Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:40

АҚШ Туркияни Сурияда ўт очишни тўхтатишга чақириб, Анқарага қарши санкция жорий қилди


АҚШ президенти Дональд Трамп ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Душанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп Туркияга қарши санкция жорий қилиб, Анқарани Сурия шимолидаги ҳарбий амалиётини тўхтатишга чақирди.

Ўтган ҳафтада Трамп Сурия шимолидан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни буюрган эди. Танқидчилар президент бу ҳаракати билан Туркияга ўз амалиётини бошлаш учун йўл очиб берганини айтмоқда.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс:

- Америка Қўшма Штатлари Туркиянинг Сурияга юришига бошқа қараб тура олмайди. Туркияни амалиётни бекор қилиб, зўравонликни тўхтатишга ҳамда музокара олиб боришга қайтишга чорлаймиз, - деди.

Президент Трамп эса Туркиядан импорт қилинувчи пўлат учун тарифларни қайта жорий қилиш режасини эълон қилди ҳамда 100 миллиард доллар қийматга эга савдо келишуви бўйича музокаралар тўхтатилганини билдирди.

Намояндалар палатаси раиси Нэнси Пелоси Трампнинг бу чоралари етарли эмаслигини таъкидлади.

Туркия Сурия демократик кучлари (SDF) таркибида етакчи мавқега эга курдларнинг Халқни ҳимоя қилиш ҳарбий бўлинмаларини (YPG) йўқ қилишни истайди. YPG кучлари Сурияда “Ислом давлати” жангариларига қарши курашда АҚШга кўмаклашиб келаётган эди.

Анқара YPG гуруҳини Туркиядаги курд исёнчиларга алоқадор террор гуруҳи деб ҳисоблайди

Россия дастаклаб келаётган Сурия қўшинлари эса АҚШ ҳудуддан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишини эълон қилиши ортидан курдлар бошқарувидаги ҳудудга юриш бошлади.

Натижада Вашингтон бунга қадар қўллаб келган курдлар ҳукумат кучларидан Туркия амалиётига курашда кўмаклашишга ёрдам сўрашга мажбур бўлди.

Сурия армияси мамлакат шимолига сафарбар қилингани президент Башар Асад ҳамда унинг ҳамкори Россия учун муҳим ютуқдир, чунки улар бугунга қадар ўз бошқарувида бўлмаган ҳудудларга кириб боришга муваффақ бўлди.

Эндиликда Сурия кучлари юзлаб километрга чўзилувчи фронт бўйлаб Туркия кучлари билан тўқнашади.

Сурия матбуоти мамлакат армияси курдлар бошқариб келган Манбиж шаҳрига кириб борганини хабар қилди. Аввалроқ Сурия ҳарбийлари стратегик Тел Тамер шаҳрига кириб борган эди.

Якшанба куни Вашингтон Сурия шимолидан 1000 нафар ҳарбийсини олиб чиқиб кетишини эълон қилган эди. Америка ҳарбийлари Сурия курдларига 2014 йилдан бери “Ислом давлати” жангариларига қарши курашда ёрдамлашиб келаётган бўлган.

Трамп оз сонли АҚШ аскарлари жанубий Сурияда жойлашган Танф шаҳрида қолишини билдирди. Аммо бу ҳарбийлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида амалга ошириладиган амалиётларда қатнашмайди.

Икки нафар АҚШ расмийси Сурия шимолидан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш бир неча кунда ўз якунига етишини айтди.

Трамп маъмурияти Америка қўшинларининг ҳудуддан олиб чиқиб кетилгани Туркия амалиётини бошлаб юборганини рад этмоқда.

2014 йилдан бери “Ислом давлати” жангариларига қарши курашда минглаб курд жангчиси ҳалок бўлган.

Курдлар АҚШ ҳудуддан чиқиб кета бошлаганидан кейин, Сурия армияси ҳамда Россиядан ёрдам сўрашга мажбур бўлишганини айтишмоқда.

Эндиликда курдларнинг қисмати қандай кечиши номаълум бўлиб қолмоқда. Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида курдлар Сурия шимоли-шарқида ўзлари учун автоном ҳудудни қўлга киритган эди. Асад эса ўз ҳукумати Суриянинг барча ҳудудларини қайта бошқарувга олишни истайди.

Трамп АҚШни Яқин Шарқнинг “битмас-туганмас” урушлари қаъридан олиб чиқиб кетиш истагида эканлигини изҳор қилган.

Бу орада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон:

- Таҳдидларга эътибор бермасдан, амалиётни охиригача давом эттирамиз, - деди.

- Курашимиз ғалаба қозонгунимизча давом этади, - дея қўшимча қилди президент.

Туркия Мудофаа вазирилиги амалиёт бошланганидан бери 560 жангари “нейтраллаштирилганини” билдирди. Аввалроқ Эрдўғон 500 нафар жангари ўлдирилганини айтган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG