Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:15

"Сардоба иши" бўйича ҳукм: Айбланган 17 шахсдан 10 нафари жарима билан қутулди


Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангинов билан. Сардоба, Май, 2020
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангинов билан. Сардоба, Май, 2020

2021 йил 10 май куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати "Сардоба иши" бўйича айбланган 17 кишига нисбатан ниҳоий ҳукмни эълон қилди. Унга мувофиқ, айбланганларнинг аксарияти - 10 киши базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари миқдорида 133 800 000 сўм жаримага ҳукм қилинди

Бир кишига 4 йиллик озодликни чеклаш жазоси, яна бир шахсга энг кўп - 10 йил қамоқ жазоси тайинланди

5 киши эса 4 - 5 йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилди.

Фожиага бир йил тўлиши арафасида ҳукумат комиссияси Сардоба фалокатига қурилиш жараëнидаги масъулиятсизлик ва қатор техник камчиликлар сабаб бўлганини айтган. Расмий баëнотда бу камчиликларга йўл қўйганларнинг жиноий жавобгарликка тортилгани айтилганди.

Раматовнинг "ўнг қўли" 10 йилга қамалди

Олий суд ҳукмга оид расмий хабарда "бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли" ёпиқ ўтказилган маҳкамадаги судланувчиларнинг тўлиқ рўйхатини жамоатчиликка биринчи бор ошкор қилди.

Аввалроқ Озодлик ўз манбаларига таяниб, Сародоба ишининг айрим тафсилотларини ёритган ва айбланганларнинг аксарияти жарима билан Озодликка чиқиши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

Олий суд матбуот хизмати эълон қилган баёнотга мувофиқ энг узоқ қамоқ муддати - 10 йилга маҳкум этилган шахс “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК бош директорининг ўринбосари – Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган М. Холматовдир. У Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Сардобадан бир йил ўтиб: Сув остида қолган сирлар. Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:21 0:00

Озодлик манбаларига кўра, Махмуд Хайитбаевич Холматов Сардоба сув омбори қурилган йилларда Холматов «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси бош директорининг ўринбосари¸ гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган. Сардоба сув омборини 2017 йил май ойида муддатидан олдин қуриб битиришдаги жонбозлиги учун Мирзиëев 2017 йил 9 декабрь куни унга «Шуҳрат» медали берган. Мирзиëев Холматов баробарида унинг беш ишчисини ҳам Сардоба қурилишидаги меҳнати учун айни медаль билан тақдирлаган. Асли янгийўллик Холматов¸ уни билган ҳамкасбларига кўра¸ Сардоба қурилишида “Раматовнинг ўнг қўли” бўлгани айтилади.

Суд ҳукмига мувофиқ, Холматов жарима тайинланмаган ягона судланувчи. Суд жараёниданг хабардор Озодлик манбасининг айтишича, Холматов суд тергови жараёнида "ҳукуматда юқори мансабни эгаллаб турган шахсларнинг жавобгарликка тортилмаганидан норозилик билдирган ва етказилган зарарни қоплашдан бош тортган".

Сангиновнинг "ўнг қўли" суд залидан озод этилди

Сардоба тўғонининг ёрилиши бўйича жиноят ишининг энг муҳим фигурантларидан яна бири “Резаксой сув қурилиш” УК раҳбари Карим Рўзиев 10 май куни суд залидан озод қилинган.

Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 258-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган Рўзиев қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган ва маҳкамага тортилганлар орасидан суд залидан озодликка чиқарилган ягона шахсдир.

У “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангиновнинг ҳамюрти¸ ўнлаб гидроиншоот қурилишида ҳам расман¸ ҳам норасман Сангиновнинг “ўнг қўли” ролини бажариб келган. Янги номи To’palang Water Construction МЧЖга айланган “Резаксой сув қурилиш” Сангиновнинг хусусий бизнес ҳолдинги таркибига кирувчи 7 ширкатдан бири. Қамалгунга қадар Карим Рўзиев “To’palang HPD Holding” акциядорларидан бири ҳам эди. Бу ҳолдинг акцияларининг 61 фоизи Сангиновнинг кенжа ўғли Ислом Абдуғаниевга тегишли. Ҳолдинг директори ҳам Ислом Абдуғаниев.

Суд ҳукмига биноан судланувчилар маҳкум этилган жарималарнинг умумий миқдори 2 миллиард сўм ёки 200 минг АҚШ долларига яқин. Озодлик манбалари давлатга етказилган зарарни қоплаш учун судланувчилардан ундирилган маблағ миқдори¸ 45 миллиард сўмдан ошиқроқни ташкил этгани ҳақида айтган. Марказий банкнинг жорий курси бўйича бу 4 миллион АҚШ долларидан кўпроқ.

Суд жараёнига яқин манбанинг Озодликка айтишича, 4-5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган шахсларнинг кассация жараёнлари ортидан озодликка чиқарилиши эҳтимоли катта.

Тўғон ўпирилишига асосан, буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилгани ва жараëн давомида белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилгани сабаб қилиб келтирилган.

Судланувчиларнинг деярли барчаси ЖКнинг 167 ( ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209 (мансаб сохтакорлиги), 258 (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) шунингдек, уч нафари Жиноят кодексининг 203-моддаси ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Мирзиёев лойиҳаси

2010-2017 йилларда қурилган Садоба сув омбори давлат бюждетига қарийб ярим миллиард долларга тушган. Газета.уз нашри ўзи кўрган ҳужжатларга таяниб¸ сув омбори қурилишининг 1.3 триллион сўм ëки 405 миллион АҚШ долларига тушганини ëзган. Бу рақам ҳукумат томонидан рад этилмаган. Аммо қарийб ярим миллиард долларлик улкан давлат лойиҳаси¸ унинг молиявий манбаси ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ.

Сирдарë чўлида улкан сув омбори қуриш ғояси маҳаллий матбуотга кўра, қурилиш бошланган кезлар бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиëевга тегишли.

2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Тўғон ёрилиши оқибатида юз берган тошқин Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини эвакуация қилиш амалиётига сабаб бўлди - юз минглаб одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди.

Сардоба: “Бу ерлар олдин жаннат эди” – омон қолганлар ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00

Ўтган вақт мобайнида кўплаб сардобаликлар ўзларига ажратилган ёрдам ёки товон пулини ололмагани, уй-жойга бўлган ҳуқуқлари бузилганидан шикоят қилиб келган. Уйлари бузилганлар орасида ҳануз бошпанасиз яшаётганлар бор.

Президент Мирзиёев Сардоба тўғонининг ёрилишида коррупциянинг роли борлигини тан олган ва жабрланганлар учун адолатни қарор топтиришга ваъда берган эди.

Сардоба иши бўйича суднинг ниҳоий ҳукми сув омбори қурилиши учун масъул президент Мирзиёевга яқин икки қудратл мулозим Очилбой Раматов ҳамда Абдуғани Сангиновларнинг ролига ойдинлик киритмайди.

XS
SM
MD
LG