Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:13

Сирдарёлик абитуриент: Вилоятимизга ажратилган квоталарни бошқа вилоятликлар эгаллаб олмоқда (ВИДЕО)


(Иллюстратив фото)
(Иллюстратив фото)

Ўзбекистоннинг тиббиёт олий ўқув юртларига қабул қилиш учун вилоятларга ажратилган мақсадли қабул квоталари бўйича берилган грантлар, Озодликка арз қилган сирдарёлик баъзи абитуриентлар иддаосича, бошқа вилоятликлар томонидан эгаллаб олинмоқда.

Тошкент Тиббиёт Академияси қабул комиссияси аъзоларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳужжатларни онлайн қабул қилиш тартиби абитуриентларга истаган ҳудудда пропискага туриб, ҳужжат топширишга имкон беради.

Президент Мирзиёев 2017 йилнинг 5 майида имзолаган “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга биноан, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан вилоятлар учун Ўзбекистон тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мақсадли қабул бўйича квоталар ажратилиб келмоқда.

Ҳукумат шу тариқа юқори малакали тиббиёт кадрларига ҳудудларда бўлган ўткир талабни қондиришни режалаштирган эди.

Бироқ Озодликка бир гуруҳ сирдарёлик абитуриентлар номидан мурожаат қилган 20 яшар Мадина Амирова Сирдарё вилоятига ажратилган квоталарни бошқа вилоятликлар эгаллаб олаётгани учун, икки йилдан буён Тошкент тиббиёт институтларига ҳужжат топшириб, ўқишга киролмаётганини иддао қилди:

- Бу квоталар нотўғри тақсимлашаяпти. Ўтган йили Тошкент Тиббиёт Академиясининг Даволаш факультетига ажратилган 35 грант ўриндан 21 тасини сирдарёликлар олибди, қолганлари бизнинг вилоятдан эмас. Бу йил ҳам Тошкент Тиббиёт Академиясида Сирдарё вилоятига ажратилган 47 та ўриннинг катта қисмини бошқа вилоятдагилар эгаллади.

Мадинанинг айтишича, у бу маълумотларни Тиббиёт Академиясида ўқиётган ва масалани атайлаб ўрганган юртдошларидан олган.

Мадина Амированинг ишонишича, айрим мактаб битирувчилари ўтиш балли пастроқ бўлган Сирдарё вилоятига “прописка”га туриб, шу вилоятдан тиббиёт олийгоҳларига ҳужжат топширмоқда:

- Бизнинг вилоятимизга келиб, вақтинчалик прописка олиб, топширворишаяпти. Бизнинг вилоятда 100 фоиз яхши тест ечадиганлар йўқ, билим даражаси пастроқ. Мен 134 балл йиғдим, ўтиш балли эса 149 бўлди. Энг кўп сирдарёликлар номидан грант олган бола хоразмлик экан. Улар медицина институтларини битириб, ўз вилоятларига қайтиб кетади. Сирдарёдан “врач чиқсин” деб ҳукумат берган грантлардан сирдарёлик ёшлар фойдалана олмаса бу квоталардан нима наф?!

Сирдарëлик абитуриент: Бошқа вилоятдагилар ўринларимизни олиб қўймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:07 0:00

Абитуриент Мадинанинг бу иддаоларини Тошкент тиббиёт олийгоҳида ўқиётган сирдарёлик бир неча талаба ҳам такрорлади.

Исмини очиқламасликни сўраган сирдарёлик талабалардан бири бу йил Тошкент Тиббиёт Академиясининг 1- курсини битирганини, Сирдарё вилоятига ажратилган 35 грант ўринга қабул қилинган курсдошларидан 14 нафари бошқа вилоятликлар эканини айтди.

Талабанинг бу иддаоси рост-ёлғонлигини Академия маъмуриятидан сўраб билишнинг имкони бўлмади.

Абитуриент Мадинанинг айтишича, 20 га яқин ота-оналар квоталар масаласида Сирдарё вилоят ҳокимиятига шикоят билан чиққан ва ҳокимлик мутасаддисидан “бу масалада кейинги йил тартиб ўрнатамиз” деган жавобни олган.

Озодлик Мадина айтган "квоталар масаласига жавобгар Умид исмли Сирдарё вилоят ҳокимлиги мутассадиси" билан боғланди. Бироқ у саволни эшитдию жавоб бермай алоқани узиб қўйди.

Тошкент Тиббиёт Академиясининг қабул комиссияси аъзоларидан бири, Озодликнинг вилоятларга ажратилаётган квоталар масаласида берган саволига жавобан, ҳужжатларни онлайн қабул қилишга оид янги тартиб абитуриентларга истаган ҳудудда пропискага туриб, ҳужжат топширишга имкон беради деди:

- Ҳужжат топширган пайтда яшаш жойидаги паспорт маълумоти бизга келиб тушади. Пропискаси қаерда бўлса ўша жойдан ҳужжат топширилади. Қабул комиссияси унинг пропискасини назорат қила олмайди! Ҳаммаси қонуний бўлса, демак абитуриент бошқа вилоятга пропискага туриб, тиббиёт институтига ҳужжат топшириши мумкин. Бу квоталар ўша ҳудудларда тиббий мутахассислар етишмаслиги учун жорий қилинган эди. Лекин улар олийгоҳни битирганидан кейин ўз вилоятига бориб ишлаб беришлари шарт.

Олийгоҳ ходими сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси олий таълим муассасалари имкониятларидан келиб чиқиб, вилоятлардан келган абитуриентларни Давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш кўрсаткичларини белгилаб беради.

Мақсадли қабул орқали ўқишга кирган абитуриент олийгоҳни битиргач, ўз ҳудудида Давлат комиссиясининг алоҳида қарори билан белгиланадиган ва шартномада кўрсатилган муддатда, масалан, уч-беш йилгача ишлаб бериши шарт. Борди-ю, у шартномада белгиланган шартлар бўйича ишлашдан бош тортса, юборилган жойда ишлашни истамаса, бунинг сабаблари ўрганилиб, шартномада белгиланган тартибда иш кўрилади.

Қабул комиссияси аъзоси ўқишни битириб, ўз вилоятига қайтиб ишлаб беришдан бош тортган тиббиёт мутахассисидан давлат томонидан ўқишга сарфланган маблағ суд орқали ундирилиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди.

2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига 80 430 нафар, сиртқи таълим шаклига 19 985 нафар; кечки таълим шаклига 1 985 нафар, магистратурага 7 695 нафар талаба қабул қилиш белгилаб қўйилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG