Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

Суриштирув: Дунё бўйлаб ҳукуматлар журналистларни жосуслик дастури орқали кузатган


Кузатув камералари - иллюстратив сурат
Кузатув камералари - иллюстратив сурат

Исроилнинг NSO Group ширкати ишлаб чиққан Pegasus дастури бутун дунёда журналистлар, фаоллар ва турли ширкатларнинг раҳбарларига тегишли смартфонларни бузиб киришда қўлланилган. Washington Post, Guardian ва бошқа нашрлар ҳамкорликда ўтказган суриштирув хулосасида шу ҳақда сўз боради.

Forbidden Stories ташкилоти хуфиёна эшитилган телефон рақамлари қайд этилган бир рўйхатни қўлга киритиб, ўрганиб чиқди — унда Исроил ширкатининг ўнлаб мижозлари томонидан Pegasus тизимига киритилган 50 мингта рақам бор эди.

Суриштирув давомида журналистлар 50 дан зиёд мамлакатда яшовчи минг нафар рақам эгасининг шахсини аниқлашди. Хусусан, рўйхатдаги мингдан зиёд киши Франция фуқаролари бўлиб чиқди. Уларнинг телефонлари Мексика, Ҳиндистон, Марокаш ва Венгрияда туриб кузатилган.

Pegasus ҳавола орқали мобил телефонларни бузиб кириши ва электрон хатлар, қўнғироқлар ҳамда матнли хабарларни ўғринча ёзиб олиши мумкин. Айрим ҳолларда ушбу “жосус дастур” телефон эгаси ҳаволани очмаган тақдирда ҳам фаоллаша олади.

Дарвоқе, Pegasus дастури Туркияда ўлдирилган асли саудиялик журналист ва шарҳловчи Жамол Ҳашоггининг рафиқаси ва қайлиғи телефонларини бузиб киришда муваффақиятли қўлланилган.

Қурилмаси масофадан ўғринча бузиб кирилганлар рўйхатида CNN, Associated Press, Voice of America, New York Times, Wall Street Journal, Bloomberg News, Le Monde, Financial Times ва ҳатто Al Jazeera ходимлари бор. Рўйхатдан 65 нафар тадбиркор, 85 ҳуқуқ фаоли ва 600 дан ортиқ сиёсатчининг телефон рақамлари топилган.

Венгрияда суриштирувлар ўтказишга ихтисослашган Direkt36 нашрининг икки журналистига тегишли телефонларни бузиб киришган. Азарбайжонда эса 48 нафар журналист ана шундай кузатув объектига айланган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда — уларнинг аксари мамлакатдаги коррупция ва қатағонларни танқид қилиб келган.

Pegasus дастурини жиноятчиликка қарши кураш дастури сифатида лицензиялаштирган NSO Group ширкати ахлоқ меъёрларига риоя қилган ҳолда фаолият юритишини иддао қилиб, суриштирувни “асоссиз”, деб атаган. Ширкатнинг билдиришича, “дастурдан ҳуқуққа зид фойдаланилганига оид барча ишончли баёнотлар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилади”.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан офиси Венгрия махсус хизматлари ҳукумат ва ноҳукумат идоралари томонидан мунтазам назорат қилинишини билдирди. “Бу тарзда маълумот йиғиш ҳолатлари тўғрисида бизга ҳеч нарса маълум эмас”, дея Венгрия ҳукумати вакилидан иқтибос келтиради The Guardian.

2020 йилда Al Jazeera телеканали журналистлари кибержосусликдан жабр кўришганига оид далилларни намойиш этишган эди. Citizen Lab ҳисоботига кўра, хакерлар каналнинг камида 37 нафар ходимига қарши Kismet троян дастурини қўллаган. Ва у мобил қурилмага ўтгач, Pegasus дастурини юклаб олган.

Натижада смартфон ёки айфон эгалари тўла миқёсда кузатув объектига айланган — Pegasus мобил қурилмаларда сақланаётган барча маълумотларга кира олган, уларнинг эгаларининг жойини аниқлаган, сўзлашувларини ёзиб олган ва ҳатто яширинча фото ва видеотасвирга ҳам олган.

2017 йилда мексикалик журналистлар ҳам ўз ҳукуматини уларни Pegasus орқали таъкиб қилишда айблаб чиқишганди.

Forbidden Stories ноҳукумат ташкилотига 2017 йил ноябрда француз журналисти, ҳужжатли кино ижодкори ва сценарист Лоран Ришар томонидан асос солинган. Ташкилот сўз эркинлиги масалалари билан шуғулланади, таъқибдаги журналистларга кўмаклашади, шунингдек журналистларнинг қамоққа олиниши ёки ўлдирилиши муносабати билан тўхтаб қолган суриштирувларни давом эттиради.

XS
SM
MD
LG