Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

Пиёз эккан деновлик деҳқонларнинг барибир “уйи куядиган” бўлди


“Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва Денов туман ҳокимлиги ваъдасига қарамай, деновлик деҳқонлар пиёзи ҳамон далада қолмоқда.

Икки ҳафта аввал бир кило пиёзни 1200 сўмдан сотиб олишини эълон қилган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” вакиллари ҳали Деновга етиб бормади.

Пиёз килосини 700 сўмдан харид қилишини айтган туман ҳокимлиги эса, нархни 400 сўмга туширди.

“Пиёзи билан ҳайдалган далалар”

“Деновлик деҳқонларнинг гектарлаб пиёзи йиғиштирилмасдан устидан ҳайдаб юборилаяпти”, дея 29 май куни Озодликка йўлланган хабарни ўрганиш жараёнида пиёз эккан деновликларнинг муаммолари сўнгги икки ҳафтада ҳам ҳал бўлмагани маълум бўлди.

- “Ўзбекозиқовқатхолдинг” деган ташкилот 1200 сўмдан оламан дейишди. Бу ёқда туман ҳкоимлиги 700 сўмдан оламан дейишди. Лекин амалда бир нарса бўлмади. Одамлар меҳнатига куйди. Клент йўқ. Бир қисми уйига олиб келиб қўйган, томорқаларида етиштирганлар йиғиштириб олишган. Бир қисминики ерда турибди, қазиб олгани ҳам йўқ. Чунки қазиб олиш ортиқча ҳаражат. Фермерларнинг ерига экилган пиёзлар қолди. Бир қисми ҳайдалиб кетди деб эшитдим. Гектарлаб, гектарлаб пиёз устидан трактор билан ҳайдаб юборишган, деди пиёз эккан деҳқонлар аҳволини мустақил равишда ўрганётган деновлик блогер Шокир Шарипов.

Озодлик пиёзи ҳайдалган деҳқонлар билан боғланиш имконига эга бўлмади. Бироқ йиғиштирилмаган пиёз далалари ҳайдаб ташланганини эшитгани ҳақида бир неча деновлик Озодликка гапирди.

Бу хабарни Денов туман ҳокимлиги ҳам на инкор қилди ва на тасдиқлади.

Туман ҳокимлиги вакилидан “Биз деҳқонлар муаммоларини ўрганяпмиз, улар вазиятидан хабардормиз”, деган жавобни олдик.

“Пиёзни 700дан эмас, 400 сўмдан оламиз”

Ҳокимлик вакилига кўра, 28 май куни туман ҳокимлигида ўтган йиғилишда айнан пиёз эккан деҳқонлар муаммоси муҳокама қилинган.

“Кечаги йиғилишда ҳаммаси гаплашилди. Бугун “сельхозхимия”га вагон қўйилди. Пиёз сотиб олиш бошланади. Бир килосини 400 сўмдан сотиб олинади” деди ҳокимлик вакили.

7 май куни бир кило пиёзни 700 сўмдан сотиб олишга қарор қилган Денов туман ҳокимлиги нимага шу пайтгача буни амалга оширмади ва ой охирига келиб, нима сабабдан нархни 300 сўмга арзонлаштирганини ҳокимлик вакили очиқламади.

Деновлик деҳқонларга кўра, туман ҳокимлиги 400 сўмдан нарх белгилаган пиёз сараланган кўринишда бўлиш шартини қўйган:

“Бир хил ўлчамда саралаш шарт экан. Пиёзни саралаш ҳам меҳнатку. Кейин сараланмай қолган пиёзни нима қиламиз. Ҳокимликнинг бу таклифи деҳқонлар учун мутлақо бефойда”, дейди деновлик деҳқонлардан бири.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” ҳали Деновга етиб бормади

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси 15 май куни Сурхондарёдаги деҳқон ва фермер ҳўжаликларидан 1 кило пиёзни 1200 сўмдан харид қилишини эълон қилганди.

Деновлик деҳқонларга кўра, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”дан бирор марта ҳам улар пиёзига харидор келмаган.

29 май куни Озодлик боғланган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” расмийси буни тасдиқлади. Унга кўра, компания вакиллари ҳали Деновга етиб бормаган:

“Ҳозирда вакилларимиз Сурхондарёда юришибди. Айтилганидек, бир кило пиёзни 1200 сўмдан харид қилаяпмиз. Бизнинг туман ҳокимликлари белгилаган нархларга алоқамиз йўқ. Бугунги кунда учта туман: Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Олтинсой туманларида вакилларимиз юрибди. Лекин ҳали Деновга боришмади. Навбати билан борилади”, деди компания расмийси.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” қачон Денов туманига бориши ҳозирча номаълум.

Деновлик деҳқонларнинг картошкалари ҳам харидорсиз қолаяпти. Бироқ Денов туман ҳокимлиги ҳам, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ҳам деҳқонларнинг картошкасига харидор бўлиш режаси йўқлигини айтишди.

Деҳқонлар далада картошка ва пиëзини ташлаб кетмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00

XS
SM
MD
LG