Линклар

Шошилинч хабар
03 апрел 2020, Тошкент вақти: 07:26

Тожикистон. Мухолиф партия иштироки тақиқланган сайловда ҳокимиятдаги партия ғалаба қозониши кутилмоқда


Президент Имомали Раҳмон овоз бермоқда. Душанбе, 2020, 1 март.

Тожикистонликлар 1 мартда парламент сайловида овоз берди. Унда президент Имомали Раҳмон раҳбарлик қилаётган ҳокимиятдаги партия ишончли ғалаба қозониши кутилмоқда. Сайловда фақат битта мухолиф партия иштирок этди.

Якшанба куни бўлиб ўтган сайлов Марказий Осиёнинг авторитар давлатида етакчи мухолифат ташкилоти – Тожикистон Ислом уйғониш партияси (ТИУП) фаолияти беш йилча олдин тақиқлангандан бери ўтаётган биринчи парламент сайловидир.

Сайлов участкалари ёпилишидан бир оз олдин Тожикистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайловчиларнинг 75 фоизи – тахминан, 3,7 миллион киши овоз берганини маълум қилди. Тожикистон қонунига кўра, сайлов ҳақиқий деб топилиши учун унда сайловчиларнинг камида 50 фоизи овоз бериши керак.

Ҳеч қачон парламентга ўта олмаган Социал-демократик партия (СДП) сайловда беллашган ягона мухолиф партия бўлди.

Сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижалари 2 мартда эълон қилинишини билдирди.

Сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Худоёрзода олдинроқ “шаффоф ва одил сайлов ўтказиш” учун 3412 та сайлов участкаси ташкил этилганини хабар қилган эди.

Ғарблик кузатувчилар сўнгги 20 йилда Тожикистонда бирор марта ҳам эркин ва рақобатли деб аташ мумкин бўлган сайлов ўтказилмаганини айтмоқда. Улар орасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Европадаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқи бюроси

“Озодлик” мухбири кенг тарқалган муаммолардан бири сифатида ўзи гувоҳ бўлган ҳолат, яъни бир кишининг 22 та бюллетенни сайлов қутисига ташлаганини хабар қилди. Бунақа ҳолатлар акс этган видеолар Интернетда тарқалиб кетди.

Президент Раҳмоннинг ҳокимиятдаги партияси мамлакат парламентининг қуйи палатаси – Мажлиси Намояндагонда кўпчилик ўрин олиши кутилмоқда. Сайловда яна 6 та кичик партия иштирок этди.

СДП 5 номзодни рўйхатга киритди. Ҳар бир номзод учун 600 доллар тўланиши кераклиги ва маблағ етишмаслиги сабабли дастлабки 8 кишини рўйхатга кирита олмади.

Партия парламентга ўтиш учун 5 фоизлик тўсиқ қўйилгани учун ўтган сайловларда ўрин ола билмаган эди. У Тожикистон ҳокимият идораларини эркин ва ҳалол сайлов ўтказмаётганликда, мухолиф партияларга талабни жуда қаттиқ қўяётганликда айблаб келади.

Group 24 мухолифат ҳаракати экстремист ташкилот сифатида 2014 йилда тақиқланган, орадан бир йил ўтиб эса, ТИУП “террорчилик ташкилоти” деб аталган эди. Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий тарафдорларини СДПга овоз беришга чақирди.

Тожикистонда парламент ҳокимиятнинг номигагина фаолият юритувчи органи ҳисобланади, асосий ҳокимият президент Раҳмон қўлида жамланган.

МСК сайловда қатнашиш учун 241 нафар номзод рўйхатга олинганини айтди. 41 депутат бир мандатли округлардан, 22 нафари эса партия рўйхати тизими бўйича сайланади.

Бир мандатли округларда номзодлар 50 фоиз ва бир овоз олса, депутат бўлади. Ҳеч бир номзод бунақа овоз ола билмаса, энг кўп овоз олган икки номзод сайловнинг иккинчи босқичида беллашади.

МСК билдиришича, Тожикистонда меҳнат мигрантларини қўшиб ҳисоблаганда, 4,793,282 нафар сайловчи бор.

Ишсизлик даражаси юқорилиги сабабли юз минглаб тожиклар Россияда мигрант ишчи бўлиб ишламоқда. Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси тожик мигрантлари учун Россияда 5 та сайлов участкаси ташкил этганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG