Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2018, Тошкент вақти: 08:13

Хориждан почта орқали божсиз кираётган жўнатмалар қиймати $1000 дан $300 га туширилиши мумкин


Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида 22 май куни яна бир ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ўзбек тили давлат тили бўлгани ҳолда¸ “О мерах по обеспечению контроля и учета товаров, поступающих на территорию Республики Узбекистан в адрес физических лиц в международных почтовых и курьерских отправлениях” деб номланган ҳужжат фақат бир тил – рус тилида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.

Муаллифи Давлат Божхона қўмитаси бўлган бу ҳужжат 6 июнгача муҳокама қилинади¸ унинг президент қарори сифатида жорий йил 1 июлидан кучга кириши режаланган.

Амалдаги нормага кўра¸ ҳар бир ўзбекистонлик ойда бир марта хориждан қиймати 1000 АҚШ доллари¸ оғирлиги 30 килограммдан ошмайдиган почта ва курьерлик жўнатмаларини бож ва солиқ тўламай олиши мумкин.

Божхона қўмитаси таклиф қилган қарор лойиҳасида бу қиймат уч баравардан ҳам кўпроққа¸ жўнатма оғирлиги эса 20 килога камаймоқда – 300 доллардан ошган жўнатма учун товар қийматининг 30 фоизи миқдорида ягона бож ва 20 килограмдан ошган ҳар бир кило учун 5 долларлик устама нарх белгилаш кўзда тутилган.

Истеъмолчи ҳаққининг бузилиши!

Бу ҳужжат лойиҳасига 25 майга қадар билдирилган фикрларнинг барчаси салбий ва иқтисодчи ҳамда оддий ўзбекистонликлар бу лойиҳани истеъмолчи ҳақ-ҳуқуқини бузиш уриниши сифатида баҳолаган.

“Бу нима алаҳсираш? Биз Божхона қўмитасига бир кварталга 1000 долларнинг жуда озлигини тушунтирмоқчи бўлсак¸ булар чекловни баттар кучайтираяпти. Мен бунга норозилик биллдираман! Бу лойиҳа муаллифлари президентимизнинг бозор ва Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича бошлаган ҳаракатларини бўғиб ташламоқчи! Бу ҳужжат лойиҳаси – танлов эркинлигига дахлдир! Лойиҳанинг янги версиясида бу лимитни тўрт бараварга кўтаришни талаб қиламан! Бу лойиҳа серий импортëрлар (бож ва солиқ тўламаëтган импортчилар)ни енгишга хизмат қилмайди¸ фақат оддий одамлар ҳаëтини ëмонлаштиради”¸ деб эътироз билдирган муҳокамага қўшилганлардан бири.

“Яна чеклов! Яна тўлов ва ўлпонлар... Одамларга хоҳлаган нарсасини хоҳлаган жойидан бемалол сотиб олиш ҳаққини беринглар. Нормал ноутбукнинг нархи 300 доллардан ошса¸ мен уни қандай қилиб буюришимни тушунтириб беринг... Президент электрон тижоратни ривожлантиришни таклиф қилса¸ сиз уни¸ яна тушунмадингиз. Қаëққа қарасанг¸ истеъмолчи ҳақларининг ëппасига бузилиши!” деб ëзди яна бир ўзбекистонлик.

“Ушбу қарорнинг умумий мақсади нима? Жисмоний шахслар учун қийинчиликлар келтириб чиқариш ва улар устидан қўшимча даромад олишми?” деб савол қўйган учинчи шарҳловчи.

Муаллифлар жавоби

Давлат Божхона қўмитаси расмийлари билан қилинган савол-жавоблардан Озодликка маълум бўлишича¸ муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳасини қўмитанинг янги ташкил этилган Инновация бошқармаси тайëрлаган.

Қўмитанинг ўзини таништирмаган расмийси¸ бу лойиҳанинг ортидаги мантиқни изоҳлашга уринди.

“Ҳозир халқаро жўнатмалар орқали Ўзбекистонга божсиз кираëтган товарларнинг нари борса 5 фоизигина одамларнинг шахсий фойдаланиши учун. Қолган 95 фоизидан олиб-сотарлар фойдаланмоқда. Улар хориждан бож тўламай мол олиб кириб¸ уни икки бараварига сотмоқда¸ бундан солиқ ҳам тўламаяпти. Оқибатда¸ давлатга на бож¸ на солиқ тушаяпти. Ана шунинг олдини олиш учун қилинди бу таклиф. Иккинчи сабаб¸ ички ишлаб чиқаришни ҳимоялаш. Четдан божсиз арзон мол кираверса¸ ўзимизники унинг олдида қиммат бўлади¸ бозори ўлади. Учинчиси¸ бож ва солиқ тўлаëтган импортëрлар бунақада рақобатга дош беролмай¸ банкрот бўлаяпти”¸ деди Озодлик гаплашган қўмита расмийси.

