Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 05:07

Путин ҳақидаги фильмни олган Россия ширкати Мирзиëев ҳақида ҳужжатли кино ишламоқда


Мирзиёев ҳақидаги фильм номи ҳам ўхшаш - “Ўзбекистон. Янгиланаëтган тарих” деб номланади

Россиянинг "Мастерская" киностудияси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ҳақидаги хужжатли фильмни суратга олиш ишларини бошлади. Фильм Ўзбекистон президенти администрацияси буюртмасига биноан “Ўзбеккино” билан ҳамкорликда суратга олинмоқда.

Фильмни суратга олиш ишларини Ўзбекистондаги президент сайлови арафасида - жорий йил августида тугаллаш режаланган. Фильмга буюртма олган Россиянинг "Мастерская" кинокомпанияси 2015 йилда Россия президенти Владимир Путин ҳақидаги “Президент. Янги Россия тарихи” номли, кинотанқидчилар таъбирича, “плакат пропаганда” фильмни суратга олган эди. Айни киноширкат 2018 йилда тарғиботчи телебошловчи Владимир Соловьев билан Россия президенти Путиннинг бир ярим соатлик суҳбати асосидаги ҳужжатли фильмни ҳам суратга олган.

Бу кинокомпания тарафидан Ўзбекистон президенти ҳақида олинаëтган фильм тафсилотларидан хабардор киномунаққид Акмал Ризаевга кўра¸“Ўзбекистон президенти ҳақидаги фильм Путин ҳақидаги фильмга тақлидан суратга олинади”.

“Фильм “Ўзбекистон. Янгиланаëтган тарих” деб номланади. Фильмга асли олма-оталик Саида Медведева раҳбарлик қилмоқда. Медведева шу ой бошида суратга олиш жараёнларини йўлга қўйиш учун Тошкентга келиб-кетди. Расман Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган фильм намойиши мамлакат мустақиллиги куни - биринчи сентябрга режаланган. Фильмнинг асосий қахрамони "Янги Ўзбекистон"нинг янги президенти Шавкат Мирзиëев. Фильм сайловдан бир ярим ой олдин намойиш қилинади”.

Фильм муаллифи Саида Медведева Россия матбуотига “Учинчи ренессанс даврини бошдан кечираëтган" Ўзбекистон раҳбари ҳақида кино олиш учун Ўзбекистонга бориб келганини билдирган.

“Ўзбеккино” агентлиги матбуот хизмати бу фильм юзасидан Озодлик мурожаатига жавоб бермади. Айни агентликнинг исми айтилмаслигини сўраган ходими Озодлик билан суҳбатда фильмнинг суратга олинишига доир баъзи тафсилотларни очиқлади:

“Ўзбеккино” фақат номига қўшилган. Биздан ҳеч ким ҳеч нарса сўрамай қўшиб қўйди. Фильмни суратга олиш ишларини президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов мувофиқлаштирмоқда. Буюртмачи ҳам администрация. Суратга олиш ишларини "Мастерская" студияси ўз техник базаси асосида амалга оширади. Умуман, бу киностудия 2014 йили келиб Ўзбекистон тарихий обидалари ҳақида “Шарқ жавоҳири” деган фильмни суратга олиб кетувди”.

Шавкат Мирзиëев ҳақида фильм

Киномунаққид Акмал Ризаев “Ўзбекистон. Янгиланаëтган тарих” фильми синопсиси билан таниш эканлигини айтади:

“Мирзиëев ҳукмронлигини сакраллаштириш, яъни унинг мутлақ ва муддатсиз раҳбарлигига шак-шубҳа қолдирмаслик фильмнинг асосий мақсади. Фильмдаги Мирзиëев жамиятни янгилаб, халқ дардини эшитадиган харизматик лидер қилиб кўрсатилади. Фильм ичидан Мирзиëевнинг монологлари ўрин олади. Фильмда Ўзбекистон сиëсий саҳнасидаги бошқа сиëсатчиларга эътибор қаратилмайди. Омма ва унинг ўзгармас лидери Мирзиëев, деган формат бўлади”.

Шавкат Мирзиёев одамлар орасида
Шавкат Мирзиёев одамлар орасида

Бир томонлама мулоқот

Президент сифатида беш йиллик биринчи муддатини якунлаётган Шавкат Мирзиëев ҳозирга қадар на маҳаллий ва на хорижий матбуотга бирон марта тўғридан-тўғри интервью бермаган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 61 ёшга тўлган 2018 йилда унинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали «Жаноб Президент» номли ҳужжатли фильм эфирга узатилган эди.

Ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби бўлиб ишлаган Комил Алламжонов муаллифлигида ишланган ушбу фильм «Миллий» ТВ орқали ҳам эфирга узатилган.

Президентнинг вилоятларга қилган сўнгги икки ташрифида унинг маҳаллий журналист ва блогерларнинг кичик бир гуруҳи билан мулоқот қилгани кузатилди. Аммо бу мулоқотларда журналистлар президентни саволга тутмайди. Уларнинг қандай асосда танлаб олингани ва қайси нашрларни тамсил этишлари ҳам маълум эмас.

Таҳлилчилар президентинг блогерлар билан мулоқотларини сайлов тарғиботлари доирасида танланган медиастратегиянинг бир қисми сифатида кўрмоқда.

Ўзбекистонда навбатдаги президент сайловлари жорий йил 24 октябрида ўтиши кутилмоқда. Мирзиёев расман сайловлар билан боғлиқ режаларини эълон қилмаган, аммо кўпчилик унинг ўз номзодини қўйиши ва иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмайди.

Шўро рамзлари ва киносининг қайтиши

Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг кучайиши кутазилмоқда. Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, Каримов даврида тақиқланган совет рамзларини қайтарди. Ўтган йили пандемияга қарамай, президент Тошкентда Ғалаба боғини қурдирди ва тантанали равишда очди.

Бутун бу алоқаларнинг жонланиши манзарасида ўзбек киносига совет даврида асосий мавзу бўлган иккинчи жаҳон уруши мавзуси қайтаётганини кўриш мумкин. Шу кунларда "Ўзбеккино" давлат агентлиги совет Ўзбекистони давридаги "улуғ ватан уруши" мотивларини ёдга соладиган камида иккита бадиий фильмни суратга олмоқда. Улардан бирини тасвирга олиш ишлари Беларусда бўлиб ўтиши эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG