Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2020, Тошкент вақти: 21:13

Россиялик 63 яшар профессор 24 яшар талаба қизни чопиб, қопга солиб сувга ташлади


Профессор Соколов Наполеон кийимида.

У Наполеон ролини саҳналаштирилган жанг майдонида ўйнаган. Хабарларда айтилишича, Олег Соколов Санкт-Петербургдаги Петропавловск қалъасида сайёҳлар кўз ўнгида Наполеон либосида ўзини ўзи ўлдиришни истаган.

9 ноябрда полиция 63 яшар тарих профессори ва наполеонпараст Соколовни Мойка дарёсидан қутқариб олди ва у гипотермия – бадани қаттиқ совқотиши ташхиси билан касалхона ётқизилди. Худкушлик режаси амалга ошмай қолди.

Терговчиларга кўра, унинг рюкзагидан иккита чопилган қўл ва тўппонча, хонадонидан эса собиқ талабаси, 24 яшар Анастасия Ешченконинг бошсиз ва оёқларсиз танаси ҳамда қонга ботган арра топилган. Бу рус ёзувчиси Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи саҳналарини эслатади.

Ушбу даҳшатли қотиллик Россия оилаларида аёллар зўравонликдан қонун йўли билан яхши ҳимояланмаганини кўрсатади, дейди ҳуқуқ фаоллари.

Профессорнинг Краснодар ўлкасидаги қишлоқдан бир неча йил олдин Санкт-Петербургга ўқишга келган маъшуқасини бунчалик шафқатсизлик билан ўлдириши Россия сариқ матбуоти учун "байрам" бўлди.

У яхши кўрган қизидан деярли 40 ёш катта бўлган.

Россия матбуоти ёзишича, 7 ноябрда улар иккови уришиб қолган ва Соколов Ешченкони отиб ташлагач, орадан икки кун ўтиб, жасадини бўлакларга бўлган.

Соколов ҳибсга олингандан сўнг судга қилган ишидан пушаймон эканини айтган.

Маълум қилинишича, илгарилари ҳам унинг зўравонлиги устидан собиқ ва ҳозирги талабалар шикоят қилган ҳоллар бўлган. Масалан, 2008 йилда бир талаба қиз Россия полициясига Соколовнинг зўравонлигидан шикоят қилиб, ариза бергани маълум бўлди.

Соколов 11 ноябрь куни 2000 йилдан бери дарс бериб келаётган университетдан ишдан бўшатилди.

У ўтган йилларда Франция билан Россия муносабатлар бўйича етакчи эксперт бўлган. Кўпинча Наполеон ролини ҳам ўйнаган. Уни идеал давлат арбоби деб билган.

2003 йили собиқ президент Жак Ширак уни Франциянинг “Legion d'Honneur” ордени билан мукофотлаган эди.

Россия ахборот воситалари хабарларида айтилишича, Соколов ҳукумат қўллаб-қувватлайдиган ва маданият вазири Владимир Мединский раҳбари бўлган Россия ҳарбий-тарихий жамиятининг юқори лавозимли амалдори бўлган. Ешченконинг ўлдирилгани хабари ортидан жамият ўзини Соколовдан четга олди.

Ахборот воситалари, гумонланувчи ва қурбон бўлган қизнинг дўстлари ва танишларига кўра, Соколов 9 ноябрь кечаси жасад бўлакларини Мойка дарёсига ташлаб юбориш учун хонадонидан чиқиб кетган. Дарёга отилган қоп юзага қалқиб чиққанини кўргач, унинг ортидан сувга сакраган.

Ешченконинг акаси Сергей Россиянинг РБК нашрига синглиси билан унинг ўлдирилишидан олдин гаплашганини ва Соколов уни рашк сабаб ўлдирганини маълум қилди.

“Синглим талаба бўлган бир дўстининг туғилган кун зиёфатига боришни режалаштираётган эди. У синглимни калтаклаган, шундан сўнг синглим хонадондан чиқиб кетган ва яна қайтиб келган”, ‒ деб иқтибос келтирилади унинг сўзларидан. ‒ Оқибатда Соколов рашк сабаб қутуриб кетган”.

XS
SM
MD
LG