Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 03:57

Президентнинг гапига ишониб Туркиядан қайтдик, лекин эримни 6 йилга қамашди"


Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман, Дўстлик маҳалласидан OzodMikrofonга қўнғироқ қилган Шоҳида Худойбердиеванинг арз қилишича, унинг эри Даврон Раббимов президентнинг "ҳеч кимни қамамаймиз" деган гапларига ишониб, Туркиядан Ўзбекистонга қайтганидан сўнг олти ярим йилга озодликдан маҳрум этилган:

"Эрим чақирганидан сўнг, Россиянинг Сахалин ўлкасига 2009 йилда борган эдим. Эрим қурилишда ишларди, ўша ерда андижонлик Отабек деган бир йигит видеода унга Афғонистонда бўлган воқеаларни кўрсатиб турар экан. Эрим бунақа видеоларни кўриш тақиқланганини ҳам билмаган. Кейин у йигит Ўзбекистонга кетган экан, қидирувда экан, қамалди ва терговда мени эримни ҳам ёзиб берибди. 2010 йилда мелисалар Ўзбекистондаги уйимизга келиб тинтув ўтказибди, ҳеч нарса тополмаган, лекин эримни ҳам қидирувга берган. Эрим агар борса ўша замонда 15-20 йилга бекордан бекор қамалиб кетиши аниқ эди. У ҳеч нарса қилмаган, бирор жиноятга қўл урмаган, шунчаки оддий намозхон бўлган.

Кейин барибир бизни бу ердан топишади деб, аввал Воронеж шаҳрига бордик. Ноқонуний яшаб юрдик, кейин Туркия бизга ўхшаганларни Ўзбекистонга топширмайди деган гапни эшитганимиздан сўнг, Туркияга кетдик. Ўша ерда тинчгина ишлаб, яшаб юрдик. Кейин замон ўзгарди, Мирзиёев президент бўлди. Президент кўп чиқишларида хорижда юрганлар Ўзбекистонга қайтинглар, ҳеч кимни қамамаймиз, деганидан сўнг юртга қайтдик. Самарқанд вилояти ҳокими ҳам, кимнинг қўли қонга ботмаган бўлса, мен кафил, деб айтган эди.

Шоҳида Худойбердиева мактуби
Шоҳида Худойбердиева мактуби

Аммо Тошкент аэропортига тушганимиз билан эримнинг қўлига кишан солиб олиб кетишди. Ўзларича тергов қилишиб, бир қанча айбловларни бўйнига "қўйдириб", олти йилга қамаб юборишди.

Менга алам қилгани, эрим ҳеч қандай жиноят қилмагани, бирорта ташкилотга аъзо бўлмагани, оддий намозхон бўлгани учун қамалгани бўлди. Менга энг алам қилгани, президент ваъдасига ишониб қайтиб келган эримни қаматиб юборишгани. Олий судгача мурожаат қилдим, лекин ҳеч ким эримнинг ишини қайта кўриб чиқай демайди".

-------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG