Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:23

Туркия Қирғизистондан гуланчиларга қарши курашни талаб қилишда давом этмоқда


Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Женгиз Камил Фират.
Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Женгиз Камил Фират.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Анқара Бишкекда гуланчиларга қарши кураш масаласини ҳамон кун тартибида сақлаб қолаётганини билдирди.

Туркия Қирғизистондан гуланчиларга қарши курашни талаб қилишда давом этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:52 0:00

Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида элчи Женгиз Камил Фират:

-Гулан ташкилотининг тузилмасига назар солсак, бу ерда улар савдо, маориф ва бошқа ижтимоий лойиҳаларда фаолият юритмоқда, деб ўйлаймиз. Биз бу масалада қирғиз ҳукумати билан музокараларни давом эттирмоқдамиз. Масалан, “Себат”, ҳозирда “Сапат” деб аталадиган мактаблар юзасидан талабларимизни қирғиз томонига тақдим этдик. Бу масалада қирғиз томони қандай қарор қабул қилишини кутиб турибмиз, -деб айтди.

Туркия элчиси 2018 йилнинг 6 июнь куни Қирғизистоннинг Балиқчи шаҳрида “Себат/Сапат” мактабининг очилишига ҳам норозилик билдирган эди. Ўшанда Женгиз Камил Фират “бу ҳолат турк президенти Режаб Тоййип Эрдўғоннинг Қирғизистонга режалаштирилаётган сафарига салбий таъсир қилиши мумкин”, деб айтган.

Элчининг билдиришича, Эрдўғон сентябрь ойида Бишкекка келади. Мана шу ташриф доирасида Қирғизистонда Туркия назарида гуланчиларга мансуб бўлган ташкилотлар масаласи ҳал этилиши мумкин.

Туркия “Себат/Сапат” тизими ўрнига давлатга қарашли “Маъориф” жамғармаси мактаблари ташкил қилинишини таклиф қилмоқда.

Женгиз Камил Фиратнинг бу билдируви “Себат/Сапат” мактаблари тизимининг норозилигага сабаб бўлди. 16 июль куни “Себат/Сапат” томонидан тарқатилган баёнотда:

-“Сапат”нинг барча мактаблари Маъориф ва фан вазирлиги лицензиясига эга ҳамда расмий рўйхатдан ўтган. Ўқув дастури давлат дастурига мувофиқ келади ва бу дастурни Маъориф ва фан вазирлиги тасдиқлаган. 1994 йилдан бери “Сапат”нинг ўқувчилари халқаро ҳамда маҳаллий олимпиадаларда 72та олтин, 125та кумуш ва 216та бронза медалга сазовор бўлган. Мактаб битирувчилари "Google", "Samsung", "Microsoft", "Coinbase", "Deloitte" каби халқаро йирик ширкатларда ишламоқда, - деб айтилади.

Туркия ҳукумати 2016 йилдан бери Қирғизистондан Анқара 2016 йилнинг 15 июлида муваффақиятсиз тугаган давлат тўнтаришини уюштирганликда айблаётган уламо Фатҳулла Гуланга алоқадор экани айтиб келинган “Себат/Сапат” мактабларини ёпишни талаб қилиб келади.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 9-10 апрель кунлари Анқарага давлат ташрифи билан борган Қирғизистон раҳбари Сўўрўнбай Жээнбековни Бишкекдан бошпана топган гуланчиларга қарши курашга чақирган эди.

-Гуланчилар бизда қилган ишини эртага Қирғизистонда ҳам амалга оширади. Юзма-юз ва делегациялар ўртасидаги учрашувларда ҳам биз мана шу масалани кун тартибига қўйдик. Бу ташкилот Туркия учун қанчалик хавфли бўлса, Қирғизистон учун ҳам шунчалик қўрқинчлидир. Бу ташкилот раҳбарларини қаерда бўлмасин қўлга олиш ва томирини юлиб ташлаш, президент сифатидаги мажбуриятимиздир,- деган эди Эрдўғон.

Сўўрўнбай Жээнбеков ҳамкасбининг бу чақириға расман жавоб бермаган ва ўз позициясини ҳам ошкор этмаган.

Бундан икки йил аввал Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Фатҳулло Гулан тарафдорларини мамлакатдан бадарға қилишга рози бўлмагани ортидан Анқара ва Бишкек муносабатларига совуқчилик оралаган эди.

XS
SM
MD
LG