Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 10:03

Чехия – Россия зиддияти тобора кескинлашмоқда


Россиянинг Прагадаги элчиси Александр Змеевский Чехия ТИВ биносидан чиқишда, 2021 йил 21 апрель.

Чехия янада кўпроқ россиялик дипломатларга мамлакатни тарк этишни буюрди. Словакия эса қўшниларга хайрихоҳлик ифодаси ўлароқ рус элчихонасининг уч нафар ходимини бадарға этишга қарор қилди.

2014 йили Чехия ҳудудидаги ўқ-дори омборида содир бўлган портлашда Россиянинг қўли борлиги гумони ўртага чиққач, икки мамлакат ўртасида жиддий зиддият юзага келди.

22 апрель куни Чехиянинг янги тайинланган ташқи ишлар вазири Якуб Кулханек Россиянинг Прагадаги элчихонасида дипломатлар сони Москвадаги чех элчихонаси дипломатлари сонидан ошишига йўл қўйилмаслигини айтди.

Аввалроқ вазир Lidovky.cz нашрига берган интервьюсида агар Москвадаги Чехия элчихонасининг четлатилган ходимларига 22 апрель тушга қадар ишга қайтишга рухсат берилмаса, Прагадаги Россия элчихонасининг 60 га яқин ходими чиқариб юборилишини маълум қилган эди.

Москва Праганинг ушбу ультиматумини “қабул қилиб бўлмас” ҳолат деб атади.

“Россиянинг Прагадаги элчихонаси дипломатлари сони Москвадаги элчихонамиз ходимлари сонига тенг бўлиши учун рус дипломатлари сонини қисқартирамиз”, – деди Якуб Кулханек Россияга берилган муддат якунига етгач.

Вазир бу қарор ошиғич кучга кириши, дипломатларини олиб чиқиб кетиш учун Россияга май ойи охирига қадар муддат берилишини қўшимча қилди.

Бунга жавобан Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Чехия элчихонасидан мавжуд номутаносибликни ҳисобга олган ҳолда Москвадаги ходимлар сонини камайтириш талаб қилинганини айтди.

“[Чехия] элчисига Россияга қарши жазавали кампания янада авж оладиган бўлса, биз бошқа чораларни кўришимиз мумкинлиги билдирилди”, – дейилади Захарова баёнотида.

Кулханекнинг чиқишидан кейин Словакия бош вазири Эдуард Ҳегер Россия дипломатик ваколатхонасининг уч вакили Словакиядаги фаолиятини тугатиши ва етти кун ичида мамлакатни тарк этиши кераклигини эълон қилди.

Россиянинг Братиславадаги элчихонаси ушбу қарорни икки халқ ўртасидаги тарихий дўстона муносабатларга зид қадам деб атар экан, Словакия ҳукумати жавоб чоралар тўғрисида яқин кунларда хабар топишига шама қилди.

19 апрель куни Прага россиялик 18 нафар дипломатни бадарға қилишга қарор қилди. Чехия ҳукумати маълумотига кўра, “исталмаган шахслар” деб топилган 18 дипломат 2014 йилда Врбетицедаги ўқ-дори омборида содир бўлган портлашларга алоқадорликда гумон қилинаётган Россия махсус хизмати вакиллари билан мулоқотда бўлган.

Чехия ташқи ишлар вазирлиги вазият ҳақида НАТОга ҳам маълумот берган.

“Иттифоқчилар Россиянинг Европа – Атлантика минтақаси бўйлаб, шу жумладан, альянс ҳудудида амалга ошираётган беқарорлаштирувчи ҳаракатларидан чуқур хавотир билдирдилар ва Чехия билан тўлиқ бирдамлик изҳор этдилар”, – дейилади расмий Прага 22 апрель куни эълон қилган баёнотда.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айбловларни рад этди ва Чехия кўраётган тадбирларни “икки мамлакат муносабатларига зарар етказувчи чоралар” деб атади.

Чехия ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир Москвадаги элчихонада 5 дипломат ва 19 нафар ходим қолган. Россиянинг Прагадаги элчихонасида эса 27 дипломат ва 67 нафар ходим бор. Бундан ташқари, ҳар икки мамлакатнинг турли шаҳарлардаги консулликларида қўшимча ишчилар фаолият юритади.

Дипломатик можаро зўраяр экан, Чехия ҳукумати Россиянинг “Росатом” давлат корпорациясини Дуковани атом электр станциясида янги блок қуриш бўйича миллиардлаб доллар қийматга эга тендердан четлатди.

Ички ишлар вазири Ян Ҳамачек Прага Россиянинг “Спутник V” вакцинасини харид қилиш ниятидан воз кечганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Чехия ҳукумати 2014 йил октябрда Врбетице қишлоғидаги ўқ-дори омборида юз берган портлашда Россия махсус хизматларининг қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.

Ушбу портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 50 тонна ўқ-дори ёниб кетган. Орадан икки ой ўтгач рўй берган навбатдаги портлашда 13 тонна ўқ-дори ҳавога учган.

XS
SM
MD
LG