Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 10:42

Уйига қайтарилиши биланоқ ўлган ҳайдовчи ўтирган ҳибсхона бошлиғи қамоққа олинди


Иллюстратив сурат

Ўзбекистон туман (Фарғона вилояти) ИИБ тергов ҳибсхонаси бошлиғи ва ҳибсхона нозири маҳбус Абдураззоқ Қодировнинг ўлимига алоқадорликда гумон қилиниб, 25 сентябрь кечқурун ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон туман ИИБ ходими ҳамда Фарғона вилоят прокуратураси вакили Озодликка билдирди.

Матбуотга гапириш хизмат ваколатига кирмагани учун овози эфирга берилмаслигини истаган Фарғона вилоят прокуратураси ходимининг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон туман ИИБнинг икки ходими Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) ва 104-моддасида (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланилган бу икки зобитнинг исм-фамилияси Озодликка маълум.

Озодлик Бешариқ туманида (Фарғона вилояти) “Дамас” ҳайдовчиси бўлган 61 яшар Абдураззоқ Қодиров тергов ҳибсхонасида калтаклангани ортидан уйида 19 сентябрь куни ўлгани ҳақидаги мақолани 23 сентябрь куни эълон қилган эди.

Яқинларининг иддао қилишича, у ўлимидан бир соат олдин Фарғона вилоят, Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасидан олиб келинган.

Маъмурий ишлар бўйича Бешариқ туман суди котибининг Озодликка айтишича¸ ​Абдураззоқ Қодиров майда безориликда айбланиб 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.​

Терговга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, безориликда айбланиб маъмурий қамоққа ташланган Қодиров “қорамол ўғирлиги бўйича жиноятни ўз зиммангга оласан, дея калтаклангани ортидан ўлган".

Озодликка ўқиб берилган суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, марҳум тириклигида бўйни синган.

- Икки нафар Ўзбекистон туман ИИБ ходими 18 сентябрь, тунги соат 22 да акамизни олиб келиб ташлаб кетишди. Аҳволи оғир эди. Милисалар кетганидан сал ўтиб жони узилди¸ - деган эди исми айтилишидан қўрққан Қодиров яқинларидан бири.

Безорилик учун қамалган эди

Маъмурий ишлар бўйича Бешариқ туман суди котибининг Озодликка айтишича¸ “Қодиров Абдураззоқ Нозимович 2019 йилнинг 11 сентябрь куни Бешариқ туман ҳокимияти биносида бўлиб ўтган сайëр суд қарорига биноан МЖТКнинг (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс) 183-моддасига (Майда безорилик) асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига” ҳукм қилинган.

Суд котибига кўра¸ ўша куни у Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасига олиб кетилган.

Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасининг хозир қамоққа олинган бошлиғи 23 сентябрь Қодиров “Ҳибсхона журналига 10 суткага қамалди” деб ëзилгани ҳақида Озодликка билдирган эди.

Мулозим иддаосига кўра¸ Қодировнинг саломатлиги ëмонлашгани учун муддатидан икки кун олдин уйига элтиб қўйилган.

Хозирда қамоққа олинган ИИБ тергов ҳибсхонаси бошлиғи 23 сентябрь куни Озодлик саволига жавобан марҳум Абдураззоқ Қодиров ҳибсдалигида унга нисбатан "жисмоний жазо қўлланилмаганлигини" айтган эди.

Ўз исми айтилмаслигини истаган Ўзбекистон тумани прокуратура ходими 23 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда , Абдураззоқ Қодиров “Икки нафар оперлар тарафидан" калтаклангани ҳақда айтган эди.

- Қодиров ҳибсдалиги пайтида бир неча марта ҳушидан кетган. Уни калтаклаган оперлар "Тез ëрдам" чақиришган.

Ўзбекистон туман тиббиëт бирлашмаси ходимининг Озодликка 23 сентябрь куни айтишича, ИИБ хибсхонасида жазо ўтаëтган Қодиров учун 12 сентябрдан 18 сентябрь оралиғида уч марта "Тез ëрдам" чақирилгани дафтарга қайд қилинган.

Қодировнинг Озодлик суҳбатлашган қариндоши марҳумнинг бадани моматалоқ бўлиб кетганини иддао қилган эди.

Озодлик Қодиров ишини дастлабки босқичда малакалаб судга оширган ИИБ ходими билан ҳам гаплашган эди.

Бешариқ туман ИИБ профилактика инспектори Ўктам Сапохоновга кўра¸ марҳум яқинларининг аризасига биноан туман прокуратураси жасадни эксгумация қилиб суд-тиббий экспертизаси ўтказган.

Сапохонов ўзидаги мавжуд экспертиза ҳужжатини Озодлик мухбирига ўқиб берди. Ҳужжатда таъкидланишича, марҳумнинг боши 4- ва 5- рақамли бўйин умуртқаларидан травматик ажралган (бўйин узилган - таҳр.) Орқа мия лат ейиши¸ тўш суягининг 2- ва 3- рақамли қовурғалар бириккан жойида ëпиқ синиш ва гематомалар мавжуд.

- Тўмтоқ жисм билан урилганда содир бўладиган қонталашлар жасадда мавжудлиги ëзилган, - деган эди Ўктам Сапохонов​

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG