Линклар

Шошилинч хабар
27 июл 2021, Тошкент вақти: 05:03

Халқаро хабарлар

Хитойда бир йил ўтиб яна коронавирус эпидемияси пайдо бўлмоқда

Хэбэй вилоятида яна ўнлаб одамларда коронавирус аниқланди.

Хитой сўнгги бир неча ой ичида илк маротаба коронавируснинг жиддий тўлқинига дуч келди. Пойтахт Пекиндан унча узоқ бўлмаган Хэбэй вилоятида яна ўнлаб одамларда коронавирус аниқланди.

Хитой 11 январда Ухан шаҳрида COVID-19га чалинган биринчи одам ўлганини ҳеч бир тарзда эсга олмаётгани ортидан яна янги беморлар пайдо бўлгани ташвиш уйғотмоқда.

Бир йил аввал Хитой матбуоти 61 ёшли эркак номаълум вирусдан вафот этгани тўғрисида илк хабарни тарқатган эди. Хабарда эркак номаълум вирусни Ухандаги ҳайвон бозорида юқтириб олган бўлиши тахмин қилинганди. Ҳозиргача коронавируснинг келиб чиқиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Ўшандан бери жаҳонда камида 90 миллон киши COVID-19га чалинди, беморлардан 1 миллион 900 минг нафари вафот этди.

Жаҳон ҳамжамияти Хитойни вирус ҳақида ўз вақтида маълумот бермаганликда ва маълумотларни яширганликда айблаб келади.

Хитой коронавирусга қарши курашда жиддий муваффақиятга эришди. Сўнгги беш ойдан бери илк маротаба Хэбэй вилоятининг Шицзячжуан ва Синтай шаҳарларида коронавируснинг янги тўлқини аниқланди.

Кун янгиликлари

Тожик тилининг имло қоидалари ўзгарди. Жами 119 ўзгартиш киритилди

Тожикстон президенти Эмомлаи Раҳмон “Тожик тилининг имло қоидалари ва тожик тилида тиниш белгиларининг қўлланилиши” тўғрисидаги ҳукумат қарорини имзолади.

Қарорга асосан шу кунгача амалда бўлиб келган тожик тили имлосига 119та ўзгартириш киритилди.

Янги қоидага биноан, бундан буён авваллари рус грамматикасига мос равишда "эм", "эль", "эн", "эр", "эс", "эф" деб талаффуз қилинган М, Л, Н, Р, С, Ф ҳарфлари эндиликда “ме” “ле”, “не”, “ре”, “се” ва “фе” деб айтилади.

Шунингдек, эндиликда касблар номидан касб эгаси аёл эканини ифодаловчи “а” қўшимчаси олиб ташланади. Яъни “муаллима”, “раиса”, “котиба”, “шоира”,”адиба” каби сўзлар фақат “муаллим”, “раис”, “котиб”, “шоир”, “адиб” шаклида ёзилади.

Бундан ташқари “лойи замин”, “чойи сабз” каби ўзак сўзларда “й” ҳарфини қўллаш шарт бўлади.

Қарорда бундан ташқари яна бир қатор ўзгартишлар қайд этилган.

Хитойда COVID-19 бўйича январдан бери энг юқори кўрсаткич қайд этилди

Хитойда сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган 76 бемор аниқланди. Беморлар орасида ўлим ҳолати юз бермади. Бу 2021 йилдан бери Хитойда аниқланган рекорд кўрсаткич бўлди.

Беморларнинг асосий қисми Цзянсу вилоятида аниқланган. Бунинг ортидан вилоят маркази Нанкин шаҳрида яшовчи 9 миллион аҳоли оммавий тарзда коронавирусга тест қилина бошланди.

Пандемия бошланганидан бери Хитойда 92,6 минг кишида COVID-19 аниқланди, 4,6 минг киши ўлди.

Қозоғистоннинг Тенгиз нефть конидаги ESS ширкати ходимлари иш ташлади

Тенгиздаги нефтчилар шаҳарчаси.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги Тенгиз нефть конидаги ESS ширкати ходимлари ойлик иш ҳақини ошириш талаби билан иш ташлади. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ESS ширкати “Тенгизшевройл” компаниясининг пудратчиси ҳисобланади.

“Тенгизшевройл” раҳбарияти иш ташлашдан хабардор эканини, лекин ишчиларнинг талабини ESS ширкати кўриб чиқиши лозимлигини билдирди.

ESS бош директори Майк Тейлор 213 нафар ходим ойлик иш ҳақини кўтариш талаби билан иш ташлаганини тасдиқлаган ҳолда, ширкат раҳбарияти айни пайтда ишчилар билан музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.

19 июлда Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги Жанаозен шаҳрида нефть қазиб олувчи бир неча ширкат ишчилари иш ташлагани хабар қилинган эди. Улар ҳам иш шароитлари яхшиланишларини ва маошлари оширилишини талаб қилмоқда.

Тенгиз Қозоғистондаги энг йирик нефть конларидан бири бўлиб, унинг захираси 3,2 миллард тоннани ташкил қилади.

БМТ: Афғонистондаги жанглар ортидан оддий аҳоли ўртасида ўлим ҳолатлари кўпайди

Кобулдаги қабристонлардан бири.

Афғонистонда май-июнь ойларида ўлдирилган ва яраланган оддий аҳоли вакиллари сони 2400 кишига етди. Бу 2009 йилдан бери икки ой оралиғида рўй берган ўлим ҳолатлари бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

БМТнинг навбатдаги ҳисоботида таъкидланишича, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Афғонистондаги жанглар оқибатида аёллар ва болалар ўртасидаги ўлим кўрсаткичи ўтган йилга солиштирганда 46 фоизга кўпайган. 2021 йилнинг олти ойида 468 бола ва 219 аёл ҳалок бўлди. 1214 бола ва 508 аёл яраланди.

2021 йилнинг январидан июнигача жами 5183 афғон ҳалок бўлди ва яраланди. Аниқ қилиб айтганда, ҳалок бўлганлар сони 1659 кишини ташкил қилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига қиёсланганида 47 фоизга кўпдир.

АҚШ Тожикистонга 1,5 миллион доза Moderna вакцинасини тақдим этди

Қўшма Штатлар COVAX дастури доирасида Тожикистонга COVID-19 га қарши 1,5 миллион доза Moderna вакцинасини тақдим қилди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, АҚШдан гуманитар ёрдам Душанбега 26 июль тонгида етиб келган.

Вакциналарнинг янги партияси Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони ўсиб бораётган бир пайтда келтирилган.

АҚШнинг Душанбедаги элчиси Жон Марк ўз ўлкасидан келтирилган вакциналар Тожикистонда кўплаб одам ҳаётини сақлаб қолишига ишонч билдирган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда пандемия бошидан бери 14 минг 592 киши коронавирусга чалинган, 117 киши қурбон бўлган.

Кўпчилик мутахассислар эса Тожикистонда коронавирусга чалинганлар ва хасталик туфайли қурбон бўлганлар сони расмий статистикада акс этганидан анча кўп, деб ҳисоблашади.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 август куни АҚШдан 3 миллион доза вакцина келишини билдирган эди.

The Insider нашри ўзининг “хорижий агент” мақоми ҳақида эслатма беришдан бош тортди

The Insider нашри ўз мақолаларини уларнинг “хорижий агент” функцияларини бажарувчи оммавий ахборот воситаси томонидан тайёрлангани ҳақида махсус эслатма билан эълон қилмайди. Бу ҳақда нашр бош муҳаррири Роман Доброхотов маълум қилган.

Унинг қайдича, The Insider Латвияда рўйхатдан ўтган ОАВ ҳисобланади, Россияда унинг ваколатхонаси йўқ, бинобарин “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга бўйсунмагани учун Россия расмийлари ҳеч кимга жарима сололмайди. Айни пайтда Доброхотов уни ва нашрнинг бошқа журналистларини ноқонуний таъқиб қилишлари мумкинлигини тахмин қилган.

Россия Адлия вазирлиги The Insider нашрини Алексей Навальний ва бошқа мухолифат вакилларининг заҳарланиши, Чехиядаги ўқ-дори омборларининг портлаши ва бошқа шов-шувли воқеалар юзасидан ўтказган суриштирувлари ортидан “Хорижий агент ОАВлар” рўйхатига тиркаган.

Реестрга, шунингдек, “Проект” нашрининг суриштирувчи журналистлари Михаил Рубин ва Софья Гройсман, Самарадаги “Другой город” веб-журнали бош муҳаррири Юлия Апухтина, “Откритие медиа” журналистлари Илья Рождественский ва Алексей Постернаклар ҳам киритилган.