Мазкур бошқарма раҳбари Озодлик мухбири билан қисқа суҳбатда¸ унинг фақат лойиҳа экани¸ жамоатчилик ва мутахассислар эътирози асосли деб топилса¸ таклиф этилган чекловлар президент девони томонидан қабул қилинмаслигини айтиш билан чекланди.

Ўзбекистонлик айрим тадбиркорлар¸ халқаро почта жўнатмалари орқали Ўзбекистонга божсиз кираëтган товарлар қиймат ва оғирлигини чеклашдан манфаатдор кучли гуруҳлар борлигини таъкидламоқда.

Тошкентлик тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилди¸ деб тақдим этилаëтган аксар электротехника моллари Артел ширкатига оид ва бу ширкат эгаси яқинда Тошкент шаҳрига ҳоким этиб тайинланган Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.

“Ашхобод паркини гўë ўз ҳисобидан қуриб берган Ортиқхўжаевга карт бланш берилган ва ҳозир унинг “бозори”ни ҳимоя қилишга қаратилган ҳужжатлар тайëрланаяпти¸” деб иддао қилди шахси очиқланмаслигини сўраган тошкентлик тадбиркор.

Озодлик ихтиëрида Божхона қўмитаси тақдим этган ҳужжат лойиҳаси ортида Тошкент янги ҳокимига алоқадор бизнес гуруҳлари лоббиси турганини тасдиқловчи далил ҳозирча йўқ.

2009 йил июнь ойида қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра¸ ўзбекистонлик жисмоний шахслар чегарадош давлатлардан ўзлари билан божсиз олиб кириши мумкин товарлар қиймати 10 доллар қилиб белгиланган эди.

Жорий йил февралида бу қиймат 300 долларга қилиб белгиланди. Ҳозирча муҳокама қўйилган қарор лойиҳасининг бу қийматга таъсир қилиш-қилмаслиги мавҳум.

Иқтисодчи шарҳи

Таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов¸ Ўзбекистонга нафақат халқаро почта жўнатмалари¸ балки чегарадош давлатлардан олиб ўтилаëтган 300 долларгача қийматдаги товарларга бож солинмаслиги солиқ ва бож тизимлари учун муаммо туғдирган бўлишини эътироф этади.

- Апрель ойида чегарадош давлатлардан божсиз олиб кириш мумкин товарлар қиймати ҳам (Каримов даврида бу лимит 10 доллар эди – таҳр.) кўтарилди ва ҳозир чегаралар¸ айниқса¸ Қозоғистодан кираëтган юклар оқимини кўрсангиз¸ ҳайратга тушасиз. Тадбиркорлар одамларга 50 минг сўм бериб¸ Қозоғистондан бож ва солиқ тўламай¸ холодильник¸ телевизор ва мобил телефон киритаяпти. Бу серий импортëрлар бож ва солиқ тўаëтган “оқ импортëрлар”ни синдираяпти. Божхона қўмитаси ана шу канални ëпмоқчи бўлаяпти. Уларнинг мантиғи шу. Лекин бунақа чеклов билан муаммони ҳал этилмайди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Юлий Юсупов.

Таҳлилчига кўра¸ бундай лойиҳадан мақсад - Ўзбекистондаги ички ишлаб чиқаришни ҳимоя қилиш¸ деган иддао жиддий танқидга дош бера олмайди.

- Ички ишлаб чиқариш ривожига йўл бермаëтган асосий сабаб¸ солиқларнинг баландлиги ва импорт учун божнинг ўта қимматлигидир. (Ички ишлаб чиқаришга зарур компонентлар хориждан киради – демак божнинг қимматлиги улар таннархида ҳам акс этади – таҳр.) Солиқ ва бож ислоҳотларига оид ҳужжат икки ойдан бери қабул қилинмай келаëтир. Ҳозирда эски протекционизм ва бозорни либераллаштириш тарафдорлари бу ислоҳотлар тақдирини белгилаш учун сўнгги кураш босқичига кирган. Кучлар нисбати 50 ка 50. Агар либерал-ислоҳотчилар қўли баланд келса ва солиқ ва бож камайтирилса¸ бу каби қарор лойиҳалари умри узоққа чўзилмаслиги мумкин¸ деди Юлий Юсупов.

XS
SM
MD
LG