Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:59

Тошкентни босиб олишда ҳалок бўлган 24 чор аскарига аталган бутхона таъмири бошланди


Тошкент Камолон маҳалласидаги рус оккупантларига қўйилган Авлиë Георгий бутхонаси
Тошкент Камолон маҳалласидаги рус оккупантларига қўйилган Авлиë Георгий бутхонаси

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Камолон” маҳалласидаги Тошкентни босиб олишда ўлган рус босқинчи аскарларига хотирасига бундан 150 йил олдин қурилган бутхона ( русчада часовня) 28 сентябрь куни таъмирлана бошланди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Мулозимга кўра¸ бутхона таъмири юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори асос қилиб олинган.

- Кабмин қарори асосида Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев 2019 йил 28 июнда 411-сонли буйруқ чиқариб, часовняни маданий мерос ёдгорлиги сифатида тезда рўйхатдан ўтказди. Шундан кейин уни қайта тиклаш лойиҳаси бошланди.

Реставрация эмас реконструкция

Бутхона реконструкциясини амалга ошириш “Meros chashmasi” лойиҳалаш ширкати тарафидан амалга оширилмоқда.

Ширкат бинони реставрация эмас, балки реконструкция қилади¸ дея билдирди тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда.

- Масалан, бутхона олдидаги рус аскарлари номи ëзилган ëдгорлик ва хоч йўқолиб кетган. Бу хоч қайта тикланади. Латун лавҳага 24 нафар рус аскарининг номи бирма-бир ëзилади. Бу матн 1865 йилдаги матнни айнан такрорлайди. Яъни "Россия учун жон фидо қилиб, душманлар қўлида ўлган аскарларга худо ëр бўлсин" деган жумла ҳам бўлади. Бу ерда душманлар деганда ўз шаҳрини ҳимоя қилган тошкентликлар тушунилади албатта.

Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ бинонинг зудлик билан тарихий мерос рўйхатига киритилиши ва Молия вазирлигидан тўғридан тўғри молияланадиган қиммат реконструкция бошланиши Ўзбекистон янги раҳбариятининг Кремлга мулозаматидир:

- 28 июнь куни Рус провослав черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси митрополити Владика Викентий бу ерга ташриф буюриб бинони қайта чўқинтирди. Қўлига супурги олиб, муқаддас сув сепиб, табаррук қилди. Владика Викентий бутхонага рус ҳалоскор аскари тимсоли бўлган авлиë Георгий иконаси қўйилишидан мамнунлик билдирди. Бухоро ва Самарқанддаги ëдгорликлар таъмирига пул етмаëтган пайтда рус босқинчиларига қўйилган бутхона таъмирининг устувор лойиҳага айланиши шубҳали.

Турдиевга кўра¸ бутхона реконструкцияси икки ой давом этади.

- Тантанали очилиш маросими 3 ноябрга белгиланди. Айнан ўша куни бу обидани тиклаган Туркистон генерал-губернатори Михаил Черняевнинг туғилган куни. Шу жиҳатниг ўзи кўп нарсани ойдинлаштиради.

Бутхонада таъмир ишлари бошланди
Бутхонада таъмир ишлари бошланди

Тарихчи олим Умид Бобоматовга кўра¸ Бутхона 1865 йилнинг 15 июлида Тошкентни босиб олган пайтда ҳалок бўлган 24 нафар Чор босқинчи аскарлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида Россия императори Александр Иккинчи фармони билан қурилган.

- Камолон маҳалласида рус босқинчи аскарларига Қўқон хони Алимқулихон сарбозлари ва маҳаллий аҳоли қаттиқ қаршилик кўрсатган. Айнан шу маҳаллада чор босқинчи армияси катта талафотга учраган. 1300 нафар рус босқинчи аскарларига қарши 30 минг маҳаллий аҳоли фаол қаршилик кўрсатган. Рус аскарлари тарафидан қирғин қилинган тошкентликлар сонига оид аниқ тарихий маълумотлар йўқ. Рус босқинчиларига қарши курашган тошкентликлар хотирасига ҳеч қандай ëдгорлик ўрнатилмаган.

Тошкентлик блогер Анвар Назир 2015 йилнинг июнида ижтимоий тармоқларда бундай деб ёзган эди:

“Уни (бутхонани) 150 йилдан бери маҳаллий аҳоли супуриб- сидириб, обод қилиб ушлаб турибди. Хатто совет даврида уни ғиштга бузиб оламиз дейишганда ҳам маҳалла оқсоқоллари "тегманглар, ўлганларнинг руҳини безовта килиб нима қиласизлар", деб сақлаб қолишган экан. Бироқ, юз метр наридаги Камолон масжидининг орқасидаги мозорда шу жангда ҳалок бўлган, шаҳарни ҳимоя қиламан, деб шаҳид бўлган минглаб тошкентлик ва асосан қўқонлик аскарлар қабрини ҳеч ким обод ҳам килмайди, номи-насабини ҳам билмайди. Хатто кеча шу санага бағишлаб рус руҳонийлари, тарихчилари ҳалок бўлган ўша 64 ўрис аскарни номма-ном хотирлаб уларнинг руҳларига дуо, жасоратига ҳамд ўқиб турган пайтда ҳам бирон мусулмон, хатто Камолон масжидида уша , 150 йилдан буён номсиз ётган ҳимоячи шаҳидларнинг номига хутба еки хатм ҳам эсланмагани хайрон қолдиради”.

XS
SM
MD
LG