Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 01:38

Россияда 1,5 минг мутация. Коронавируснинг нечта тури бор?


Расмийларга кўра, Россияда коронавируснинг юқумлироқ штаммлари биринчи марта ўтган йил ёзида аниқланган

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёнинг исталган бурчагида коронавируснинг янги мутациялари пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Янги штаммлар ичида энг хавфлиси деб ҳозирча Бразилия, Британия ва ЖАРда топилганлари ҳисобланмоқда. Россиялик олимлар яқинда 18 та мутация аниқланган коронавирус бемори ҳақида хабар берганди.

Мутациялар нимаси билан хавфли, қаерда қандай турлари аниқланган, вакциналар қай биридан ҳимоя қилади‑ю, қай бири олдида ожиз?

Коронавируснинг янги тури тўғрисида илк хабарлар декабрда тарқалди. Бу тур Буюк Британияда аниқланди, кейинчалик мутацияга учраган вирус бошқа мамлакатларга тарқала бошлади. “Британча штамм” юқумлироқ бўлгани учун тезроқ тарқалади ва шу билан касалланганлар ва шифокор ёрдамига муҳтож бўлганлар сонини кўпайтиради.

Британча штаммдан сўнг мутацияси шунга ўхшаш тур Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да аниқланди. Бироз ўтиб Бразилияда. Бугунга келиб, дунёда кўплаб COVID-19 мутациялари мавжуд, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам касалликнинг оғирроқ кечишига сабаб бўлмайди.

"Роспотребнадзор" раҳбари Анна Попова 15 январь куни Россияда коронавируснинг юқумлироқ штаммлари биринчи марта ёзда аниқланганини айтди. Ҳозирда россиялик беморлар таҳлиллари асосида махсус яратилган маълумотлар базасида коронавируснинг бир ярим минг мутацияси тўғрисида маълумот тўпланган. Кейинчалик, Роспотребнадзор қўшимча қилишича, гап "аҳоли орасида юрган штаммларнинг генетик жиҳатдан деярли бир хиллиги ва касаллик жараёнида сезиларли ўзгаришлар йўқлиги" ҳақида кетяпти.

Попованинг баёнотидан бир неча кун олдин, россиялик вирусологлар иммунитети заиф аёлнинг танасида коронавируснинг 18 та мутациясини аниқлаганини билдирганди. Ушбу мутациялар аёл асосий касаллиги деб мунтазам равишда топшириб келаётган таҳлиллари натижаси солиштирилганда аниқланган.

Вируслар мутациялашаётгани ғайритабиий ҳодиса эмас. Эпидемия қанча кўп давом этса, мутахассислар шунча кўп янги штаммларни аниқлайдилар, дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус. Унинг айтишича, келажакда янги мутациялар пайдо бўлаверади, чунки коронавирус ҳали ҳам аҳоли орасида фаол тарқалмоқда. Эмлаш ҳам вируснинг янги штаммлари пайдо бўлишига муайян таъсир кўрсатади. "Одамларни эмлаш эпидемия пайтида эмас, одатда ундан кейин ёки олдин амалга оширилади. Шунчаки ҳозир фавқулодда ҳолат бўлгани учун бундай чоралар кўрилмоқда. Агар бирор киши эмланиб, унда ҳали иммун жавоб шаклланмаган бўлса ва у касал бўлиб қолса, ҳосил бўлаётган иммунитет вирус учун селекцион омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу мутацияга ёрдам беради, чунки вирус иммун реакциясини четлаб ўтишга ҳаракат қилади”, – дейди Фундаментал трансляцион тиббиёт маркази ходими Александр Чепурнов.

Вакциналари Европа Иттифоқи, АҚШ ва дунёнинг бошқа мамлакатларида фойдаланишга рухсат берилган компаниялар ўз маҳсулоти янги мутацияларга қарши самарали ҳимоя беришини таъкидламоқда.

“Pfizer” компанияси ушбу соҳадаги тадқиқотлар натижаларини эълон қилди. Январь ойида Техас университети ўтказган тадқиқот “Pfizer” вакцинаси британча ва ЖАР штаммига қарши иш беришини тасдиқлади. Шунга қарамай, олимлар тадқиқотларни давом эттиришларини айтмоқда, чунки илк синовлар бир неча ўнлаб одам таҳлилларининг намуналари асосидагина ўтказилган.

“AstraZeneca” вакцинаси эса унчалик омадли чиқмади. ЖАРга бу вакцинадан 1 миллион доза етказилган, лекин у Жанубий Африкада топилган коронавирус мутациясига қарши етарли самара кўрсатмади. Энди ЖАР ўз аҳолисини “Johnson&Johnson” вакцинаcи билан эмламоқчи. Ушбу компания вакцинаси гарчи синовларнинг учинчи босқичидан ўтган бўлса‑да, лекин ундан фойдаланишга мутасаддилар ҳали рухсат бермаган. Рухсат тез кунларда берилиши кутилмоқда.

Фарқли натижаларга қарамай, ушбу икки компания вакциналари эҳтимолий янги штаммлардан ҳимоя қила олмайди, деган хавотир туфайли ҳар иккала компания акциялари қиймати пасаймоқда.

Гамалея маркази раҳбари Александр Гинцбург ҳам пандемия қанча узоқ давом этса, шунчалик кўп мутациялар пайдо бўлади деган фикрга қўшилишини айтган. Ушбу марказ ишлаб чиққан “Sputnik V” янги турлардан ҳимоя қиладими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Гинцбургнинг таъкидлашича, марказда бу борада тадқиқотлар ўтказилмаяпти, лекин “мутациялар кузатилса”, ўтказилиши мумкин.

Бригита ва унинг дўстлари

Европа мамлакатларида мутахассислар “Бригита” деб лақаб берган “британча штамм” алоҳида хавотир уйғатмоқда, чунки айнан шу штамм бошқалардан кўра кўпроқ учрамоқда. Ушбу штамм классик турдаги коронавирусдан клиник белгилари билан фарқ қилади: йўтал, томоқ оғриғи, кучли чарчоқ, юқори иситма ва мушакларда оғриқ кўпроқ кузатилади. Ҳид ва таъмнинг йўқолиши эса, аксинча, деярли кузатилмайди. Иккала вариантга ҳам бош оғриғи ва овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар хос.

Бригита қанчалик юқумлироқ эканлиги тўғрисида илмий мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда: 40 фоиздан 70 фоизгача бўлган рақамлар айтилмоқда. Ўлим даражаси ҳам кимнинг башорати тўғрироқ чиқишига боғлиқ: мутация қанча юқумлироқ бўлса, шунча кўпроқ одам касалхонада муолажага муҳтож бўлади, ўлим даражаси ҳам ошиши мумкин. Аллақачон коронавирус билан касалланганлар учун бу мутация унчалик қўрқинчли эмас: аксилтаначалар маълум даражада ҳимоя беради.

“Британча штамм” аҳоли орасида қанчалик тарқалганлиги ҳамон номаълумлигича қолмоқда, чунки Ковид-19 билан касалланган барча беморларда ҳам қўшимча таҳлиллар ўтказилмайди. Мутахассислар таъкидлашича, гап барча касалланганларнинг ўндан бири ҳақида кетиши мумкин. Аммо янги мутант пандемия бошлангандаги илк вирусга қараганда кўпроқ тарқалиши мумкин. Бунинг учун, одатда, бир неча ой керак бўлади.

Коронавируснинг ЖАР мутацияси хавфлироқдир. Бу штамм ҳақида маълумот жуда оз, аммо юқумлироқ эканлигидан ташқари, бу штамм ҳатто ёшларнинг оғирроқ касалланишига олиб келиши мумкинлиги айтилмоқда. Шунингдек, коронавируснинг оддий варианти билан касалланиш натижасида ҳосил бўлган аксилтаначалар бу штаммга қарши ҳимоя бермайди.

Коронавируснинг яна бир, “бразилча” мутацияси илк бор Японияда аниқланган. Уни Жанубий Америкадан келган тўрт нафар сайёҳда, аэропортда ўтказилган тестлардан сўнг топишди.

Япониялик мутахассислар аниқлашича, коронавируснинг “бразилча штамми”да 12 та мутация мавжуд. Энг катта ташвишга шулардан иккиси – N501Y ва E484K мутациялари сабаб бўлмоқда. Биринчиси ҳам “британча”, ҳам “ЖАР штамми”да аниқлангани учун, олимлар гап юқиш даражаси каттароқ вариант ҳақида кетаётганини таъкидламоқдалар.

Аксар ЕИ мамлакатлари коронавируснинг юқумли мутациялари ҳақидаги хабарларга аллақачон муносабат билдирди: Австрия ва Германия FFP2 респираторларини тақишни мажбурий қилиб қўйди. Бошқа мамлакатларда респираторларни тақиш мажбурий эмас, лекин улардан дўконларда, жамоат транспорти ва одамлар кўп йиғиладиган жойларда фойдаланиш тавсия этилади. Мутациялар деб кўплаб давлатлар ўз фуқароларини мато ниқоблардан эмас, ҳеч бўлмаганда, тиббий ниқобдан фойдаланишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG