Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 08:28

Собиқ чечен командири Берлинда отиб ўлдирилди. Москва билан Грозний гумон қилинмоқда


Зелимхан Хангошвили

Иккинчи чечен урушида русларга қарши урушган рота командири 2016 йили Германияга бошпана излаб келганида ўтмиши билан алоқани узишни ният қилган, оиласи билан Берлинга кўчиб келгандан сўнг ҳар сафар маҳаллий масжидга жума намозига чиқар эди. У 23 августда ибодатдан сўнг уйига қайтаётганида бир киши велосипедда ёнига келиб, икки марта бошига қарата ўқ узгач, ўша ернинг ўзидаёқ жон берди.

Хангошвили Кремль ёки Россия махсус хизматларига қарши курашда қатнашган чечен қочқинларидан сирли равишда ўлдирилган навбатдаги киши бўлди.

Немис полицияси қотилликда гумон қилинган кишини қўлга олди, терговчилар қотиллик сиёсий бўлган-бўлмаганини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Хангошвилининг танишлари қотиллик атайлаб уюштирилганини ва бу марҳумнинг 2000-йилларда Чеченистонда дала командири бўлгани билан боғлиқ эканини айтмоқда. Айримлар Германия ҳукуматини унга бошпана бермагани учун танқид ҳам қилмоқда.

Таниши Сайхан Мирзаев «Настояшчее время» телеканалига Хангошвили Чеченистон урушида ўрта бўғин командири бўлгани ва бу таъқиб учун етарли эканини айтди.

Бошқа танишлари Хангошвили доимий хавотир остида яшаётганини, Россия махсус хизматлари ўзини тинмай қидираётганини гапириб юрганини эслайди

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Хангошвилининг ўлимида Россия ҳукуматининг қўли борлиги ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Хангошвилининг тарихи Грузиянинг чеченлар жамоаси яшайдиган Панкиси дарасига бориб тақалади. Россиялик кўплаб чеченлар ҳам ўша йилларда дарага кўчиб ўтишга мажбур бўлган эди.

Россия қўшинлари 1999 йили Чеченистонга бостириб киргач, Хангошвили урушаётан чеченлар қаторига бориб қўшилган эди. У ўнлаб жангчилардан иборат ротага командир бўлган.

Хангошвили машҳур чечен дала командирлари Шамил Басаев ва Аслан Масхадов билан ёнма-ён жанг қилган.

Танишларига кўра, У 2005 йили Россиядан Грузияга қочиб ўтган. У тахминан 7000 киши яшайдиган Панкиси дарасидаги қочқинлар орасида ҳурмат қозонган эди.

Акаси Зурабнинг айтишича, 2008 йили Зелимханни ўғирлаб кетишга уриниш бўлган. 2015 йили Тбилиси марказида рўй берган суиқасддан қўли ва елкасидан 4 марта ўқ еганига қарамай омон қолган.

Шундан сўнг у қариндошлари билан бирга Грузия ҳукуматига ўзини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилади, аммо рад жавоб олади. Прокурорлар уни ўлдирмоқчи бўлган кишини топиб жазолаш учун деярли ҳеч иш қилмайди. Оқибатда Украина ва Польша орқали Германияга қочишга мажбур бўлади.

Зурабга кўра, қотиллар «уни Грузияда ўлдирмоқчи бўлган кишилардир. Жангарилар бошқа бўлиши мумкин, лекин ташкилотчилар – ўша-ўша: Россия Федерал хавфсизлик хизмати».

Германия ахборот воситалари Хангошвилини Россия махсус хизматлари ўқига нишон бўлганини айтиб, унинг ўлимини 2018 йилда икки томонлама жосус Сергей Скрипалнинг Англияда заҳарлангани билан солиштирди.

2006 йили президент Владимир Путин Россиядан ташқарида яшаётган ва мамлакатга террорчилик хавфи туғдиради, деб ҳисобланаётган кишиларни ўлдириш ҳақидаги фармонга имзо чеккан эди.

2008 йили чеченларнинг Россиядан ажралиб чиқиш учун курашаётган ҳаракати вебсайтида Россия махсус хизматлари тузган «рўйхат» эълон қилинган эди.

Танишларига кўра, Панкиси дарасида Хангошвилининг ҳурмати катта, унга Грузия ҳокимият идораларининг ҳам муносабати яхши бўлган. 2008 йили у режалаштирилган топшириқни бажариши керак бўлган бўлинмага бошчилик қилган. Лекин россияликлар 5 кунда Грузия қўшинларини тор-мор қилгач, Жанубий Осетияни Москва мустақил деб тан олди. Хангошвили бошлиқ бўлинма жангларда қатнашишига ҳожат қолмади. Аммо унинг грузинлар тарафида бўлганини Россия тарафи кечира олмади.

Бевосита қотиллик терговига қайтсак, 24 августда терговчилар Россия ватандоши Вадим С. деган кимсани қўлган олди, полиция ғаввослари ўша кимса сувга ташлаб юборгани гумон қилинаётган Glock 26 тўппончаси билан велосипедни дарёдан топди.

Бошқа чеченлар Хангошвилининг ўлими 2012 йили Грузияда рўй берган ва куч ишлатилган нохуш ҳодиса билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги масалани кўтарди. Ўшанда Грузия хавфсизлик кучлари билан чечен жангарилари ўртасида отишма рўй берган эди.

Айни қарама-қаршилик вақтида жангарилар бир неча кишини гаровга олади, Хангошвили эса уларни озод қилиш учун Грузия хавфсизлик кучлари билан ҳамкорлик қилади. Ўша қақшатқич отишмада 10 га яқин киши ҳалок бўлади.

Ўша отишма ва унда Хангошвилининг воситачилик қилгани жангларда ҳалок бўлган кишиларнинг қариндошлари ёки тарафдорлари норозилигига сабаб бўлган бўлиши гумон қилинмоқда. Берлиндаги қотиллик шунга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Лекин буни унинг Панкиси дарасидаги обрўси юқори бўлгани сабаб рад этаётганлар ҳам йўқ эмас.

Хангошвили чет элда сирли равишда ўлдирилган биринчи чечен қочқини эмас, унинг ўлимида Россия агентлари қўли борлиги гумон қилинаётгани сабаб шу.

2004 йилда Зелимхан Яндарбиев Қатарда, 2009 йили Сулим Ямадаев Дубайда, 2009 йили Умар Исроилов Венада ўлдирилган эди. Учала қотилликда ҳам Россия махсус кучлари ёки Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров айбланган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG