Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:15

ФҲДЁ биносида эр хотинини сўйиб қўйди


 Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

5 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш - ФҲДЁ (ЗАГС) биносида 26 яшар йигит ўз хотинини пичоқлади. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, аёл олган жароҳатлари боис, шифохонада оламдан ўтган.

8 сентябрь куни Озодликка хабар қилган данғараликка кўра, воқеа 5 сентябрь куни туман марказидаги ФҲДЁ бўлими биносида содир бўлган.

“Бу йигит Оқжар қишлоғидан. Ўша куни У ЗАГСга хотини билан ажрашиш учун борган экан. Ўша пайтда иккаласи жанжаллашиб кетиб, йигит ёнидан пичоқ чиқариб, хотинини сўйиб ташлаган. Кейин воқеа жойидан қочиб кетган. Лекин кейин ўзи милиция бўлимига бориб, ўзини топширган”, дейди воқеа тафсилотларидан хабардор данғаралик.

Данғара туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 26 яшар оқжарлик йигит ҳозирда ҳибсга олинган бўлиб, Қўқон шаҳар Ички ишлар бўлимининг тергов изоляторида ушлаб турилибди.

“Қотилликни содир этган фуқаро 1992 йилда туғилган бўлиб, унинг турмуш ўртоғи 1993 йилда туғилган. Улар 5 ой аввал жанжаллашиб қолишган ва хотини уйига кетиб қолган. Лекин ҳали ажрашмаган экан. Шунга қарамай хотини бошқага эрга тегиб кетибди. 5 сентябрь куни эр-хотин ЗАГСга қонуний ажрашиш мақсадида боришган. Ўша эрда эр-хотин учрашгач, жанжаллашиб кетишган. Эр ёнида бўлган пичоғи билан хотинига бир неча бор тан жароҳати етказган. Аёлни шифохонага олиб боришган, бироқ пичоқдан олган жароҳатлари оғирлиги боис оламдан ўтган”, деди Данғара туманидаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг мулозими.

(Йигит ва унинг марҳум хотинининг исм-шарифи Озодликка маълум. Бироқ тергов ҳаракатлари кетаётгани боис улар очиқланмаяпти. Таҳр.)

Ушбу воқеа юзасидан Данғара туман прокуратураси жиноий иш қўзғаган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

Ўзбекистонда оилавий жанжал оқибатида эр хотинини она фарзандларини сўйиб қўйгани холатлари ҳақида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар берган.

Жумладан, уч ҳафта аввал Янгийўлда Қурбон ҳайити куни эр хотинини пичоқлаб ўлдирди. Ҳодиса Янгийўлдаги "Шердор" тўйхонасига яқин маҳалладаги хонадонлардан бирида содир бўлди. Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, 35 ёшли фермер жаҳл устида хотинини бўғизлаган, бир неча пичоқ зарбидан аёл воқеа жойида жон берган.

Янгийўлда Қурбон ҳайити куни эр хотинини пичоқлаб ўлдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:35 0:00

Ўтган йил Хоразмда аёл 7 ва 10 ёшли фарзандини пичоқлаб ўлдирган эди.

2017 йил августида Самарқанднинг Тойлоқ туманда эса эр хотинини ўлдириб, жасадини ҳали қуриб битказилмаган дўкон учун тайёрланган хонанинг бурчагида бир метр чуқур қазиб, кўмгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Хоразмнинг Шовот туманида эса ўтган йил ноябр ойида 36 ёшли эркак ўз турмуш ўртоғини қишлоқ чеккасидаги далага олиб бориб, пичоқлаб ўлдириб, кейин устига бензин сепиб ёқиб юборганди.

Самарқанднинг Булунғур туманидаги Пастки Қўштамғали қишлоғида аёл пиёниста эрини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида ҳам Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2017 йилда оилавий жанжал оқибатида эр хотинини, хотин эрини ўлдиргани билан боғлиқ етмишдан зиёд холат қайд этилган.

Шулардан 61 тасида эр хотинини, 10 тасида эса, хотин эрини ўлдирган.

XS
SM
MD
LG