Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 08:47

Блогер: "Самарқандда давлат ҳимоясидаги икки маданий мерос объекти бузиб ташланди"


OzodMaktub рукнида самарқандлик блогер Мирзо Субхановдан 15 октябрь куни Озодликка келган блог-хабарни ҳавола қилаяпмиз. Хабарга илова қилинган икки ҳужжат ҳам блогер томонидан тақдим этилди.

Озодлик блогернинг хабарида келтирилган фактларни, OzodMaktub рукни форматидан келиб чиқиб, қўшимча ўрганмади.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган қуйидаги матн таҳрирсиз, муаллифнинг сарлавҳаси, имлоси ва стилистикасини сақлаган ҳолда берилмоқда.

***

Самарқандда давлат ҳимоясидаги иккита маданий мерос объекти президент Мирзиёевнинг топшириғи билан бузиб ташланган

Самарқанд шаҳрининг Европа услубидаги тарихий қисми, Камол Отатурк ва Шохрух кўчалари бурчагидаги собиқ шаҳар халқ таълими бўлими биноси ва Лутфий кўчаси 70- ва 72- уйларда жойлашган собиқ 9-сонли меҳрибонлик уйи бинолари президент Мирзиёевнинг топшириғи билан бузиб ташланганлиги аниқланди.

Бу маълумот шахси сир тутиш шарти билан ушбу бузулишларга алоқадор шахс томонидан маълум қилинди. Ушбу шахс ўз сўзларининг тасдиғи сифатида тегишли ҳужжатларни ҳам тақдим этди. Хусусан, расмий ҳужжат – «Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баени»нинг 18 бандида: «Шоҳрух кўчасидаги собиқ халқ таълими бўлими биноси ва Лутфий кўчасидаги 9-сон меҳрибонлик уйи ҳудудида кўп қаватли уй-жойлар қуришни ташкил этиш» кўрсатилган.

Президент Мирзиёев 2017 йил апрелида Самарқандда ўтказган мажлис баёни
Президент Мирзиёев 2017 йил апрелида Самарқандда ўтказган мажлис баёни

Бошқа бир расмий ҳужжат - Маданият вазирлиги қошидаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Реставрация ва муҳофаза қилиш илмий методик кенгаши раиси А.Иргашев томонидан тасдиқланган 2017 йил 6 октябр кунги 10-сонли мажлис баёнининг 7 ва 8 бандларига асосан юкоридаги икки бино давлат ҳимоясида бўлган ва президент топшириғи билан бузилганлиги сабабли маданий мерос объектлари кадастр рўйхатидан чиқариб юборилган.

Бундан ташқари баёнда 9-меҳрибонлик уйи олдида XIX-XX аср дарвоза устунлари ҳам бузилганлиги қайд этилган. Президент Мирзиёев ушбу икки бинони бузишга рухсат бераётган пайтда уларнинг маданий мерос объекти ва ЮНЕСКО ҳимоясида эканлигидан хабардор бўлган ёки бўлмаганлиги юзасидан маълумот мавжуд эмас.

Ҳозирги кунда ҳар икки маданий мерос объекти ўрнига қурилган кўп қаватли уй-жойлар ноқонуний қурилган деб топилган ва ЮНЕСКО томонидан бузилиши талаб этиб келинмоқда.

Блогер Мирзо Субханов

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

Алоқадор

XS
SM
MD
LG