Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 06:50

Халқаро ташкилотлар ҳақдорларни қашшоқ мамлакатлар қарзидан кечишга чақирди


Кампания иштирокчилари 69 та қашшоқ мамлакатнинг қарз тўловларидан жорий йилнинг қолган даврида воз кечишга чақирди

Юздан ортиқ халқаро ва хайрия ташкилотлари дунёдаги энг қашшоқ мамлакатларга, коронавирус пандемиясига қарши курашда ёрдам бериш учун, уларнинг қарзларидан воз кечишга чақирди.

Бундай мурожаатнома G20 га аъзо мамлакатлар ҳукуматлари, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банкига юборилди. Унда 2020 йилда қарз тўловларидан воз кечиш ҳамда келаси йилларда қарзлардан бутунлай воз кечиш орқали қарз юкини камайтириш даъвати битилган.

“Ривожланаётган мамлакатлар мисли кўрилмаган иқтисодий фалажлик ва айни дамда соғлиқни сақлаш соҳасида кечиктириб бўлмайдиган фавқулодда ҳолатга дуч келмоқда”, ‒ деди Jubilee Debt Campaign ҳайрия ташкилоти директори Сара-Жейн Клифтон 7 апрелда тарқатилган баёнотида.

Британиянинг ушбу хайрия ташкилоти бошқа 140 ташкилот билан бирга ушбу баёнотга қўл қўйди. Имзо чекувчилар орпасида Oxfam ва Save the Children ташкилотлари ҳам бор.

Кампания иштирокчилари 69 та қашшоқ мамлакатнинг қарз тўловларидан жорий йилнинг қолган даврида воз кечишга чақирди. Даъват этилганлар орасида хусусий кредиторлар ҳам бор. Иштирокчилар ҳисоб-китобига кўра, ўша тўловлардан воз кечилса, жорий йилда 25 миллиард доллардан ошиқ, келаси йили ҳам шундай йўл тутилса, 50 миллиард долларлик маблағни қашшоқ давлатлар ихтиёрида қолдириш имкони пайдо бўлади.

Иштирокчилар яна қарзлардан воз кечиш ёки қўшимча молиялаштиришни тежаш сингари иқтисодий сиёсат шартларидан ҳоли бўлиши кераклигига даъват қилмоқда.

Баёнот G20 нинг ривожланаётган мамлакатлардаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга ёрдамлашиш вазифаси топширилган ишчи гуруҳи мажлисидан бир кун олдин тарқатилди.

ХВЖ билан Жаҳон банки ҳам энг қашшоқ мамлакатларнинг бошқа ҳукуматларга қарз тўловларини кечиктиришга даъват қилган эди, бироқ келгуси йилларда барибир ўша тўловларни қайтариш керак бўлади.

Клифтонга кўра, бу шу кунларда ўша пулни тежаш имконини берса-да, “ҳозирча вазиятни енгиллаштиради, бироқ тобора ортиб бораётган қарзлар муаммосини ҳал этмайди”.

Унинг фикрича, қарзлардан воз кечиш мамлакатларга пандемияга қарши курашиш учун пулни олиб қолишнинг энг тезкор усули бўлади.

Баёнотда яна соғлиқни сақлаш билан боғлиқ инқироз тугагандан сўнг ҳам қарз юкини камайтиришга чақириқ бор.

ХВЖ ўз маблағлари ҳисобидан фавқулодда молиялаштириш учун 50 миллиард доллар ажратди, унга 80 га яқин мамлакат ёрдам сўраб мурожаат ҳам қилди. Жаҳон банки COVID-19 га қарши курашиш мақсадлари учун 14 миллиард доллар ажратилишини тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG