Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:06

Россияда заҳарланиб бир ойдан бери касалхонада ётган 58 бемордан бири вафот этди (ФОТО)


Россиянинг Тольятти шаҳар клиникаси жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётган 4 ўзбекистонликдан бири, 26 яшар йигит 14 август куни кечга яқин жон берди.

Бир ой олдин заҳарланган 69 ўзбекистонликдан бирининг вафот этгани тўғрисида унинг юртдошидан олинган бу хабарни Тольятти шаҳар клиникаси вакили тасдиқлади.

Зоокумарин моддасидан заҳарлангани айтилаётган 69 ўзбекистонликнинг 57 нафари (вафот этган йигит 58-чиси эди) Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Самара вилоятида заҳарланган ўзбек мигрантларини даволашга ўзбекистонлик врачлар жўнатилаётганини хабар қилди.


14 августда Тольятти шаҳар клиникасида 26 яшар О.С. вафот этгани тўғрисида унинг юртдошидан олинган хабарни тилга олинган клиника қабул бўлимининг ўзини таништирмаган ходими тасдиқлади:

- Улар реанимация бўлимида 2 киши эди. Ўзбекистонликлар экани аниқ. Кеча кечқурун бири нобуд бўлди. Ўлик, билишимча, ҳали ҳам шифохонада қолмоқда.

Ўзбекистонлик йигитнинг вафот этгани тўғрисида Самара вилоятида қолаётган унинг юртдоши, исми сир қолиш шарти билан, бундай деди:

- Кеча кечқурун вафот этган, менга бугун эрталаб айтишди. Дўстингиз вафот қилди, деб менга телефон қилишди. “Аҳволини билишимиз керак”, деб биринчи уч кун унга дори қуйишмаган, шунда аҳволи ёмонлашганди. Шу йилнинг февралида ишга келганди, шунда танишган эдим у билан. Далада ишларди биз билан, ер чопарди, мева терарди. У ҳам биздан – Ҳонқа районидан. Унинг қишлоғи мендан 6-7 км нарироқда. Оиласи – хотини ва иккита фарзанди Ўзбекистонда қолган. Оиласи ҳам эшитган уни вафот этганини.

13 августда Озодлик радиоси бундан бир ой муқаддам заҳарланган 69 ўзбекдан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида оғир аҳволда қолаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Мигрантлар "зоокумарин"дан заҳарлангани тахмин қилинмоқда
Мигрантлар "зоокумарин"дан заҳарлангани тахмин қилинмоқда

Самара вилоятининг Сизран туманида 69 нафар ўзбекистонлик ўта хатарли Зоокумарин препаратидан заҳарланган бўлиши мумкинлигини Озодликка Тольятти шаҳридаги 1-сонли касалхона бош шифокори Леонид Разливинский айтган эди.

Озодликка маълум бўлишича, Самара вилоят шифохонаси ва Тольятти шаҳар клиникасида даволанаётган 58 беморнинг 4 нафари жонлантириш бўлимида қолаётган эди.

Шифокорлар муҳожирлар яна бир неча ой даволанишини гапирмоқда
Шифокорлар муҳожирлар яна бир неча ой даволанишини гапирмоқда

Юртдошининг вафот этгани тўғрисида Озодликка хабар қилганнинг айтишича, 14 август куни Москвадан келган бир гуруҳ токсиколог мутахассислар реанимацияда қолаётган беморларни Москвага зудлик билан олиб кетиш тўғрисида буйруқ берган. Бу маълумотни Тольятти клиникаси врачи тасдиқлади.

Врачнинг айтишича, оғир аҳволдаги беморлар Москва шаҳрига олиб кетилган ва улар токсикология бўйича йирик мутахассислар назоратида.

Меҳнат вазирлиги баёноти

"Шу тобда масъул идоралар ватандошларимизга жойига бориб қўшимча ёрдам кўрсатиш чоралари устида, яъни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари кўмагида ишчи гуруҳи тузиб, унинг таркибида Ўзбекистон Республикаси врачлари жойига бориб консилиум ўтказиш устида иш олиб бормоқда".

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлар билан боғлиқ бу баёнотни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида рус тилида эълон қилди.

Ўзбек муҳожири нобуд бўлишидан бир кун олдин иш берувчи ташкилот - “Кошелевский посад” фирмаси директори Наиль Шаркаев заҳарланган Ўзбекистон ватандошларини даволашга кетадиган барча ҳаражатлар корхона ҳисобидан қопланаётганини Озодликка билдирган эди.

Тольятти клиникаси бош шифокори вазифасини бажарувчи Леонид Разливинскийга кўра, 14 август ҳолатига кўра, касалхонада 39 одам қолмоқда.

Самарадаги касалхонада 14 бемор бор, 4 бемор Москвага олиб кетилган, ҳаммаси бўлиб 57 киши.

Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалиги ишлари шуғулланиб, пул топаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.​

XS
SM
MD
LG