Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 19:26

Тожикистонда собиқ судья 12 ёшли қизга нисбатан фаҳш ҳаракат қилганликда айбланмоқда


Душанбе шаҳар, Фирдавсий туман суди биноси.

Тожикистон пойтахтининг Фирдавсий туман суди 12 яшар қизга нисбатан фаҳш амаллар қилганликда айбланаётган собиқ судьянинг ишини кўриб чиқмоқда. Судланувчининг қариндошлари унга қўйилаётган айбловларни қатьиян рад қилмоқда.

Айбланувчининг шахсига оид маълумотлар Озодлик радиоси тожик хизмати (Радиои Озоди) ихтиёрида бор. Бироқ радио унинг исмини ошкор қилмади.

Собиқ судья ҳозир пенсияда, унинг ёши 60 дан ошган. У мамлакат Жиноят кодексининг 142- моддаси, 2- қисми (Фаҳш ҳаракатлар) бўйича айбланмоқда, бу моддага кўра, 2 йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Фирдавсий туман судининг ходими 24 сентябрь куни маълум қилишича, вояга етмаган қизнинг отаси ўз қўшниси устидан судга ариза берган.

Айни пайтда судланувчининг Душанбеда яшовчи қариндошлари айбловларни “мутлақо асоссиз” ва “туҳмат” дейишмоқда.

Судда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган қизнинг отаси воқеанинг айрим тафсилотларини ошкор қилди. Унинг айтишича, собиқ судья билан 13 йилдан бери Душанбедаги кўп қаватли уйлардан бирида қўшни яшашади. Таҳдид ва қўрқитиш йўли билан собиқ судья шу йилнинг июнь ойида қизига нисбатан фаҳш амалларини содир қилган ва жинсий эҳтиёжини қондирган.

Судланувчининг адвокати Муҳаббат Жўраеванинг Радиои Озоди билан телефон орқали мулоқотида ўз ҳимояси остидаги шахснинг иши бўйича изоҳ беришни рад қилди.

Қиз отасининг айтишича, юз берган ҳодисадан хабар топиши биланоқ ички ишлар идораларига мурожаат қилган. «Қизим сўнги вақтларда руҳий тушкунликда бўлди. Бир куни у ҳовлида дугоналари олдида йиғлаб қўшни эркак нималар қилаётгани ҳақида гапириб берган. Бу гапни учинчи қаватдаги қўшни аёл эшитиб қолган, қизимни ўз олдига чақириб олиб, нималар бўлганини айтиб беришни сўраган. Аёл қизимга бор гапни онасига айтишни маслаҳат берган, аммо қизим қўрққан. Барибир бу гаплар бизгача етиб келди», - дейди К.М.

Қизнинг отасининг айтишича, аввалига собиқ судьяга нисбатан ТР ЖКнинг 139- моддаси (“Жинсий характерда зўравонлик ҳаракати”) бўйича жиноят иши очилди. Кейинроқ эса 142- моддага (“Фаҳш ҳаракатлар”) алмаштирилди.

«Биз нима учун алмаштирилганини сўрадик. Бизга жинсий зўравонлик бўлмаганини, судланувчи ўзининг жинсий майлини қондирганини айтишди», - дейди қизнинг отаси.

Тиббий таҳлиллар ҳам вояга етмаган қиз зўрланмаганини, унинг бокира эканини исботлади. Хабардор икки манбанинг айтишича, судланувчи қизнинг танасидан ўзининг жинсий майлини қондиришда фойдаланган, бу фактлар прокуратура терговида тасдиқланди ва олинган далил асосида собиқ судьяга нисбатан айблов қўйилди.

Хабардор манбанинг сўзларига қараганда, собиқ судья суд идораларида 30 йиллик иш тажрибасига эга, У Тоғли Бадахшон Мухтор вилояти, Хатлон вилояти ва республикага бўйсинувчи туманлар судларида ишлаган. 5 йил муқаддам пенсияга чиққан. Суд жараёни ўтган ҳафтада бошланди ва ҳозирча иккита мажлиси бўлиб ўтди. Қизнинг отаси суд мажлисида адвокат иштироксиз қатнашди, 24 сентябрь куни ҳимоячи олди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG