Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:44

Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов коронавирусдан вафот этди


Рустам Қосимов Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан ҳукуматга қайтарилган биринчи мулозимлардан эди.
Рустам Қосимов Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан ҳукуматга қайтарилган биринчи мулозимлардан эди.

7 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Халқаро Ислом Академияси ректори Рустам Қосимов 65 ёшида коронавирус хасталиги туфайли оламдан ўтди.

Марҳумнинг яқинларига кўра, Рустам Қосимов сўнгги бир ҳафта давомида Зангиотадаги коронавирус марказининг жонлантириш бўлимида комада қолаётганди. Унинг ўлимига ўпка яллиғланиши ва сатурация даражаси тушиб кетиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Рустам Қосимовнинг номи кенг жамоатчиликка 1998 йилда қабул қилинган Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ижроси, Тошкент давлат шарқшунослик университетида қатор талабаларнинг ўқишдан ҳайдалиши билан боғлиқ хабарларда тилга олинганди. Бу пайтда Қосимов айни университетда проректор лавозимини эгаллаган.


У 2001 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида раҳбар, қатор олий таълим муассасаларида ректор вазифаларида фаолият олиб борди.

2009-2011 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида ишлаган.

2011 йилда лавозимидан олиниб, нафақага чиқарилган Рустам Қосимов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан ҳукуматга қайтарилган биринчи мулозимлардан бўлди. У жорий бош вазир Абдулла Арипов билан бир вақтда ҳукуматга қайтарилди ва 2016 йил сентябрида яна бош вазир ўринбосари, олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимини эгаллади.

2017 йил июнида Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари – Ташкилий-кадр хизмати раҳбари – Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимига тайинланди. 2017 йил ноябридан Ўзбекистон президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимини эгаллади.

Қосимов президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаган 2018 йилда қатор олий ўқув юртларида талабаларнинг рўмолда ўқишга келишини тақиқлаш билан боғлиқ қатор можаролар юз берди. Ўша йил 15 августда Вазирлар Маҳкамасининг зиддиятли 666-сонли қарори қабул қилинди.

Қосимов 2019 йилнинг 21 ноябридан буён Президент Давлат маслаҳатчилиги билан бирга Халқаро Ислом Академияси ректори лавозимини эгаллаб келаётганди.

Ўтган ой Рустам Қосимов Давлат маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Аммо Ўзбекистон Республикаси президенти администрациясининг интернетдаги веб сайтида Қосимов ҳозирга қадар Давлат маслаҳатчиси лавозимида қайд қилинган.

XS
SM
MD
LG