг баъзи бошқа вилоятларда ҳам кластерга пахта ва ғалла сотган фермерлар икки йиллик ҳосил пулини шу пайтгача ололмай сарсон бўлаётгани ҳақида бундан олдин ҳам хабар қилган.

Жумладан Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG