Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 00:23

Довулдан бир йил ўтиб айрим олотликлар Мирзиёев ваъда қилган ёрдамни ололмаганини айтмоқда


Довулдан зарар кўрган Бухоронинг Олот тумани.

Бухоро вилоятининг Олот туманида юз берган табиий офатдан бир йил ўтиб, ундан жабр кўрганлар президент ваъда қилган ёрдамни ололмаганликларини айтишмоқда.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий блогер туманга ажратилган ëрдам пули талон-торож қилинганини иддао қилди.

Ўзбекистоннинг Туркманистонга чегарадош ҳудудлари, айниқса Бухоронинг Олот ва Қоракўл туманларида ўтган йил 27 апрель куни рўй берган довул оқибатида кўплаб аҳоли уйлари, мактаб, боғча, маъмурий бинолар, маданий мерос ва спорт объектлари вайрон бўлган эди.

Офатдан бир кун ўтиб, Бухорога борган президент Шавкат Мирзиëев Олот ва Қоракўлни 10 кун ичида янгилаш ва бунинг учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилишини ваъда қилди.

Бюджет маблағларидан ташқари, тадбиркорлар ҳам ҳомийликка мажбурланганига қарамай¸ Озодлик билан суҳбатда бўлган баъзи олотликлар уйларини ўз маблағи ҳисобига тиклаганликларини айтишди.

Бухоро вилоятининг Олот туманидаги уй.
Бухоро вилоятининг Олот туманидаги уй.

“Уч ойгача уйимиз томи очилиб ётди”

Бухоро вилояти Олот тумани "Халқобод" маҳалласида яшовчи аёлнинг Озодликка айтишича, 27 апрель кунги довул оқибатида вайрон бўлган уйини ўзи тиклаганини айтади.

- Уйимни бир дона шифери қолмасдан учириб кетди. Президентимиз келиб, ўн кунда тиклаб берамиз, деб кетгандилар. Лекин уста ёллаб, 5 миллион сўм чиқариб, ўзимиз қилдик ҳаммасини. Чунки ҳокимликка борсак¸ мана шифер, ўзларинг қилаверинглар, усталар Сардобага кетишган, дейишганди. Қўшнилар ҳам ўзлари қилган - дейди аёл.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир аёл ҳам ўз уйи томини ўзи ёпганини айтди.

“Уч ойгача уйимиз томи очилиб ётди. Президент келиб кетганларидан сўнг у ёқда Сардобада сув тошқини бўлиб, бизга қарамай қўйишди, эътибордан четда қолиб қолдик. Ҳокимлик фақат кўзга кўринадиган жойларни томини қоқиб берди, қолганлар ҳаммаси ўзи қилди, - дейди аёл.

“Президент айтгандай бўлмади”

Олотлик блогер ва тадбиркор Феруз Чориев тумандаги аксар аҳоли ўз ҳисобидан ишчи ёллаб ўз уйларини ўзлари тиклаганини айтади.

“Тўқсон фоиз аҳоли ўзи уста ёллаб, ўзи қилди ҳаммасини. Мени ўзимни ҳам уйимни шиферини учириб кетди, ўзим қилдим. Парникларимни учириб кетди, 9 миллион ўз ёнимдан тўлаб тикладим парникларни. Ҳокимият фақат селофанини берди, унда ҳам бир қатини”.

Чориев туманга ажратилган ëрдам пули талон-торож қилинганини ҳам иддао қилади.

“100 миллиард сўм туман учун катта пул. Бундан ташқари, бошқа туман ва вилоятлардан одамлар олиб келиниб, деярли бепул ишлатилди. Солдатлар, МЧС ходимлари ишлади. Тадбиркорларга солиқ солинди. Лекин барибир президент айтганидай бўлмади, у ваъда қилганидай ёрдам кўрсатилмади. Шундай экан. 100 миллиард сўм қаерга кетди? Мен тўлиқ ишонч билан айтаман, бу пулни бир қисми талон-торож қилинди. Боғчаларга 100 миллион ҳаражат қилдик деб, 20 миллионлик иш қилишган холос. Кўриниб турибди. Биз бу бўйича туман прокуратураси иқтисодий жиноятлар бўйича департаментга ариза ҳам ташлаганманмиз, жавоб бўлгани йўқ. Четдан қарасангиз, туман бир йил ичида анча ўзгарди, лекин юқоридан қаралса, иморатларни усти ямоқ бўлиб ётибди.

Блогерга кўра, Олот туманидаги ўзи каби юзлаб иссиқхона эгалари ҳам зиён кўрган ва уларга ҳам ёрдамлар берилмаган.

“Бир йил деганда шу иссиқхоналарнинг 90 фоизи қайта тикланди. Шу йилни февралигача вайрон бўлиб ётди. Президент порталига арз қилганимиздан сўнг ҳокимият фақат селофанини берди, трубасини қисман берди, қолганини ҳаммасини иссиқхона эгаларининг ўзлари қилиб тиклашди. Мана ҳозир офатдан кейин биринчи ҳосилни оляпмиз”, - дейди Феруз Чориев.

Олот тумани ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мулозими офатни бартараф этишга ажратилган маблағлар талон-торож қилингани иддаорларини рад этди.

Бухоронинг Олот тумани, офатдан бир кун ўтиб олинган сурат.
Бухоронинг Олот тумани, офатдан бир кун ўтиб олинган сурат.

“Ҳар бир тийинигача ҳисоб-китоби бор”

Ҳокимлик мулозимига кўра, 100 миллиард сўмнинг қарийб 80 миллиарди Олот туманига, қолгани Қоракўл ва бошқа туманларга ажратилган.

“Ҳар бир тийинигача ҳисоб-китоби бор бизда. Бизнинг туман энг кўп талафот кўргани учун шу пулни 80 миллиони бизга ажратилди. Ҳозир Олот туманига келсангиз кўрасиз, томи бостирилмаган биронта уй қолмаган. Тўғри, ўша пайтда бир томонда пандемия, у ёқда Сардобада бизникидан-да дахшатли тошқинлар бўлди. Шунга кечикишлар бўлди, лекин шифер керак бўлса шифер, ёғоч керак бўлса ёғоч берилди. Ўша пайтда иккита шиферини учириб кетган бўлса, ўнта шифер сўраб келганлар ҳам бўлди. Афсуски, шунақалар ҳам бор. Ҳаммаси инспекция қилиниб, берилди. Парникчилар масаласида, улар кредит олган пайтда суғурта қилмагани учун муаммо бўлди. Суғурта қилиш учун пулни аяган, ўртада муаммо бўлиб, мана шу аҳвол юзага келди. Лекин шунда ҳам ҳокимлик уларга парниклари конструкциясини тиклашга ёрдам берди”, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табиий офатнинг эртасигаëқ иккала туманга бориб¸ ҳокимият вакиллари билан учрашган Шавкат Мирзиëев “қанча маблағ керак бўлса, бериш ва Олот ҳамда Қоракўлни 10 кун ичида янгилаш”ни ваъда қилган эди.

- Қўлимда ҳамма маълумот бор. Қанча маблағ керак бўлса¸ шунча берамиз. Биронта хонадон¸ биронта корхона¸ қишлоқ хўжалик соҳасидаям биронта фермерга зарар еткизмаймиз. Ғалла бузилган жойда пахта экамиз¸ меҳнат қиламиз¸ жипслашамиз. Эртага даромадимиз бундан ҳам кўп бўлади. Яна бир марта айтаман¸ ман ҳамма қарорларни қабул қилдим¸ ҳеч қандай зарар бўлмайди. Энг катта нарса ваҳимага тушмасдан¸ саранжом бўлиб¸ одамларимизни сақлашимиз керак. Ман ҳамма маблағни бераман¸ сизлар белларингни маҳкам боғлаб¸ янгиланиб оламиз. Ҳаммасини янгилаб бераман. Қозонни қайнашгаям имкония берамиз¸ бошқа шароитгаям имконият берамиз. Ҳеч хавотир қилманглар¸ 5 кундамас¸ 3 кундаям қилдира оламан¸ лекин карантин бор. Кўпи билан 10 кун¸ ўзимизнинг кучимиз билан қиламиз. Ҳеч балони ўйламанглар! Саросимага тушишга ҳеч ўрин йўқ! - деган эди 28 апрель куни икки туман мулозимлари билан учрашган Мирзиëев.

Ҳукумат комиссияси маълумотига кўра, 2020 йил 27 апрель кунги довул оқибатида Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл, Ромитан ва Шофиркон туманларида 38 мингдан зиёд аҳоли уй-жойи, 847 та ижтимоий соҳа объектлари ва экин майдонларига зарар етган.

Тавсия этилади

XS
SM
MD
LG