Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 20:21

Россия бир дозали Sputnik V вакцинаси 80% самарадорлигини эълон қилди


Россияда коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасининг бир дозали версияси 80% самарадорликка эга экани иддао қилинди.

Бу ҳақда «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилувчи Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РФПИ) маълум қилди.

Жамғарма маълумотига кўра, бир дозали вакцинанинг самарадорлик даражаси 79,4% экани стандарт клиник текширувлар эмас, балки реал ҳаётдан олинган маълумотлар асосида аниқланган.

Тадқиқотнинг якуний босқичига оид дастлабки натижалари шу ойнинг охирида эълон қилиниши кутилмоқда. РФПИ дастлабки ва ўрта босқичдаги тадқиқотлар давомида вакцинанинг салбий таъсири кузатилмаганини билдирди.

Sputnik Light номи берилган вакцина «касалхонага ётишга олиб келадиган оғир ҳолатлар эҳтимолини сезиларли даражада озайтиради», дейилади РФПИ баёнотида.

Тадқиқотлар Россиянинг икки дозали «Спутник V» вакцинаси самарадорлиги 92% эканини кўрсатгани маълум қилинган.

Ўтган йилнинг август ойида президент Владимир Путин хавфсизлик синовлари якунланишидан олдин Россияда дунёдаги биринчи COVID-19 вакцинаси фойдаланиш учун маъқулланганини эълон қилгани учун дастлаб рус вакцинаси ҳақида шубҳа юзага келган эди.

РФПИ глобал миқёсда 20 миллиондан ортиқ одам «Спутник V» вакцинасининг биринчи дозасини олганини маълум қилган. Россиянинг ўзида эса аҳолини эмланишга кўндириш қийин кечмоқда.

Мамлакатда коронавирус юқтириш ҳолатлари хавотирли суръатларда ўсиб бораётган бўлишига қарамасдан, россияликларнинг атиги 8 фоизи вакцинанинг биринчи дозасини олган.

РФПИ директори Кирилл Дмитриев Bloomberg нашрига телефон орқали берган интервьюсида икки дозали «Спутник V» Россияда асосий вакцина бўлиб қолишини айтди.

Дмитриевнинг сўзларига кўра, енгил версия «асосан ковид ҳолатлари сезиларли даражада ошиб бораётган мамлакатлар учун мўлжалланган».

«Sputnik Light келгуси ҳафтадан бошлаб бир неча мамлакатда рўйхатдан ўтишини кутмоқдамиз», - деди у. Дмитриев РФПИ Россия тартиб-қоидаларига риоя қилаётганини қўшимча қилди.

Вакцина ҳақида ўтказилган вебинарда Дмитриев енгил версия икки дозали асосий вакцина билан бир хил бўлганлиги сабабли «июнга қадар “Спутник V” рўйхатдан ўтказган кўплаб мамлакатда Sputnik Light ҳам расман маъқулланишига ишонамиз», деди.

Унинг сўзларига кўра, қўшимча клиник текширувлар ўтказилганидан кейин, Sputnik Light вируснинг мутацияларидан ҳимоя қилишда бошқа COVID-19 вакциналарига қўшимча ўлароқ ишлатилиши мумкин бўлади.

XS
SM
MD
LG