Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:02

Россиялик хакерлар амалга оширгани айтилаётган сўнгги ҳужум кўлами номаълум бўлиб қолмоқда


Киберхавфсизлик бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳужум ортида рус тилида сўзлашадиган ва «товламачи дастур» ёрдамида ҳужумларни амалга ошириб келаётган REvil тўдаси турибди. Иллюстратив сурат.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳужум ортида рус тилида сўзлашадиган ва «товламачи дастур» ёрдамида ҳужумларни амалга ошириб келаётган REvil тўдаси турибди. Иллюстратив сурат.

АҚШлик киберхавфсизлик бўйича мутахассислар "рус тилида сўзлашувчи тўда" деб атаган жиноятчилар амалга оширган йирик «товламачи дастур» ҳужуми кўлами тўлиқ аниқлангани йўқ. Ўз тизимлари ҳужумга учраганини ошкор қилаётган ширкатлар сони ошиб бормоқда.

4 июль куни АҚШ матбуоти киберхавфсизлик бўйича мутахассислар сўзларига таяниб берган хабарларга кўра, 2 июль куни кечқурун бошланган ҳужум камида 17 мамлакатда минглаб ташкилотни нишонга олган. Мутахассисларнинг айтишича, кибержиноятчилар ҳужум қурбонларидан 45 000 доллардан 5 миллион долларгача товон тўлашни талаб қилишган.

Дастурий таъминоти ҳужумга учраган Kaseya АҚШ ширкатининг бош директори Фред Воккола ҳам ҳужумга учраганлар сони бир неча минг эканини тахмин қилди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг аксарияти стоматология клиникаси, архитектура ширкати, жарроҳлик маркази ва кутубхона каби кичик бизнеслардир. Шунингдек, ҳужумга учраганлар орасида мактаблар, давлат идоралари, сайёҳлик агентликлари ва бухгалтерия агентликлари ҳам бор.

Воккола Associated Press агентлигига берган интервьюсида ширкат ҳужум учун асос бўлган заифлик манбасини аниқлангани ва зарар кўрган мижозларга иложи борича тезроқ тузатиш юборишини айтди.

Воккола ҳужум тафсилотларини очиқлашдан бош тортди ва ҳужум мураккаблиги жиҳатдан мисли кўрилмаган эканини айтиш билан чекланди.

Киберхавфсизлик бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳужум ортида рус тилида сўзлашадиган ва «товламачи дастур» ёрдамида ҳужумларни амалга ошириб келаётган REvil тўдаси турибди. Ҳужум АҚШда Мустақиллик куни байрами муносабати билан дам олиш кунлари бошланган бир кезда амалга оширилгани бежиз эмас. Ҳужумга учраганларнинг кўпи 5 ёки 6 июль куни қайта ишга чиққунича ҳужумга учрашганидан хабар топмайди.

Федерал қидирув бюроси ва АҚШ Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги ҳужум бўйича тергов олиб бормоқда.

Президент Жо Байден АҚШ разведка агентликларига текширув ўтказишни буюрди. Оқ уйнинг кибер ва ривожланаётган технологиялар бўйича миллий хавфсизлик маслаҳатчиси ўринбосари Анне Неубергер 4 июль куни Федерал қидирув бюроси ва Ички хавфсизлик департаменти «аниқланган қурбонлар билан алоқага чиқиб, миллий хавфни баҳолаган ҳолда ёрдам кўрсатишишини» маълум қилди.

Ҳужумга учраган ширкатларнинг бири Швециядаги Coop озиқ-овқат тармоғидир. Ширкат 3 ва 4 июль кунлари 800 дўконининг аксариятини ёпишга мажбур бўлди, чунки ҳужум ортидан дўконлардаги касса дастури ишламай қолди. Шунингдек, Швециядаги дорихоналар тармоғи, ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, давлат темир йўли ва SVT жамоат телеканали ҳам ҳужумга учраган.

Германиянинг киберхавфсизликни назорат қилувчи федерал ташкилоти бир неча минг мижоз билан ишлайдиган IT ширкати ҳужумга учраганини билдирди, аммо ширкат номини очиқламади. Икки йирик голланд IT-ширкати ҳам ҳужумга учраган.

«Товламачи дастур» ҳужумини амалга оширган хакерлар маълумотларни шифрлаш, тармоқларни фалажлаш орқали компьютер тизимларини қулфлаб қўйишади ва уларни қайта очиш учун катта тўлов талаб қилишади.

Май ойида АҚШда нефть маҳсулотларини ташувчи ҳамда гўшт маҳсулотларини қайта ишловчи ширкат «товламачи дастур» ҳужумига учраган эди. АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қувур линияси иши бўйича тўланган тўловнинг йирик қисмини қайтариб олишганини билдирган.

Ҳужумлардан бир ой ўтиб, Байден Женевада бўлиб ўтган саммитда Россия президенти Владимир Путинни Россияда жазосиз ишлаётгани айтилаётган кибержиноятчилар тўдаларига қарши чора кўришга чорлади. Байден Путинни агар тергов ҳужум ортида Россия ҳукумати турганини аниқласа, АҚШ бунга жавоб бериши ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG