Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:40

Чеченистонда ҳукумат рухсат бермаган қўшиқни куйлаш тақиқланди (ВИДЕО)


Чеченистон маданият вазири Хож-Бауди Дааев ижтимоий тармоқларда юртдошлари томонидан машҳур бўлиб кетган чечен поп-хонандаларига ҳукуматнинг рухсатисиз қўшиқ куйлаш ва концерт беришни тақиқлади. Дааевнинг мусиқачилар билан бўлиб ўтган учрашуви ҳақидаги лавҳа Чеченистоннинг давлатга тегишли "Грозний" телерадиокопаниясида намойиш қилинди.

Амалдорнинг сўзларига қараганда, чечен хонандалари дуч келган жойда ва ҳар қандай қўшиқни куйлашлари керак эмас, чунки "республикада ота, ҳукумат ва қонун бор".

Лавҳада таъкидланишича, сўнгги вақтларда YouTube «чечен урф-одатлари ва анъаналарини четлаб ўтиб» кенг омма олдида чиқиш қилаётган ўзини артист деб ҳисобловчилар учун майдонга айланиб қолди. Шу билан бирга анъанавий чечен ансамбллари ва ижрочилари "жаҳоннинг турли бурчакларида чечен маданияти гўзаллигини намоён қилаётгани – бу республика маданият вазирлигининг кўп йиллик меҳнати самарасидир". "Грозний" журналистининг сўзларига қараганда, айнан вазирлик томонидан ташкил этилган механизм туфайли чечен усули сақлаб қолинган, унда ортиқча бирор бир нарса йўқ.

"Бугунги кунда Чеченистон артистлари – бу қатъий либос ва камтарона ижродир, ўзини ҳаваскор артистлар деб атовчилар эса Чеченистон республикасида ўрнатилган меъёрлар доирасидан чиқиб кетишган", – дейди кадр ортидан телеканал мухбири.

Шундан сўнг маданият вазири Дааев ўзининг хонасида поп-ижрочилардан бирининг иштирокидаги клипни томоша қилади ва бу клипда «бирорта ҳам сўз йўқлигини», «бирорта ҳам нақорат йўқлигини» таъкидлайди. Амалдорнинг айтишича, агар кимдир артист бўлмоқчи бўлса, унда албатта Маданият вазирлиги қошидаги махсус комиссия томонидан тасдиқланган репертуар бўлиши керак. Бу комиссия Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров топшириғига кўра ташкил этилган ва қўшиқ «мусиқаси ва сўзлари чечен маданиятига мос келиши»ни текширади. Шундан кейингина, яъни бу комиссия томонидан расман маъқуллаганидан кейингина, қўшиқ "халқ ҳукмига ҳавола қилиниши мумкин".

Чеченистон маданият вазирининг эътирозига сабаб бўлган Аюб Вахараговнинг қўшиғи

Ва ниҳоят Дааевнинг хонасида қўшиқлари маданият вазирига ёқмаган ижрочилар– Аюб Вахарагов, Иман Темирбулатова, Хава Эльмурзаева, Макка Дамаева, Хава Устарханова ва Зарета Магомедовалар пайдо бўлади. Улар ўртасидаги суҳбат чечен тилида бўлиб ўтди, "Кавказ.Реалии" сайтининг таржимасига кўра, Дааевнинг айтишича, хонандалар ўз қўшиқларини муносиб ижро этмаяптилар, чунки уларда «мусиқа ҳақида тассавур йўқ». Уларнинг Чеченистон ташқарисида ва тўйлардаги чиқишларини Дааев "шармандалик" дея атади. Шунингдек маданият вазири дуч келган жойда ва оғзига келган қўшиқ куйланмаслигини таъкидлайди, чунки "республиканинг отаси, хукумати ва қонунлари бор". "Бу масалада ҳазиллашишга ҳеч кимга йўл қўймаймиз", – дейди амалдор.

Лавҳа якунида таклиф қилинган артистлар камералар қаршисида кўриниш берадилар ва «ўз билганларича» ижод билан шуғулланмасликка сўз бердилар. Ўз навбатида телеканал мухбири "интернет-артистларини фош қилиш ишлари давом этиши"ни таъкидлади.

XS
SM
MD
LG