Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 05:40

"Россия мусулмонлари номидан". Рамзан Қодиров Навальнийга Қуръон бермасликка чақирди


Рамзан Қодиров ўзини "Путиннинг аскари" деб атайди

Рамзан Қодиров 2-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида қамоқ жазосини ўтаётган мухолифатчи Алексей Навальнийни Қуръон китоби воситасида иғвогарлик қилишда айблаб, “Россия мусулмонлари номидан” қамоқхона маъмуриятини муқаддас китобни унинг қўлига бермасликка чақирди.

Бу ҳақда Чеченистон раҳбари ўз Telegram-каналида хабар қолдирган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Навальний қамоқхонада мутолаа қилиш мақсадида четдан буюртма билан олдирган Қуръонни қамоқхона маъмурияти, экстремизмга алоқадорлик юзасидан текшириш баҳонасида унга бермаётганини айтиб, судга арз қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Қодиров бу иши учун унга нисбатан кескин муносабат билдирди. Ижтимоий тармоқда у Навальний илгари ҳижоб ўраган муслималарни “ўрта аср ёввойилари” деб атагани, шунингдек мачитлар қурилишига қарши чиққанини эслатган.

“Бу исломофоб Муқаддас Китобни ўз сиёсий мақсадларида қўллашга интилаётгани кундай равшан, иғвогарлик ишларини Қуръон оятларидан иқтибослар билан хаспўшлаши тайин, чунки Европада бунақа қинғирликларни жуда яхши билишади”, — деб ёзди Чеченистон раҳбари.

Шунингдек, Қодиров Навальнийнинг ислом динини қабул қилишига ва “ҳақ йўлига кириши”га шубҳа қилишини айтган ва қамоқхона нозирларига мурожаат қилиб, “маҳбус динлараро жанжал чиқаришига йўл қўймасликка” чақирган.

“Агар маҳбус чин дилдан тавба қилиб, ҳақ йўлга киришни истаса, ислом динини қабул қилиб, бутун қалби билан Яратганнинг каломини тинглаш иштиёқида бўлса (Навальнийнинг муддаоси шу эканига шубҳам бор), майли. Агар акси бўлса, Қуръон — у ифлос қўлларини теккизадиган нарса эмас”, — деб ёзди Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбарининг сўзларига кўра, Навальнийнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари ва турмуш тарзи “дин ва айниқса, ислом билан ҳеч бир тариқа боғлиқ эмас”.

“Ив Роше” иши бўйича судланган мухолифатчи Алексей Навальний март ойи ўрталаридан бери Владимир вилоятидаги 2-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида сақланмоқда.

Куни кеча сиёсатчи нозирлар унга тегишли Қуръон китобини беришмаётгани сабабли, қамоқхона маъмурияти устидан судга шикоят қилгани тўғрисида маълум қилди. Навальнийга кўра, ўқиш учун олиб келтирган китоблари бир ойдан бери экстремизмга алоқадорлик важидан текширилмоқда.

“Аммо Қуръонни текшириш нимаси — ҳеч тушуна олмайман. Бу қанақа гап? 2-сонли АТКда прапоршик Нечипоренко дегани ўтирволиб, бир ярим миллиард одамнинг муқаддас китобидан экстремизм қидирмоқда. Бу нафақат ноқонуний ва абсурд, балки диндорларга, нафақат диндорларга, балки ҳар бир ўқимишли кишига нисбатан ҳақоратдир”, — дейилади, жумладан, Навальнийнинг аризасида.

Мухолифатчининг айтишича, ҳам сиёсатчи, ҳам насронийлик дини вакили сифатида ислом ва мусулмонларни яхшироқ англаш мақсадида Қуръон ва Суннатни ўрганишни хоҳлайди.

XS
SM
MD
LG