“Хорижий агент ОАВлар” реестри ундан олдин 15 июль куни янгиланган. Ўшанда рўйхатга “Проект” журналистлари Роман Баданин, Петр Маняхин, Ольга Чуракова, Мария Железнова, Юлия Лукьянова, “Откритие медиа” журналистлари Юлия Ярош ва Максим Гликин, Шунингдек Озодлик радиоси рус хизмати мухбири Елизавета Маетнаялар киритилган эди.

Россия расмийлари амалдаги “Хорижий агент ОАВлар” тўғрисидаги қонунчиликни АҚШ ҳукуматининг “Америкадаги россиялик журналистларга қарши” хатти-ҳаракатлари инъикоси эканини иддао қилиб келишади.

АҚШ расмийлари Жефф Безос ва Ричарда Брэнсонни астронавт ўлароқ тан олгани йўқ

Жефф Безос (чапдан биринчи)

АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA) яқинда ўз ҳаво кемаларида суборбитал фазога парвоз қилган милиардерлар Жефф Безос ҳамда Ричард Брэнсонга астронавт унвонини бермади.

Би-Би-Си хабарига кўра, агентлик илк бор астронавт унвонини ва фазовий миссияларда иштирок этганлик учун кўкрак нишонини бериш мезонларини аниқлик киритган. Унга мувофиқ, бундан буён фақат экипаж аъзоси бўлган ва “парвоз хавфсизлигини таъминлашда сезиларли ҳисса қўшган” шахсларгина астронавт ҳисобланиши мумкин.

“Астронавт қаноти” кўкрак нишонини тижорий фазовий миссияларда иштирок этганлик учун олиш мумкин эди, бироқ фазовий туризм тараққий этгани сайин АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси мукофотлаш мезонларини кучайтирган.

АҚШда астронавт унвонини уч идора тақдим этади, булар: FAA, NASA ва Қуролли кучлар. Безос ва Брэнсон “NASA”дан нишон оладими, йўқми –ҳозирча маълум эмас.

Брэнсон 11 июль куни Virgin Galactic ширкати ишлаб чиқарган хусусий ҳаво кемасида фазога сафар қилган эди. Кема Ердан тахминан 80 километр баландга — фазо билан чегарага қадар кўтарилган ва шундан сўнг Нью-Мексико штатидаги “Америка” космодромига муваффақиятли қўнган.

Экспертлар Брэнсоннинг парвозини космик парвоз деб ҳисоблаш мумкинлигига шубҳа билдиришган: кўпчиликнинг фикрича, космос Ердан 100 километр баландликка кўтарилганидан сўнг бошланади.

Amazon эгаси ва дунёнинг энг бадавлат кишиси бўлмиш Жефф Безос 20 июль куни ўзининг New Shepard ракетасида фазовий парвозни амалга оширган. Ракета 107 километр баландлаб, сўнгра Ғарбий Техасдаги чўлга қўнган. Бутун парвоз 10 дақиқа давом этган ва автоматлашган тартибда бажарилган.

Норозилик чиқишлари ортидан Францияда санитария рухсатномаларига оид қонун лойиҳаси “юмшатилди”

Парижда мажбурий эмловга қарши ўтказилган акциядан лавҳа, 2021 йил 17 июли

Франция Сенати 25 июль куни коронавирус тарқалишига қарши курашга доир янги чора-тадбирлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Мазкур ҳужжат сўнгги кунларда мамлакатда оммавий норозиликка сабаб бўлган эди.

Қонун лойиҳаси тиббиёт хизматчиларини COVID-19 га қарши мажбурий эмлашни, шунингдек санитария рухсатномаларининг амал қилиш доирасини кенгайтиришни назарда тутади.

Сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи мухолифат вакиллари лойиҳага унинг қоидаларини “юмшатувчи” қатор тузатишлар киритишган: хусусан, санитария рухсатномаларини жорий қилиш август охиридан 15 сентябрга кечиктирилган, ресторан ва тамаддихоналарнинг кўча айвонларида ўтириш учун эса, сенаторлар фикрича, рухсатнома талаб қилинмаслиги керак. Шунингдек, вояга етмаган шахслар рухсатнома олиб юриш мажбуриятидан озод қилинган.

Энди парламентнинг қуйи палатаси бўлмиш Миллий йиғилиш қонун лойиҳасини қайтадан кўриб чиқиши лозим. Депутатлар сенаторлар таклифига қўшилмай, қонуннинг кескинроқ таҳририни маъқуллашлари мумкин.

Санитария рухсатномаларида шахснинг эмлангани, коронавирусга топширган тести манфий чиққани ёки организмида антитаначалар мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар қайд этилган бўлади. Парламентнинг аксари аъзоларига кўра, Францияда яшовчилар шу ҳужжатсиз оммавий тадбирларга, ресторанларга киритилмаслиги керак. Кинотеатр, театр ва музейларда бунақа чеклов аллақачон амал қилмоқда.

Мазкур чекловлар жамиятнинг бир қисмида кескин норозилик уйғотган. 24 июль куни Париж ва бошқа шаҳарларда санитария рухсатномалари жорий этилиши ва мажбурий эмловга қарши оммавий намойиш бўлиб ўтган. Расмий маълумотга кўра, намойишларда 160 мингдан ортиқ киши иштирок этган.

Суриядаги ҳужумда туркиялик икки аскар нобуд бўлди

Ҳалабда жанглар оқибатида вайрон бўлган бинолар

Туркия Мудофаа вазирлиги ўз армиясига қарашли бронетранспортёрга қарши уюштирилган ҳужумда икки аскар нобуд бўлгани, яна икки аскар яралангани ҳақида маълумот тарқатди. Ҳодиса Суриянинг Ҳалаб вилоятидаги Туркия қўшинлари назорати остидаги ҳудудда содир бўлган.

Туркия Мудофаа вазирлиги ҳужумчиларни “террорчилар” деб атаган, бироқ уларнинг қайси қуролли гуруҳга мансублигини очиқламаган. Хабарномада қайд этилишича, турк қўшинлари ҳужумчиларга қарши жавоб зарбасини беришган.

Туркия Сурия ҳудудидаги илк жанговар амалиётини 2016 йили бошлаган. Амалиётлардан мақсад экстремистик кайфиятдаги жангариларни Туркия чегарасидан нари суриб ташлаш бўлган. Кейин турк қўшинлари яна учта амалиёт ўтказган, бунда асосан Сурия ҳудудида яшовчи курдлардан ташкил топган халқ мудофааси отрядлари нишонга олинган. Анқара бу отрядлар Туркиядаги аксилҳукумат кучлар (Курдистон ишчи партияси) билан алоқа эканини иддао қилиб келади.

Ҳиндистонда сув тошқини оқибатида камида 115 киши ҳалок бўлди

Ҳинд қутқарувчилари хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилмоқда.

Ҳиндистонда 24 июлда сув тошқинларида камида 115 киши ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга қараганда, ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўпайиши мумкин. Чунки кейинги бир неча кун ичида сув тошқинлари тўхтамаслиги таҳмин қилинмоқда.

Сўнгги кунларда Ҳиндистоннинг ғарбий соҳилида давом этаётган Махараштр шаҳрида юзлаб одам бедарак бўлмоқда. Гоа штатида ҳам сув тошқинлари юз берди.

Табиий офат оқибатида биргина Махараштр шаҳрида 150 минг киши хавфсиз жойга эвакуация қилинди.

Ҳиндистонда ёмғирлар мавсумида сув тошқинлари тез-тез юз беради. Бироқ олимлар фикрича, иқлим ўзгариши оқибатида муссонлар ҳам кучаймоқда.

Европа суди: Грузиядаги презерватив ишлаб чиқарувчи ширкатининг сўз эркинлиги бўғилган

Aiisa презервативи қутисида грузин сиёсатчилари танқид қилинган карикатуралар ҳам акс эттирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди “сўз эркинлиги” бўйича иш доирасида Грузиянинг презерватив ишлаб чиқарувчи ширкати ҳукуматга қарши киритган аризани қаноатлантирди.

Aiisa ширкати ўз маҳсулотлари қутисини машҳур грузинларнинг суратлари, миллий ва диний орнаментлар билан безайди. Грузия суди 2018 йилда бу ҳолатни “маънавий ва диний қадриятларга зид” деб топган ҳамда ширкатни кичик миқдорда жаримага тортган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 22 июлда чиқарган ажримда “Грузия ҳукумати Aiisa ширкати хўжайни Аня Гачечиладзенинг сўз эркинлигини чеклашга ҳаракат қилгани”и таъкидланган.

Суд ҳукмида айтилишича, Грузия конституциясида белгиланган ва кафолатланган инсон ҳуқуқлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси доирасидаги мажбуриятлар “диний аҳлоқ ва маънавий тушунчалардан устун” бўлмоғи лозимдир.

Aiisa ширкати презервативлари қутисида грузин сиёсатчилари танқид остига олинган карикатуралар, гейлар ҳуқуқларини қўллаб қувватлашга қаратилган тасвирлар ва сексуал характерга эга бўлган ҳазиллар ҳам акс этади.

Қозоғистонда илк бор қишлоқ ҳокимлари сайлови ўтказилмоқда

Сайловда икки минг номзод иштирок этмоқда.

Қозоғистонда 25 июль куни 730 та сайлов округида қишлоқ ҳокимлари сайлови ўтказилмоқда. Сайловда икки минг номзод иштирок этмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, қишлоқ ҳокимлари лавозимларига 1419 номзод ўзини ўзи кўрсатган, 878 киши сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган.

Сайлов арафасида президент Қосим-Жўмарт Тоқаев “Твиттер”даги саҳифасида: “Бу воқеа сиёсий модернизациянинг янги босқичга кўтарилгани белгисидир”, деб ёзди.

Қозоғистонда ҳокимларни сайлаш талабини фуқаролик жамияти талаб қилиб келаётган эди. Тоқаев 2020 йилда ҳокимларни халқ сайлайдиган принципга ўтилишини билдирган. 2021 йилнинг майида эса бу борадаги конунчиликка ўзгартириш киритилганди.

Россияда COVIDдан ўлимнинг энг юқори кўрсаткичи такрорланди

Россияда COVID-19 пандемияси бошлангандан буён бу касалликдан ўлимларнинг энг юқори кўрсаткичи такроран қайд этилди. Шанба тонгида сўнгги бир кеча-кундузда 799 бемор вафот этгани маълум бўлди. Расман тан олинган кўрсаткич ўтган бир ярим йил ичида иккинчи марта қайд этилишидир. Биринчи марта 16 июлда шунча бемор вафон этган эди.

Россия бўйлаб бир кунда 23947 кишига COVID-19 ташҳиси қўйилди. Расмий статистикага кўра, пандемия бошланганидан буён Россияда 6 102 469 киши шу касалликка чалинган. Бир қатор нашрларнинг ёзишича, аслида касалга чалинганлар расмий статистикада келтирилаётган рақамдан тақрибан 5 баробар кўп бўлиши мумкин.

Касаллликка қарши кураш штаби маълумотларига қараганда, пандемия бошланганидан буён Россияда бу касалликдан 153 095 кўз юмган.

Қирғизистон собиқ президентига қарши олтинчи жиноят иши очилди

Алмазбек Атамбаев тарафдорлари олдида. Бишкек шаҳри, 2020 йил, 9 октябрь.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 2020 йил октябрида Бишкекда оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумон қилинмоқда. Айбловчиларга кўра, парламент сайлови натижаларидан норозилар Атамбаевни қамоқдан озод қилганидан кейин, cобиқ президент ҳокимиятни эгаллаб олишга уринган. Айбдор деб топилса, у 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу Атамбаевга қарши очилган олтинчи жиноят ишидир.

Тергов маълумотларига кўра, 9 октябрь куни Атамбаев собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар билан тил бириктириб, Бишкек марказидаги майдонда намойишга чиққан тарафдорлари орасида «салбий ва тажовузкор кайфиятни кучайтирган». Бу эса, тергов маълумотларига кўра, оммавий тартибсизликлар бошланиб кетишига туртки бўлган.

Ушбу воқеалар давомида Атамбаевнинг машинаси ўққа тутилган эди. Ўшанда унинг ҳаётига суиқасд қилингани эълон қилинган. Унинг тарафдорлари митинги яқинида эса Атамбаев билан бирга тергов ҳибсхонасидан озод қилинган собиқ бош вазир Сапар Исоқовнинг машинаси ҳам ўққа тутилган.

Ўша куни Бишкекда фавқулодда ҳолат ва комендант соати жорий қилинган ҳамда шаҳарга зирҳли машиналар киритилган. Атамбаев 10 октябрь куни яна қўлга олинган. Собиқ президентнинг адвокати аслида унинг тарафдорлари ҳужумга учраганини айтди.

Озарбайжонда Арманистоннинг 13 ҳарбий хизматчиси олти йилга қамалди

Озарбажон қамоқхоналарида қанча арман ҳарбийси сақланаётгани маълум эмас.

Озарбайжон суди Арманистон қуролли кучларининг 13 нафар ходимини чегарани ноқонуний кесиб ўтишда ҳамда қурол сақлашда айбдор деб топиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Боку суди бу қарорни 22 июль куни кечқурун чиқарди. Ҳарбийлар жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин, ватанига бадарға қилинади.

Судланган ҳарбийлар 2020 йилнинг декабрида Тоғли Қорабоғнинг Ҳадрут туманида Озарбайжон кучлари томонидан асир олинган 60 дан ортиқ арман ҳарбий орасида бўлган.

Ўшандан бери ҳарбийларнинг қарийб ярми мина ўрнатилган жойлар кўрсатилган хариталар эвазига Ереванга топширилди.

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди. Ноябрда тугаган тўқнашувлар 6 мингга яқин одам умрига зомин бўлди.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

Беларусда ПЕН-марказни тугатиш бўйича Олий судга даъво аризаси киритилди

Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич

Беларусь Адлия вазирлиги Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевич бошчилигидаги ПЕН-марказни тугатиш ҳақида Олий судга даъво аризасини киритди.

Ташкилотга 22 июль куни суддан келган хатда Адлия вазирлиги аризаси бўйича фуқаровий иш қўзғатилгани ҳақида айтилган. Хатда ПЕН-марказ вакилларидан маҳкама жараёнига ҳозирланиш учун 20 июль куни соат 10 да сўроққа келиш сўралган. Бу ҳақда Озодликнинг беларус хизмати ПЕН-марказ раисининг ўринбосари Татьяна Нядбай сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Пайшанба куни Беларусь ПЕН-маркази Минск расмийларини маданият арбобларига қарши репрессив сиёсат юритаётганликда айблангани маълум бўлганди. Ташкилот ҳисоботида таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда маданият ходимларига қарши 620 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган, бу эса 2020 йил ичида кузатилган ҳолатлар жамидан ҳам кўпроқдир.

“Айтиш мумкинки, президент сайлови ўтган 2020 йил августидан кейин айниқса кучайиб кетган босим ва репрессиялар ҳалигача сусаймаяпти, билъакс янги-янги шакл олиб, кўлами тобора кенгайиб бормоқда”, дейилган ПЕН-марказ ҳисоботида.

Адлия вазирлиги Беларусь Журналистлар ассоциациясининг тугатилиши бўйича Олий судга даъво аризасини киритгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

COVID-19: Қозоғистонда кунлик вирус юқтириш ҳолатлари 6 мингдан ошди

Қозоғистонда 22 июль куни коронавирус инфекцияси коронавирус инфекциясига чалиниш бўйича 6119 та ҳолат қайд этилган. Бу пандемия бошланганидан бери мамлакатда қайд этилган энг катта кунлик кўрсаткичдир. Бундан аввалги антирекорд чоршанба куни қайд этилган бўлиб, ўшанда кунлик ўсиш 5708 та ташкил этганди.

Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилнинг март ойидан бери Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 516 минг 117 нафарга етган.

Беморлар сони мамлакатда коронавируснинг “Дельта” штамми аниқланганидан бери кескин кўтарилиб бормоқда.

Хасталикка чалиниш ҳолатлари энг кўп пойтахт Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида кузатиляпти. Пайшанба куни Нур-Султонда 1381 кишининг, Олмаотада эса 996 кишининг вирус юқтириб олгани аниқланган.

Ўзбекистоннинг ён қўшниси бўлган Қозоғистон ўзбек муҳожирлари ишлаш учун энг кўп борадиган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

“Толибон” вакили ўзбек-афғон чегарасининг катта қисми ҳаракат назорати остида эканини иддао қилди

Ўзбек-афғон чегараси

“Толибон” радикал ҳаракати айни пайтда Афғонистон чегараларининг 90 фоизини назорат қилмоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги толибларнинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

З. Мужоҳидга кўра, Афғонистоннинг Эрон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегаралари ҳозирда “Толибон” ҳаракати томонидан тўла назоратга олинган.

“Афғонистон-Ўзбекистон чегарасининг катта қисми ҳам толиблар назорати остида, фақат Калдардаги Ҳайратонгина Кобул назорати остидадир”, деган “Толибон” вакили.

Аввалроқ Москвада матбуот анжумани ўтказишган “Толибон” вакиллари Афғонистон ҳудудининг 85 фоизидан кўпроғи ҳаракат томонидан назоратга олинганини иддао қилишганди.

Ўтган бир ой ичида “Толибон” ҳаракати, маълумотларга кўра, Афғонистоннинг Марказий Осиёга қўшни минтақаларида йигирмадан ортиқ туман назоратини қўлга киритган.

Толибларнинг ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кета бошлагани ортидан кучайган.

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги чегара узунлиги 137 километрни ташкил қилади.

