Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:24

"Мабодо душман шимолдан бостириб келса..." - тармоқлар рус тарихчисининг иддаоси ҳақида


Рус тарихчиси Михаил Смолин большевиклар инқилоби юз берган 1917 йилга қадар "ўзбеклар миллат сифатида мавжуд бўлмагани"ни иддао қилган.
Рус тарихчиси Михаил Смолин большевиклар инқилоби юз берган 1917 йилга қадар "ўзбеклар миллат сифатида мавжуд бўлмагани"ни иддао қилган.

Миллатчи ёзувчи Захар Прилепиннинг ўтган ой қилган баёнотидан фарқли, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги россиялик тарихчи Михаил Смолиннинг "1917 йилгача ўзбек миллати бўлмагани" ҳақидаги сўзларига расмий муносабат билдирмади.

Аммо тармоқ фаолларининг фикрича, “Россия империячиларининг Ўзбекистонга нисбатан фитна ва провокациялари агрессив босқичга ўтмоқда”.

Ўзбекзабон ижтимоий тармоқлар россиялик тарихчи Михаил Смолин лафзида янграган “инқилобга қадар ўзбеклар миллат сифатида мавжуд бўлмаган” деган даъвога умумият-ла ана шундай муносабат билдирди.

22 январь куни НТВ телеканалида эфирга узатилган “Место встречи” ток-шоусида Марказий Осиё республикаларининг ташкил этилиши масаласи муҳокама қилинди. Рус империячилиги тарғиботчиси деб таърифланадиган Михаил Смолин кўрсатув давомида ўзбек, қозоқ ва озарбайжонларнинг миллат сифатидаги кўп асрлик тарихини шубҳа остига олди.

“Масалан, ўзбеклар (1917 йилги) инқилобгача бўлмаган. Бундай этник номнинг ўзи йўқ эди. Ўрта Осиёдаги бир қанча халқларни чоғиштириб, ўзбеклар яратилган”, дейди у.

Бир ой аввал россиялик ёзувчи ва ҳарбий арбоб Захар Прилепин Ўзбекистонни рус давлатига қўшиб олиш таклифи билан чиққан эди. Провокацион баёнот ортидан Россиянинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган"ди. “Ўзбекистон суверенитетига таҳдид” деб баҳоланган ушбу можаро ҳовури ҳали босилмасдан россиялик яна бир пропагандачи баҳсли баёнот билан чиқиши маҳаллий фаолларни дарғазаб қилди.

“...Украинага босқин ҳам айнан мана шу каби умумий тезислар асосида бошланган. Яъни узоқ йиллар шовинистик пропаганда машинаси томонидан Украинанинг давлатчилик тарихи йўқлиги, миллат сифатида мавжуд эмаслиги, Ленин яратган сунъий давлат эканлиги ҳақидаги чўпчаклар рус халқи онгига сингдирилган ва бугун бунинг оқибатини ҳаммамиз кўриб турибмиз”, деб ёзди ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев.

У “рус шовинистларига мулойим ва бағрикенг муносабат”ни тўхтатиб, Смолин каби шахсларга қарши жиноят иши қўзғатиш, Ўзбекистонга киришини тақиқлашни талаб қилган.

"Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш". Тошкент "чуқур ташвишда", аммо норозилик нотаси йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:42 0:00


Собиқ депутат ва жамоат фаоли Расул Кушербоев ҳам Ўзбекистонда Украина босқини арафасидаги усул қўлланаётганидан огоҳлантирган.
“Катта эҳтимол билан Кремль буюртмаси асосида рус зиёлилари секин-аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини руҳан тайёрламоқда. Бу сценарий Украинага босқиндан олдин ҳам қўлланган”, дейди Р.Кушербоев.


“Ўрусияда Жириновскийси ўлди, аммо шовинизм ўлгани йўқ. Буларнинг ҳар бирининг ичида биттадан Жириновский бор... Бири ўлса, бошқаси гапираверади. 1917 йилгача ўзбеклар миллат сифатида йўқ эди, дебди. Нима қиламиз энди? Сўкиб-сўкиб қўяверамизми?” дея луқма ташлади шоир Алишер Назар.

Тармоқлардаги баҳсга биринчи марта мамлакатнинг мафкура ўчоғи саналган Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ҳам қўшилди. Аммо Мирзо биратўла барча хорижий телерадиоканаллар ва ҳатто сайтларни зудлик билан чеклашни таклиф қилди.

“ Бугун шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг “қўланса ҳиди” анқийди... Шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўз жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани ўта аянчлидир...

Жамиятимизни бундай хуружлардан, заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатимиздаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда интернетдаги сайтларни зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни вазиятнинг ўзи тақозо этаётир", деб ёзди мулозим.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев "маънавият вазири"нинг таклифини "салла билан бирга каллани олиш" дея баҳолади.

"Кутилмаганда Маънавият маркази раҳбари ҳам фикр билдирибди. Фақат салла билан бирга каллани ҳам қўшиб олиб ташлаш шарт эмас. Гап ўзи ҳар доим битта давлат ҳақида кетган ва ҳозир ҳам ўша давлат ҳақида кетяпти, "давлатлар" деб бир яхши ташаббуснинг расвосини чиқаришга зарурат йўқ", деб ёзди журналист.

"Гап асосан телеканаллар ҳақида кетаётганида (сайтларни чеклаш беҳуда, дейди Тикток), маънавият вазиримиз “радио каналлар”ни ҳам эслаб кетгани қизиқ (дунёда Ўзбекистонга қарши ишлаётган бирорта радиоканал қолдими ўзи? Эскича қараш бўйича, ҳа, қолган ва у Попов кашф этган “Маяк” ё “Спутник” эмас, Маркони кашф этган тўлқинларда ишловчи, масалан, “Озодлик”. Янги Ўзбекистоннинг “очиқлик сиёсати”да ҳам тақиқдан чиқмаган нарсани яна қандай тақиқлаш мумкин, ҳайронман).

Ўзбекистонга фақат Россия пропаганда телеканаллари ташланяпти. Чекловнинг керагидан ортиқ кенгайишига имкон берувчи бошқа ташаббусларга зарурат йўқ, менимча".

Блогер ва Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатованинг фикрича, ҳозирги вазиятда Россия пропаганда ТВларини тақиқлашнинг ўзи кифоя эмас.

“Мана сенга деб, айни декоммунизация ҳақида қонун қабул қилиб юборадиган пайт. Ҳеч бўлмаса, лойиҳасини ишлаб чиқайлик”, дея давлат ва жамиятнинг барча бўғинларини шўро оқоваларидан тозалашга ундади вазирлик ходими.

Тармоқ фаоли Олимжон Акрам Ўзбекистон ҳукуматининг Кремл пропагандаси қаршисидаги эҳтиёткорона тутумини ўзига хос тарзда заҳарханда қилди.

"Ташқи таҳдид ортиб борар экан, сизларга бир савол бор ўртоқ мулозимлар;

Мабодо душман шимолдан бостириб келса, миллат эркаклари учун юртни химоя қилиш қонунан мумкинми?

Ёки камерагами, радарга тушиб қолса, иштарап келмайдими?

Қуролли кучларга ёрдам тариқасида, параллел харакатланиш, партизанлик харакати олиб бориш, душман танкларига Молотов коктейли улоқтириш Ўзбекистон фуқаролари учун мумкинми ёки табиий химояланиш учун ҳам кимдандир рухсат оламизми?

...Армияга оммавий сафарбарлик эълон қилинса, мулозимлар, амалдорларнинг болалари учун алоҳида имтиёз (урушга бормаслик учун) жорий қилиниб, фақат камбағалнинг боласи гарданига юртни химоя қилиш қолиб кетмайдими?

Юртни уруш пайти ташлаб қочиш учун алоҳида "яшил йўлак" ташкил қилинса, GMнинг шартномасига талашган оломонни тасаввур қилаверинг", деб ёзди Фейсбук фойдаланувчиси.

"Миллий Тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда рус тилидаги таълим ва ОАВни чеклашни таклиф қилди.

Ҳозирча бу таклиф ва танқидларнинг биронтаси қонунчилик ташаббуси кўринишини олгани йўқ.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова тарихчи Михаил Смолиннинг баёнотга изоҳ берди.

“Айтилган гаплар ўта субъектив характерга эга бўлиб, воқеъликка ҳеч қандай алоқаси йўқ ва бутунича муаллифнинг виждонига ҳавола", деди Захарова.

Тармоқ фаоллари Россиянинг пропаганда телеканалларини ёпиш ва Ўзбекистон мустақиллиги ва ҳудудий бутунлигини савол остига олган шахсларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш юзасидан шошилинч қарорлар қабул қилишга чақиришмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг Украинага тажовузи бошланган 2022 йил бошида ўзбек фаолларининг айни мазмундаги таклифлари ҳамда Украина элчисининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қилган мурожаатини жавобсиз қолдирган эди.

Шу ой бошида президент Шавкат Мирзиёев муқаддам ўз манфаатларини "дипломатик йўллар билан илгари суриб келган давлатлар ҳозирда очиқ конфронтация йўлига ўтгани"ни айтган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG