Линклар

Шошилинч хабар
02 июн 2020, Тошкент вақти: 01:39

Тожикистон шимолидаги касалхонада 60 яшар бемор вафоти ортидан карантин эълон қилинди


Жаббор Расулов туман марказий касалхонаси. 2020, 5 апрель.

Тожикистон шимолидаги Жаббор Расулов туман марказий касалхонасида 60 яшар эркак вафот этиши ортидан уни даволаган 11 шифокорнинг тана ҳарорати кўтарилган ва туман марказий касалхонаси тўла карантинга олинган. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар қилди.

31 март куни ўпканинг сув олиши ёки пневмония ташхиси билан вафот этган беморнинг яқинлари, шифокорлар аҳволи ёмонлашгач, марҳум Қирғизистоннинг Боткен вилоятига сафар қилганини эътироф этган.

Исм ва фамилияси Озодлик тожик хизматига маълум бўлган беморнинг ўлимини ва бу воқеа ортидан 11 нафар врач ва ҳамширанинг тиббий текширувдан ўтказилгани ҳақидаги хабарни соғлиқни сақлаш ва ички ишлар органларидаги бир неча манба тасдиқлади.

Жаббор Расулов туман маркази Меҳробод шаҳарчаси аҳолисига келгуси икки ҳафта ичида вилоятдаги бошқа касалхоналарга мурожаат қилиш сўралган.

5 апрель куни тўлиқ карантин ҳолатига ўтказилган туман марказий касалхонасидан на беморлар ва на шифокорларга ташқарига чиқишга изн берилаётир.

Жаббор Расулов туман марказий касалхонасини 5 апрель оқшомида бориб кўрган Озодлик мобил мухбирига кўра, касалхона дарвозалари ички ишлар ходимлари томонидан қўриқланмоқда, касалхона ҳовлисида эса ниқобли шифокор ва беморлар юрибди.

Ички ишлар ходимларидан бири мобил мухбирга беморхона беркилганини тасдиқлаган ва: “Икки бемор иситмалаяпти, шунга кириш ва чиқиш тақиқланди” деб айтган.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимларидан бирининг исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка маълум қилишича, 5 апрель куни Жаббор Расулов туман марказий касалхонасининг 11 нафар ходими Хўжанд шаҳридаги юқумли касалликлар беморхонасига ётқизилган. Унинг қўшимча қилишича, барча шифокорларнинг тана ҳарорати кўтарилиб кетган, туман касалхонаси бош врачининг муовини, Алишер Абдукаримовнинг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан чегарадош Қўрғонча қишлоғида истиқомат қилган 60 яшар эркак 21 март куни касалхонага ётқизилган ва 31 март куни вафот этган.

У касалхонага ётқизилганидан 14 кун ўтиб, уни муолажа қилишда иштирок этган 11 врач ва ҳамширанинг тана ҳарорати кўтарила бошлаган. Айни куннинг ўзида марҳумнинг укаси ва хотини ҳам баланд иситма билан касалхонага ётқизилган.

Тожикистон расмийлари ҳозирга қадар мамлакатда коронавирус қайд этилмаганини айтиб келишади.

XS
SM
MD
LG