Туркия: Прокуратура Бишкекдан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инандига 22,5 йиллик қамоқ жазоси сўради

Ўрхан Инандини топиш талаби билан Бишкекда ўтказилган норозилик акциясидан лавҳа, 2021 йил 16 июни

Анқара прокуратураси суддан Қирғизистон пойтахти Бишкекдан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инандини 15 йилдан 22,5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини сўраган. Бу ҳақда Туркиянинг давлатга қарашли “Онадўли” агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, Ў. Инандига “қуролли террорчилик ташкилотини бошқариш” айблови қўйилган, прокуратура ишни судга оширган.

Ўрхан Инанди Туркияда таваллуд топган бўлиб, Қирғизистонга 1995 йилда келган, 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. У раҳбарлик қиладиган “Сапат” (аввалги номи “Себат”) халқаро таълим муассасаси 16 та лицей, “Алатўў” халқаро университети, UWIS халқаро мактаби ҳамда 4 та тўлиқсиз ўрта мактабни ўз ичига олади.

Инанди 1 июнга ўтар кечаси Бишкекда ғойиб бўлганди. Мазкур ҳолат бўйича қирғиз милицияси мамлакат Жиноят кодексининг 170-моддаси (“Одам ўғирлаш”) билан жиноят иши очган. Кейинроқ уни Интерпол орқали халқаро қидирувга беришган.

5 июль куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон халққа мурожаати чоғида турк махсус хизматлари Ўрхан Инанди мамлакатга келтирганини, унинг таъбирича, “ФЕТОнинг Марказий Осиёдаги бошқарувчиси” бўлмиш Инанди турк адлиясига топширилганини маълум қилган эди.

Бокуда "Арманистонга ёлланган" россиялик қамалди. Судланувчи Озарбайжон махсус хизматига мансублигини айтди

Тоғли Қорабоғдаги Степанакерт шаҳри манзараси.

Баку суди Россия фуқароси Эдуард Дубаковни 10 йилга озодликдан маҳрум этди. Суд ҳукмида қайд этилишича, Дубаков Тоғли Қорабоғда Арманистон армияси ўтказган ҳарбий машғулотларда ёлланма аскар сифатида иштирок этган. Суд уни арманларни террорчиликка ўргатганликда, жиноий тил бириктиришда ва Озарбайжон ҳудудини ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топди.

Айблов хулосасида таъкидланишича, Дубаков Тоғли Қорабоғнинг Келбажар туманида ўтказилган ҳарбий машғулотларда Арманистон томонида бўлган VOMA жангари ташкилоти таркибида иштирок этган. 2021 йилнинг 14 январида у “провокациялар уюштириш мақсадида” Туркиядан Бокуга келган пайтда қўлга олинган. Озарбайжон махсус хизмати россиялик Бокуда террор ҳаракатини амалга оширишни режалаштирганини айтмоқда.

Дубаков судда ўзига билдирилган айбларни тан олмади. У ўзининг сўнгги сўзида Тоғли Қорабоққа Озарбайжон ҳукуматининг топшириғи билан борганини, 2018 йилдан бери Озарбайжон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишини айтган.

Дубаковга кўра, 2021 йилнинг январида махсус хизмат уни пул мукофотини олиб кетиш учун Бокуга чақирган ва қўлга олган.

Чехия суди Украина шарқидаги урушда иштирок этган беларусни 21 йилга кесди

Украин ҳарбийси.

Чехия апелляция суди Украина шарқидаги Донбасс ҳудудидаги урушда россияпараст исёнчилар тарафида жанг қилган 41 ёшли беларус Алексей Фадеевни террорчиликда айбдор деб топди ва 21 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Маълум қилинишича, узоқ йиллардан бери Чехияда яшаб келган Фадеев 2014 йилнинг октябридан 2016 йилнинг майигача россияпараст исёнчилар сафида жанг қилиш учун Украинага борган.

Биринчи инстанция суди Фадеев жангларда бевосита иштирок этмаган, фақат кўмак кўрсатиш ишларида иштирок этган деб қарор чиқарган ва уни 4,5 йилга кесган эди. Бироқ прокуратура бу қарор устидан апелляция судига шикоят аризаси киритганди.

Хитой коронавирус лабораториядан сирқиб чиққани тўғрисидаги таҳминларни текширишдан бош тортди

Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 келиб чиқиши юзасидан суриштирувига ҳамкор бўлишдан бош тортди.

Суриштирувнинг иккинчи босқичида вирус Ухандаги лабораториядан сирқиб чиққан бўлиши мумкин, деган таҳмин текширилиши лозим эди.

Хитой ҳукумати бу таҳминни бутунлай рад этган ҳолда, коронавирус мамлакатга хориждан кириб келган деган версияни текширишни талаб қилмоқда.

COVID-19 лабораториядан келиб чиққани тўғрисидаги версия касаллик тез тарқала бошланган пайтдаёқ пайдо бўлган эди.

Бу версия тарафдорлари Хитойнинг Ухань шаҳрида коронавирус ва SARS зотилжамини ўрганувчи жаҳондаги энг йирик лаборатория жойлашганини далил сифатида келтиради.

Аргентина ҳукумати эркак ва аёлдан ташқари “учинчи жинс” борлигини тан олди

Аргентина президенти Альберто Фернандес.

Аргентинада фуқароларга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда “аёл” ва “эркак”дан ташқари “учинчи жинс”ни белгилаш ҳуқуқи берилди. “Учинчи жинс” ҳужжатларда “Х” тамғаси билан белгиланади. Бу ҳақда президент Альберто Фернандес маълум қилди.

“Ҳукумат учун кимнинг аёл ва кимнинг эркак экани муҳим эмас. Муҳими фуқароларнинг ўқиётгани ёки ишлаётгани, вакцина олаётгани, солиқ тўлаётганидир. Уларнинг жинсий ориентацияси муҳим эмас”,-деди президент.

2020 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес Лотин Америкасида бир жинсли ва икки жинсли фуқаролик иттифоқларини легаллаштирган биринчи шаҳарга айланган эди. 2010 йилдан эса Аргентинада бир жинсли никоҳларга рухсат берилган.

Июнь ойининг охирларида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен паспорт олаётган фуқароларга ўз жинсини мустақил танлаш ҳуқуқи берилишини эълон қилганди. Нью-Йорк аҳолиси эса 2018 йилдан бери “эркак” ва “аёл”дан ташқари “аниқ эмас” деган жинсни танлаш ҳуқуқига эга.

Узоқ йиллар давомида фақат Австралиядагина фуқаролар ўз жинсини мана шу тарзда аниқлаш ҳуқуқига эга эди.

Тожикистон армиясининг жанговар шайлиги текширилмоқда

Душанбе. Жанговар шайликни текшириш амалиёти 22 июнда ўтказилди.

Тожикистон ҳукумати қўшинларнинг тайёргарлигини текшириш мақсадида ўз армиясини юқори жанговар шайликка келтиргани тўғрисида маълум қилди.

Президент Эмомали Раҳмон фармонига асосан Тожикистон юз минг аскарни, захирадаги 130 минг ҳарбийни, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларини мобилизация қилди.

Жанговар шайликни текшириш амалиёти 22 июнда ўтказилди. Бу Тожикистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор ўтказилаётган кенг кўламли текширув бўлди.

Текширув жараёнида захирадаги 20 минг аскар чегара қўшинлари таркибини мустаҳкамлаш мақсадида Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги ҳарбий қисмларга жўнатилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбийлари Тожикистон ва Россия Қуролли кучлари билан ҳамкорликда Тожикистон-Афғонистон чегараси ҳудудида 1 августдан 10 августгача қўшма ҳарбий машғулот ўтказиши билдирилган.

Хитойдаги сув тошқинида ўлганлар сони 33 кишига етди

20 июлда Чжэнчжоу шаҳрида бошланган сув тошқинларига кучли жала ёққани сабаб бўлди.

Хитойдаги сув тошқинида ўлганлар сони 33 кишига етди
Хитойнинг Хэнань вилоятидаги сув тошқинлари 22 июль куни ҳам тўхтамади. Расмийлар бир неча кундан бери давом этаётган табиий офат оқибатида 33 киши ўлганини, 3 миллион киши жабрланганини билдирмоқда.

20 июлда Чжэнчжоу шаҳрида бошланган сув тошқинларига кучли жала ёққани сабаб бўлди. Маълум қилинишича, уч кун ичида Чжэнчжоуга бир йиллик ёмғир нормаси ёққан. 10 миллион киши яшайдиган бу шаҳар кўчалари деярли дарёга айланди.

Хабарларда айтилишича, Чжэнчжоуга 6 кундан бери ёғаётган жала оқибатида юз минглаб деҳқонлар ҳосилсиз қолди. Жала ва сув тошқини қутқарув ишларини олиб боришга ҳалақит бермоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG