Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2021, Тошкент вақти: 00:46

Сенатор газетанинг 1.5 млрд пулини фоиз эвазига "таниш" ширкатга берган. У коррупция иддаоларини рад этмоқда


"Зарафшон" - Самарқанд вилоят ҳокимлиги газетаси

"Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририятига обуна, реклама ва эълонлардан тушган пуллар корхоналарга устама фоиз эвазига кредит сифатида йўналтириб келингани маълум бўлди.

1 февралда Иқтисодий ишлар бўйича Самарқанд шаҳар суди “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти даъво аризасини тўлиқ қаноатлантирди ва унинг фойдасига “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖ дан 1 млрд 90 миллион сўмлик қарзни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошевнинг Озодликка билдиришича, суд қарори билан ундирилаётган пул “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖ га 10 фоизлик устама эвазига берилган эди.

Марказий банк масъул ходимига кўра, Ўзбекистонда устама фоиз эвазига жисмоний ёки юридик шахсларга кредит ажратиш ҳуқуқи банк, молия-кредит ташкилотларидан бошқаларга берилмаган.

Иқтисодий ишлар бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Ислом Ҳамроқулов 1 февралда қабул қилган қарорга биноан, “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖ “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятига 1 млрд 90 миллион сўм қарзни ҳамда давлат божи сифатида тўланган 22 млн сўмни қайтариб бериши лозим.

Иқтисодий ишлар бўйича Самарқанд шаҳар судида 1 февраль куни кўрилган ишлар жадвали.
Иқтисодий ишлар бўйича Самарқанд шаҳар судида 1 февраль куни кўрилган ишлар жадвали.

Суд мажлисида иштирок этган маҳаллий блогер Мирзо Субҳоновдан олинган бу хабарни тилга олинган икки газета бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев тасдиқлади.

Газета нега қарз берган эди?

Озодликка маълум бўлишича, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев 2018 ва 2019 йиллар давомида “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖга (раҳбари Фаррух Тошев) йиллик 10% устама тўлаш шарти билан жами 1,5 млрд сўм қарз берган.

Қарзнинг кичик қисмини “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖ қайтарган, бироқ катта қисми - салкам 1 млрд 90 млн. сўмлик асосий қарз ва фоиз қисми газета таҳририятига қайтарилмаган.

Жавобгар “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖ директори ўринбосари Баҳриддин Ибрагимов судга берган кўрсатмасида қарзнинг ўз вақтида қайтарилмаганини корхонаси пандемия шароитида оғир молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётгани билан изоҳлаган.

“Жамиятимизнинг асосий фаолияти хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлиб, пандемия сабаб янги қурилган уч юлдузли меҳмонхонамиз ва замонавий кўнгилочар дам олиш аквапаркимиз фаолияти тўхтаб қолган. Шу сабаб қарздорликни ўз вақтида сўндира олмаяпмиз. Лекин шунга қарамасдан ҳам бугунгача таҳририятга жаъми 222,0 млн сўмлик фоиз пулларини тўлаб келганмиз”, – деган судда “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖ вакили.

Икки юридик шахс ўртасидаги баҳсми бу ёки...

Хўжалик юритувчи икки юридик шахс ўртасидаги бу олди-берди, бир қарашда, табиий кўринади. Боз устига иш судда кўрилди, ҳақдор ҳақи қарздордан ундириладиган бўлди.

Бироқ маҳаллий блогер Мирзо Субҳоновга кўра, пули қарзга бериб юборилган икки газета журналистларининг бу ишдан хабари бўлмаган.

“Таҳририятнинг миллиардлаб пулларини бирон бир гаровсиз хусусий ширкатларга бериб юбориш ҳолатидан таажжубдамиз. Ушбу маблағларни аслида газетани ривожлантириш ва журналистлар иш ҳақини оширишга сарфланса мақсадга мувофиқ бўлар эди, чунки ушбу пулларни жалб қилишга оддий журналистларнинг ҳам меҳнати синган”, деган журналистлардан бири.

Сенатор нима деди?

Озодлик суд иши ва журналистларининг иддаолари юзасидан фикр билдиришини сўраб, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев билан боғланди.

Сенатор Тошев 1 февралда суд қарори чиққанини, “Dоbusiya Samarqand Aqualand” МЧЖ га 10 фоиз устама эвазига қарз берганини, пул таҳририятники эканлигини тасдиқлади.

“Dоbusiya Samarqand Aqualand”га биз бир неча марта қарз берганмиз. Бундан ташқари яна тўрт-бешта ташкилот билан шундай олди-берди қилганмиз. Бошқа газеталар, бошқа ташкилотларгаям ёрдам берганмиз. Қарз олди-берди қилишга ҳақимиз бор. Бу ҳақда Низомимизда ёзилган. Қарз фоизи ҳисобидан 4-5 та штатимизни тўғрилаб турамиз. Бир йилда рекламадан 1 миллиарддан ортиқ пул тушади. Шундан фойдаланамиз”, деди сенатор-муҳаррир Фармон Тошев. Сенатор Тошев тилга олган газета Низомини Озодлик мухбири кўрмади.

Фармон Тошевнинг айтишича, пул таҳририятга обунадан, рекламадан, эълонлардан тушади. "МЧЖ сифатида фаолият кўрсатадиган газета тушган пулларни ўз ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтиришга, тиражни оширишга, ходимлар маошига сарфлайди", деди Тошев.

Сенатор Озодлик билан суҳбатда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятини “масъулияти чекланган жамият – МЧЖ”, деб атади. Бироқ Озодликда мавжуд ҳужжатда таҳририят МЧЖ эмас, Давлат унитар корхонаси эканлиги айтилган.

Маҳаллий блогер Мирзо Субҳоновнинг аниқлашича, газета таҳририяти ушбу қарзларни ташкилот таъсисчиси бўлган Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан келишмаган.

Сенатор Фармон Тошев таҳририят пули нега айнан Фаррух Тошевга берилганини мана бундай изоҳлади:

“Фаррух Тошев билан фамилиядошмиз холос. Фамилиямиз бир хил бўлгани учун одамлар бу ерда коррупцион унсур бор деб ўйлаган. Унинг менга алоқаси йўқ. Ахир пул сўраб келган одам менинг фамилиядошим бўлса, менинг айбимми бу?!”

Сенатор “Dоbusiya Samarqand Aqualand” ва бошқа “4-5 та ташкилот” қарзни банкдан эмас, ундан олишини устама фоиз банкникидан пастлиги билан изоҳлади. Қарзнинг гаровсиз берилганини эса, пул сўровчини обдон ўрганиб, кейин бериши билан тушунтирди.

Бош муҳаррир Фармон Тошевнинг иддао қилишича, у бошқараётган “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари журналистлари бошқа вилоятлардаги журналистларга нисбатан яхши ойлик олади, улар бошқа имтиёлардан ҳам фойдаланади:

“38 ходимим бор. Ҳар йили уларга йил бошида 100-200 млн. сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратамиз. Ҳар бири йилига 10 миллионгача олади ва маошидан қайтаради. Журналистларимиз ойлиги бошқа вилоятлардагига қараганда яхшироқ: 4 миллиондан кам эмас. Бундан ташқари 13- маош олишади. Бепул овқат билан таъминланади. Фаррошларимиз ойлиги ҳам манаман деган ташкилотларникидан кам эмас”.

Банк эмас ташкилотлар устама фоиз эвазига кредит ажратиши мумкинми?

Озодликнинг бу саволига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати мулозими бундай жавоб берди:

"Молиявий кредитлар ажратиш ҳуқуқи банклар ва микрокредит ташкилотларигагина берилган. Бошқа барча юридик шахсларнинг бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи йўқ".

Ўзбекистонда банклар фаолияти “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси президенти 2019 йилнинг 5 ноябрида имзолаган қонун билан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири кучга кирган.

Мазкур ҳужжатнинг 5- моддасига биноан “кредитларни уларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти билан ўз номидан ўзининг маблағлари ҳамда жалб этилган маблағлар ҳисобидан бериш” банклар амалга оширадиган операцияларидан биридир.

XS
SM
MD
LG