Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 11:53

Хитой коронавируснинг келиб чиқишини ўрганаётган ЖССТ талабларини рад этди


ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебреисус.

Сешанба куни соғлиқни сақлаш бўйича юқори мартабали Хитой расмийси Пекин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) COVID-19 келиб чиқишини ўрганиш бўйича тадқиқотларининг иккинчи босқичи бўйича талабларига рози бўла олмаслигини айтди.

Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси раиси ўринбосари Цзэн Исинь пандемия келиб чиқиши ҳақида қўшимча текширув ўтказиш чақириқлари ва, хусусан, вирус Хитой лабораториясидан тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фараздан «анча ҳайратга» тушганини айтди.

Расмий вирус лабораториядан тарқалгани ҳақидаги фараз ақл ва илмга зид бўлган миш-миш эканини айтиб, уни рад этди.

«Биз келиб чиқишни бу тарзда аниқлаш режасига рози бўлолмаймиз», деди у COVID-19 келиб чиқиши мавзусига бағишланган матбуот анжуманида.

Вируснинг келиб чиқишини аниқлаш уринишари дипломатик масалага айланган. Натижада Хитойнинг АҚШ ва Вашингтоннинг кўплаб иттифоқчиларии билан муносабатларини ёмонлашди. АҚШ ва бошқа мамлакатлар пандемия бошланган илк кунларда Хитой шаффоф маълумот бермаганини айтмоқда. Хитой эса танқидчиларни олимлар ҳал қилиши керак бўлган масалага сиёсий тус беришда айбламоқда.

ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебреисус ўтган ҳафта илк маротаба Хитойнинг Ухань шаҳрида аниқланган касаллик билан Хитой ҳукуматига қарашли лаборатория ўртасида боғлиқлик борлигини рад этишга ҳали эрта эканини тан олди.

Гебреисус Хитой яхшироқ ҳамкорлик қилишига ва кўпроқ маълумот беришига умид қилаётганини айтди. Расмий COVID-19 манбасини аниқлаш учун жорий йил бошида Хитойга сафар қилган халқаро олимлар гуруҳи учун маълумот тўплаш мушкул бўлганини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, вирус Ухандаги ҳукумат лабораториясидан тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фараз муддатидан олдин четга сурилган.

«Мен ўзим лаборатория мутахассиси бўлиб ишлаганман. Иммунологман ва лабораторияда ишлаганман, лабораторияда кўнгилсиз ҳодисалар рўй бериб туради. Бу кенг тарқалган нарса», деди Гебреисус.

Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан Гебреисуснинг сўзларини қўллаб-қувватлади ва Хитой расмийларини вируснинг келиб чиқиши бўйича терговни давом эттиришга рухсат беришга чорлади.

Цзэн Ухань лабораториясида одамга бевосита юқиши мумкин бўлган вирус йўқлигини айтди.

У жорий йил бошида халқаро экспертлар гуруҳи вирус лабораториядан тарқалгани эҳтимолдан йироқ, деган хулосага келганини таъкидлади.

ЖССТ юборган олимлар гуруҳи вирус ҳайвонлардан одамларга юққан бўлиши мумкин, деб хулоса қилди. Энг кенг тарқалган назарияга кўра, вирус кўршапалаклардан Хитой бозорларида сотиладиган панголинларга, улардан, ўз навбатида, одамларга юққан.

Цзэн Ухань вирусология институти ходимлари ва аспирантлари вирусни ўзига юқтиргани ва уни бошқаларга юқтирган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Хитой «вируслар келиб чиқишини илмий йўл билан аниқлашни ҳар доим қўллаган» ва бошқа мамлакатлар ва минтақалар ҳам шундай қилишини хоҳлайди.

«Бироқ биз вирус келиб чиқишини аниқлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар сиёсийлаштирилишига қаршимиз», деди расмий.

XS
SM
MD
LG