Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 22:17

Россияликларнинг қарийб чорак қисми ватанпарварликни ҳақиқатни гапириш деб тушунади


Омма сўрови ёшлар ватанпарварликни катта авлод вакилларидан фарқли англашини кўрсатган - Москва, 14 февраль, 2021

Россияликларнинг 23 фоизи ватанпарварлик, бу - ўз мамлакати ҳақида, қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақиқатни гапириш, деб билади. Олий иқтисодиёт мактаби (ВШЭ) томонидан ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатмоқда. Аммо аксарият кўпчилик (67 фоиз), ватанпарварлик деганда ватанга муҳаббатни тушунади.

РБК нашрининг ёзишича, ҳар тўртинчи россиялик ватанпарварликни мамлакат равнақига хизмат қиладиган амаллар йиғиндиси, деб билади. Сўровда қатнашганларнинг 20 фоизи ватанпарварлик муҳтожларга ёрдамдан иборат, деб ҳисоблашини айтган. Россияликларнинг атиги 12 фоизи ватанпарварликни ўз вақти ёки пулини ижтимоий муаммолар ечими учун сарфлаш каби амалий ҳаракат тури, деб билар экан.

ВШЭ сўнгги сўровининг натижаларига кўра, бир йилда ватанпарварликни мамлакатда аҳволни ўзгартиришга интилиш, деб биладиганларнинг сони сезиларли даражада камайган. 2019 йилда бундай фикрлайдиганлар нисбати 25 фоизга яқин бўлган, 2020 йилда эса бу улуш 19 фоизгача тушган. Сўров муаллифлари буни пандемия давридаги чорасизлик ҳисси билан боғлашган.

“Россияликлар волонтёрлик ва хайрия фаолиятини қўллаб-қувватлашса-да, омма онгида булар ватанпарварлик туйғуси билан боғланмайди”, - дейди сўровни ўтказган Олий иқтисодиёт мактаби тадқиқотчиси Ирина Мерсиянова. Унинг фикрича, ватан равнақига хизмат қиладиган амалий ҳаракатларни ватанпарварлик деб ҳисоблайдиганларнинг сони ўсиши учун хайрия ва кичик яхшиликларни қилиш учун қулай инфратузилмаларни яратиш лозим.

Сиёсатшунос Алексей Макаркиннинг айтишича, сўров ёшлар ватанпарварликни катта авлод вакилларидан фарқли англашини ҳам ўртага чиқарган. Бу фарқ ёшлар глобал дунё билан кўпроқ ҳамқадам экани, ва ўз фикрини эркин ифодалаш қобилияти билан изоҳланади.

Ёшлар расмий ватанпарварликдан иложи борича узоқроқ туришга ҳаракат қилади, айни пайтда волонтёрлик ёки хайрия билан кўпроқ шуғулланади. “Ватанпарварлик ёшлар наздида кўпроқ маҳаллий тус олган, оила ва атрофдагиларга кичик илтифотлар қилиш билан боғлиқ”, - дейди эксперт.

XS
SM
MD
LG