Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 07:20

Тошкент, Остона ва Бишкек кичик бизнесни “коронавирусдан даволашга” уринмоқда


Карантин даврида бозори касод бўлган тоифалардан бири таксичилардир.

Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектлари жорий йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди.

Бу коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлаш мақсадида Ўзбекистон президенти 18 майда имзолаган фармонда белгилаб қўйилган чоралардан биридир.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг қўшнилари - Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам кичик бизнесни сақлаб қолиш учун чоралар кўрмоқда.

Президент фармонни имзолаган куннинг эртаси – 19 майда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Сартарош ва таксичига енгиллик

Давлат раҳбари матбуот хизматинининг йиғилиш ҳақидаги ҳисоботидаги сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси кабилар учун қувончли хабар будир:

Ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади.

“Ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари (улар қаторида юқорида тилга олинганлар ҳам бор -таҳр.) даромад солиғидан озод қилинади. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя".

Иқтисодий таҳлиллари билан танилган блогер Bakiroo ўзининг Телеграм-каналида ҳукуматнинг бу чорасини шарҳлар экан, ёзди:

“Айниқса Ўзбекистонимизда таксичилик қилиб бола-чақа боқаётган, бировга оғири тушмайдиган, лекин солиқчи, мелиса ва "дарётранс"дагиларнинг асосий ўлжасига айланган юзминглаб фуқароларимизнинг мушкули осон бўлгани учун жудаям хурсандман”.

Ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари қаторида таксичилар ҳам 3 ойга даромад солиғидан озод қилинади.
Ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари қаторида таксичилар ҳам 3 ойга даромад солиғидан озод қилинади.

Янги деб тақдим этилган эски имтиёз

Айни пайтда блогер Bakiroo яна бир постида ўзини ўзи иш билан таъминлаганларга берилаётган имтиёз, аслида, янги гап эмаслигини эслатди:

“Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадлардан даромад солиғи ундирилмаслиги ўтган йили қабул қилинган ҳукумат қарорида белгиланган экан ва бу қоидалар янги таҳрирдаги Солиқ кодексига ҳам киритилган. Яъни, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жами даромадлар таркибига киритилмайди”.

Иқтисодчи блогер ҳукумат тасдиқлаган рўйхатга кўра ўзини ўзи банд қилган фаолият турлари ҳозирда 24 талигини хабар қилар экан, президентниг кечаги топшириғидан кейин мана шу рўйхат 60тагача кўпайтирилиши мумкин, деб ҳисоблашини билдирган.

Президентнинг 18 майдаги фармони ва 19 майдаги йиғилишдаги чиқишларида жуда кўп рақамлар келтирилган. Ўша рақамлардан баъзилари мана бу парчада келтирилган:

“500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади”.

1,7 триллион сўм тақрибан 170 миллион АҚШ долларидир – катта пул. Бироқ у қанча катта кўринмасин, 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 100 мингга яқин аҳолига тақсимланса, “катта пул”лиги қолмайди. Бас, шундай экан, бу пулга бизнес қилиб бўладими?

Ҳисоб-китобдан пайдо бўлган шубҳамизга жавобан иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев бундай деди:

Ўзбекистон ҳукумати бу пулларни еб кетишга бераётгани йўқ.

“Сиз нега бу пулни тенг тақсимлайди, деб ўйлаяпсиз. Бировига $600, бошқасига $10 берар. Лекин бир нарсага аҳамият беришингиз керак, Ўзбекистон ҳукумати бу пулларни еб кетишга бераётгани йўқ. Бизнесни тўхтатмаслик учун беряпти. Эртага бу пулнинг ҳисоб-китоби сўралади”.

Давлат раҳбари матбуот хизматинининг 19 йда ўтказилган видеоселектор йиғилишига доир ҳисоботида мана бундай дейилган:

Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайин.

“Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайин. Шу сабабли қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш зарур”.

"Бизнес машинасини аҳолига пул тарқатиш билан юргизиб юбориш мумкин"

Президент 19 майда ўтказган йиғилишдан икки ой олдин, 19 мартда gazeta.uz ўзбекистонлик иқтисодчи, Мэдисондаги Висконсин университети (АҚШ) докторанти Беҳзод Ҳошимовнинг мақоласини босган эди.

Иқтисодчи олим коронавирус туфайли юзага келган иқтисодий бўҳрондан чиқиш чоралари сифатида шу пайтгача ҳам имтиёзлардан фойдаланиб келган баъзи давлат корпорацияларини (масалан, Миллий авиакомпания) қўллаб-қувватламаслик кераклигидан огоҳлантирган.

Беҳзод Ҳошимов аҳолига тўғридан-тўғри пулли ёрдам кўрсатиш орқали истеъмолни рағбатлантиришни тавсия этган эди. Иқтисодчи фикрича, агар мамлакатдаги 5 миллион хонадоннинг ҳар бирига 100 долларга тенг пул тарқатилса, (жами 5 млн доллар) бу пуллар эртасигаёқ бозорга қайтиб боради ва иқтисодиёт машинаси юриб кетади.

Остона темир сандиқдаги $100 миллиардини майдалади

Олмаотадаги автомобилларга хизмат кўрсатиш цехи карантин чоралари юмшатилгач, қайта иш бошламоқда. 2020, май.
Олмаотадаги автомобилларга хизмат кўрсатиш цехи карантин чоралари юмшатилгач, қайта иш бошламоқда. 2020, май.

Қозоғистон ҳукумати ҳам коронавирус пандемияси зарбасини еган кичик бизнесни сақлаб қолишга уринмоқда.

“Қозоғистон ҳукуматининг махсус жамғармаси бор ва шу жамғармадан кичик бизнесга 1 триллион тангага (тақрибан $200 млн) яқин маблағ корхоналарга субсидия қилиб берилаяпти”¸ деди Остона кўраётган шошилинч чоралар тўғрисида иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев.​

Суҳбатдош айтган 200 млн долларлик субсидия масаласига чуқурлашмадикда, ундан вазиятни 10 киши ишлайдиган чоғроқ тикувчилик цехи мисолида тушунтириб беришни сўрадик.

Сапарбой Жубаевнинг айтишича, биз фараз қилган цех коронавирусдан қўрқиб 2 ой ишламади ва шу муддат учун ҳамда яна 3-4 ойга солиқлардан озод қилинади. Ишсиз уйда ўтирган ишчиларга эса, иш берувчи улар одатда оладиган ойлик иш ҳақининг 40 фоизигача бўлган миқдорда пул беради. Цех ишчиларга берадиган пулни ҳукумат жамғармасидан ажратиладиган кредит ҳисобидан тўлайди. Бу кредит деярли фоизсиз ва корхона уни ишга тушганидан кейин 1 йил муддатда қайтариб берса бўлади.

Қозоғистон нефть баҳоси жуда баланд бўлган 2001-2010 йилларда қарийб 100 млрд доллар пулни миллий жамғарма сифатида қора кунга сақлаб қўя олган.

Иқтисодчининг айтишича, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, иқтисодий бўҳрондан чиқиш учун Қозоғистоннинг молиявий имкониятлари кенгроқ. “Нефть баҳоси жуда баланд бўлган 2001-2010 йилларда қарийб 100 млрд доллар пулни миллий жамғарма сифатида қора кунга сақлаб қўя олган. Коронавирус бошлангач, ўша пулдан 18 миллиардини сарфлади” ¸деди Сапарбой Жубаев.

Қирғизистоннинг тикувчилик саноати 90%га қисқариб кетиши кутилмоқда

Бу прогноз Қирғизистон аъзо бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) Иқтисодий комиссияси ҳисоботида келтирилгани тўғрисида 20 май куни Азаттиқ радиоси хабар қилди.

Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг 70 фоизи кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келади.

Қирғизистон иқтисодиётида улуши катта бўлган тикувчилик саноати асосан кичик корхоналардан иборат. Коронавирусдан сақланиш учун эълон қилинган карантин бу корхоналарнинг ишини тўхтатиб қўйди.

Коронавирус пандемияси бошлангунича енгил саноатнинг Қирғизистон иқтисодиётидаги ўрни жуда катта бўлган. Бишкекдаги тикувчилик цехи.
Коронавирус пандемияси бошлангунича енгил саноатнинг Қирғизистон иқтисодиётидаги ўрни жуда катта бўлган. Бишкекдаги тикувчилик цехи.

Қирғизистонлик иқтисодий таҳлилчи Эркин Абдразақов мамлакат ҳукумати кичик бизнесга беришга уринаётган ёрдам тўғрисида Озодликка бундай деди:

“Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг 70 фоизи кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келади. Кичик бизнесга ёрдам масаласига келсак, агар корхоналар кредит олган бўлса, банклар устама фоиз ҳисоблашни 3 ойга тўхтатиб қўйганини айтишим мумкин. Бундан ташқари 11 майдан бошлаб баъзи корхоналарга, агар санитария талабларига риоя қиладиган бўлса, ишлашга рухсат берилди. Ҳукумат фоизи паст – 6 фоизли кредитлар беришни ваъда қилган. Лекин бу иш ҳали бошлангани йўқ”.

Қирғизистон ЕОИИ аъзо бўлиб кирган, лекин Қозоғистоннинг чегарасидан ўтиб, Россия ва бошқа мамлакатлар бозорларига етиб бориш масаласи ҳал бўлмаган

Эркин Абдразақовнинг айтишича, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши билан бандлар коронавирус карантини шароитида ҳам ўз экинларини экиб олди.

"Лекин етиштирилган ҳосилни экспорт қила оламизми? Бу масала очиқ қолмоқда. Қирғизистон ЕОИИ аъзо бўлиб кирган, лекин Қозоғистоннинг чегарасидан ўтиб, Россия ва бошқа мамлакатлар бозорларига етиб бориш масаласи ҳал бўлмаган", деди қирғизистонлик иқтисодий таҳлилчи Эркин Абдразақов.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG