Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2020, Тошкент вақти: 06:00

Самарқандда фуқаро муҳофазаси ер ости иншоотларидан бир нечаси бузиб ташлангани аниқланди


Сўнгги йиллардаги қурилишлар доирасида Самарқандда бир қатор давлат стратегик объектлари - фуқаро муҳофазаси ер ости иншоотларининг ҳам бузиб ташланганлиги аниқланди, деб хабар қилди Озодликнинг бу соҳадаги вазиятни ўрганган мобил мухбири.

Озодликнинг мобил мухбири қўлга киритган расмий маълумотларга кўра, (мобил мухбир тақдим этган ҳужжатлар Озодликда мавжуд) Самарқанд шаҳридаги камида 5та: «Зарафшон» АЖ (1та), «Ўзбекистон почтаси» АЖ Самарқанд филиали (1та), «Алпомиш» МЧЖ (1та) ва «Самарқанд Афросиёб» СМУН (2та) тасарруфилаги фуқаро муҳофазаси иншоотлари бузиб ташланган. Шулардан фақатгина «Алпомиш» МЧЖ тасарруфидаги муҳофаза иншооти бузилишига Бош вазир А. Арипов томонидан рухсат берилган холос.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрлаги №291-26 сонли Низомига асосан фуқаро муҳофазаси объектларини ҳисобдан чиқариш ёки бузиш фақатгина Бош вазир рухсати ва бузиладиган объектнинг ўрнига янги худди шундай иншоот қуриб бериш мажбурияти билангина амалга оширилиши кўрсатилган.

Самарқанддаги бузиб ташланган фуқаро муҳофазаси иншоотлари ўрнига янги иншоотларнинг қуриб берилиши бўйича Самарқанд вилоят ҳокимлигидан маълумот олишнинг имкони бўлмади. Вилоят ҳокимлиги қонунчилик бўйича фуқаро мухофазаси тўғрисидаги маълумотларнинг жамоатчиликга ошкор этилмаслиги билан чекланмоқда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 09 декабрда «Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган бўлиб, унинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинганлиги кўрсатилган.

Фуқаро муҳофазаси иншоотлари алоҳида даврда фойдаланадиган объектлар турига кириб, улар аҳолини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда муҳофаза қилишга мўлжалланган.«Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири мамлакат фуқаро муҳофазасининг бошлиғи, Вилоят хокимлари - вилоят фуқаро муҳофазаси раҳбарлари эканликлари кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG