Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:02

Саҳрода йўқолган хоразмлик балиқчилар қидирилмоқда


Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманига балиқ овига бориб, адашиб қолган хоразмлик балиқчилар қидирилмоқда. Расмийлар маълумотига кўра, 8 кун аввал балиқ овидан қайтаётиб, адашиб қолган 5 балиқчидан 3 нафари топилган. Ҳозирда яна 2 балиқчини қидириш ишлари давом этаяпти.

Маълумотларга қараганда, хоразмлик беш киши балиқ овлашга борган жой саҳро ўртасида жойлашган бўлиб, у ерга бориш учун 70-80 километр саҳро ичкарисига кириш лозим.

Нукусдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Хоразмнинг Урганч тумани, Ғалаба қишлоғидан бўлган беш нафар балиқчи 3 июль куни Тахтакўпир туманига балиқ овига бориб, уйига қайтишда адашиб қолган.

“Улар жами беш киши бўлган. Машинада “Хитой қазган” коллекторидан балиқ овлашга боришган. Ўша жойдаги кўлларда балиқ кўплиги учун Хоразмдан ҳам балиқ овлашга келиб туришади. Улар балиқ овлаб, уйига қайтиб кетаётган пайти саҳрода машина бузилиб қолади. Икки балиқчи машинани тузатиш учун уста қидириб кетади. Қолган уч балиқчи ҳам ичишга суви тамом бўлгач, сув қидириб кетишади. Уста қидириб кетган икки балиқчи уста топиб қайтиб келишади. Машинани тузатгач, уч шеригини қидириб топа олмагач, Хоразмга қайтиб кетишади. Орадан бир неча кун ўтгач, сув қидириб кетганлардан яна бири Хоразмга пиёда етиб боради. Унга саҳрода учраган чўпон ёрдам берган. Қолган икки балиқчи саҳрода адашиб қолишган”, деди ҳуқуқ-тартибот идораси мулозими исмини очиқламаслик шарти билан.

Тахтакўпир туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, 9 июль куни саҳрода бир кишининг жасади топилган ва у йўқолган балиқчилардан бири сифатида тахмин қилинмоқда.

“Топилган кишининг мурдаси Урганчга жўнатилди. Ҳозир қидирув ишлари давом этаяпти. Ну​кусдан бир группа МЧС ходимлари келган, улар қидираяпти. Кейин бизни ходимлар ҳам қидиришда иштирок этаяпти. Балки саҳрода адашиб қолган балиқчи Хоразмга пиёда кетгандир ва уйига етиб борар деган тахмин ҳам йўқ эмас”, деди Тахтакўпир туман ИИБ ходими.

Хоразм вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Тахтакўпирдан жўнатилган кишининг мурдаси ҳозирда тиббий экспертизадан ўтказилаяпти.

“Ҳали бу мурда ўша йўқолган балиқчилардан бирига тегишли эканини аниқ айта олмаймиз. Чунки экспертиза хулосалари ҳали чиқмади. Биз ҳам кутиб ўтирибмиз. Хоразмга тирик қайтиб келган уч балиқчи ҳам ҳозир Тахтакўпирда шерикларини қидиришда иштирок этаяпти. Балиқчилар 70 километрча саҳро ичига кириб кетган экан. Ҳозир Урганчда жуда иссиқ бўлаяпти. Саҳродаги иссиқ даҳшат бўлса керак. Саҳрода адашиб қолган балиқчилар иссиққа чидай олмай қолган бўлиши мумкин”, деди ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакатда 7-10 июль кунлари аномал иссиқ ва қуруқ ҳаво бўлиши, ҳаво ҳарорати +45 даражагача кўтарилишидан огоҳлантириб, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва жисмоний ҳаракатларни камайтиришни тавсия қилди. ​

XS
SM
MD
LG