Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:08

Автомобиллар сохта савдоси Швецияда мигрантларга ишлаш имконини бераётгани фош этилди


Мигрант қандай қилиб Швецияда ишлаш учун рухсатнома олмай, минилган автомобилни
сотиб олган киши бўлиб, иш кучига айланиб қолганини сўзлаб бермоқда.
Мигрант қандай қилиб Швецияда ишлаш учун рухсатнома олмай, минилган автомобилни сотиб олган киши бўлиб, иш кучига айланиб қолганини сўзлаб бермоқда.

Сўнгги йилларда Марказий Осиёдан борган минглаб мигрантлар ишлаш учун рухсатнома олмай туриб ҳам Швециядаги иш кучи қаторига “орқа эшик”дан бориб қўшилди. Улар ушбу мамлакатда гўё минилган автомобилни сотиб олган киши сифатида қонуний солиқ рақамига эга бўлмоқда.

Швециянинг TV4 телеканали ва “Озодлик” радиоси Стокҳолмдаги битта яширин “ҳужжатлар фабрикаси” 2016 йилдан бери бир схема асосида 1100 дан ошиқ мигрантга Швециянинг турли компанияларидан ноқонуний иш топиш имконини берганини фош қилди.

2004 йилда Швецияга келиб, ҳужжатлар фабрикасини юргизган мигрантнинг исми суриштирув ҳисоботида Акмал деб аталади.

Акмал ҳар бир сохта автомобиль олди-сотдисини 200 – 500 евролик ҳақ эвазига расмийлаштириб берган ва бунинг учун Стокҳолм шарқидаги Ҳесселби шаҳарчасидаги ўзи ижарага олиб турган квартира манзилидан фойдаланиб келган.

У ўша манзилдан битта автомобилни 112 марта қайта-қайта рўйхатдан ўтказишда фойдаланган. Мижозларнинг деярли ҳеч қайсиси ўша автомобилни кўрмаган ҳам, уни ҳайдаш учун мижозларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган.

Мигрантлар Акмал тўғрилаб берган ҳужжат ёрдамида солиқ рақамини олиб, қурилишда, меҳмонхоналарда, ресторанларда ва савдо марказларида ишламоқда. Айримлари университет, шифохона ва ҳатто ҳокимият биноларида фаррош бўлиб ишламоқда.

Акмалнинг хизматидан фойдаланган бир мигрантни ҳатто Стокҳолмнинг Арланда аэропортидаги Швеция чегара полицияси биносига хизмат кўрсатувчи пудратчи фирма фаррош қилиб ишга олгани маълум бўлди. Аслида ушбу ташкилотнинг вазифаси ноқонуний иммиграцияга қарши курашдан иборат.

Бошқа йўл излаб

Швециянинг ҳужжат фабрикалари ушбу мамлакатдаги иш берувчилар ишга ёлланувчилардан ишлаш учун рухсатномаси бор-йўқлигини сўраб ўтирмаслигини яхши билади, чунки уларнинг қўлида Швеция солиқ агентлигининг (Skatteverket) ҳақиқий идентификация рақами бўлади ва у банк ҳисоб рақами очишга ҳам рухсат беради.

Швеция транспорт агентлиги (Transportstyrelsen) кишиларнинг шахсини уларга берилган солиқни мувофиқлаштириш рақами орқали аниқлайди. “Samordningsnummer” деб аталувчи ушбу рақам Швециянинг ижтимоий таъминот картаси рақами бўлмаган чет элликка сотиб олган автомобилини рўйхатга олиш чоғида берилади.

Аслида Транспорт агентлиги ҳужжатларни Швеция солиқ агентлиги ёки Швеция миграция агентлиги (Migrationsverket) сингари синчиклаб текширмайди. У Солиқ идорасидан мувофиқлаштириш рақамини факс ёки электрон почта орқали юборилган ҳужжатлар нусхаларига асосланиб олади.

Швеция солиқ агентлиги қаллобликларга қарши кураш бўйича эксперти Пиа Бергманга кўра, samordningsnummer Швеция меҳнат бозорига “кириш эшигини очиб беради”.

Солиқни мувофиқлаштириш рақамини олишга 25 кун кетади ва Транспорт агентлиги бунинг учун ҳақ олмайди. Акмал ва ҳужжатлар фабрикасининг бошқа ҳожатбарорлари автомобилларнинг сохта олди-сотдисини расмийлаштиришдан катта фойда кўради ва бу кўпинча ҳисоботларга киритилмайди.

Ярим қонуний ҳудуд

Швеция ҳукумат вакиллари айтишича, Акмал автомобилларнинг сохта олди-сотдисини расмийлаштираётганда, техник жиҳатдан қонунларни бузмайди. Қайтанга мигрантларнинг ўзи ва иш визаси бор-йўқлигини суриштириб ўтирмай, уларни ишга ёллаётган компаниялар мавжуд тартибларни бузмоқда.

TV4 ва “Озодлик” радиоси суриштирув чоғида Акмалнинг ҳужжатлар фабрикаси орқали солиқни мувофиқлаштирувчи рақам олган 1100 кишини 476 та компания ишга ёллаганини аниқлади.

Ўша компанияларнинг деярли ярми обрўли кредит рейтингига эга, улар орасида шаҳар кенгашлари ёки жамоат биноларига хизмат кўрсатувчи давлат идораларидан умумий буюртмалар олиб турадиган йирик фирмалар ҳам бор.

Бошқа иш берувчилар “капалак” фирмалар бўлиб, кўпи билан бир йил фаолият кўрсатади ва қулоғигача қарзга ботиб, ёпилиб кетади.

Швециянинг қаллобликнинг олдини олиш масалалари бўйича эксперти Андерс Бйоркенҳаймнинг айтишича, айрим фирмалар мигрантлардан ишлаш учун рухсатномаси бор-йўқлигини сўраб ўтирмай ишга олади, улар ҳақидаги маълумотларни текширишда хатоларга йўл қўяди.

Лекин унинг фикрича, атай фақат солиқ рақами – ва эҳтимол, банк ҳисоб рақами – мавжуд мигрантларни ишга ёллайдиган олғир швед фирмалари ҳам бор, чунки бундай иш сўровчилар энг кам иш ҳақининг ярми тўланадиган шартларга ҳам рози бўлади.

Швециянинг меҳмонхона ва ресторан саноатида энг кам ойлик маош 21 930 швед кронаси ёки тахминан 2320 АҚШ долларидир.

Швеция транспорт агентлиги директори ўринбосари Анна Берггрундга ушбу ҳужжатлар фабрикаси қонунга хилоф йўлни топиб, кенг тарқалган қонунбузарлик қилаётгани ҳақида исботлар келтирилганда, агентлик солиқни мувофиқлаштириш рақамини беришга мажбур эканини айтди.

−Автомобилнинг эгаси алмашиши жиноят эмас, − деди Берггрунд. − Почтангизни бошқа манзилга жўнатиш ҳам жиноят эмас. Биз фақат берилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар етарли эмаслигини кўрганимизда, “йўқ” дейишимиз мумкин. Қўлимизда мавжуд кўрсатмаларга амал қиламиз. Ҳужжатларни оламиз ва кўриб чиқамиз.

− Агар ариза тўғри тўлдирилган бўлса, биз уни ҳатто қандайдир ноқонуний ҳолат шубҳа қилинган тақдирда ҳам, маъқулламасликка ҳаққимиз йўқ,− деди у. − Бир нарса дейиш қийин, балки у тилни, ҳужжатларни тайёрлашни биладиган, ҳокимияти идоралари билан ишлаб, кўзи пишган одам сифатида яхши ният билан дўстлари ва оиласига ҳужжатларни тақдим этишда ёрдам бераётгандир.

Бироқ Бйоркенҳайм автомобилларнинг сохта олди-сотди схемаси “уюшган жиноят учун дастак” бўлаётганидан огоҳлантирди.

“Замонавий қуллик”

Акмалга иши тушган кўплаб мигрантлар унинг ҳужжатлар фабрикаси ҳақида Швециядаги мигрантлар жамоатидан эшитганини ёки ижтимоий тармоқлардаги рекламалардан ўқиб билганини айтади.

Бйоркенҳайм билдиришича, тобора кўпайиб бораётган бунақа ҳужжат фабрикалари энди иш схемасини Интернетда Россия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия ва бошқа собиқ совет респрубликаларидан келган мигрантлар учун очиқ-ойдин реклама қилмоқда.

TV4 билан “Озодлик” радиоси аниқлашича, мигрантлар Швецияга Шенген зонасига кирувчи бошқа мамлакатдан фақат сайёҳлик визаси билан кириши ҳамда ҳужжатлар фабрикасига солиқни мувофиқлаштирувчи рақам олиш учун 500 еврогача (550 АҚШ доллари) тўлаши керак бўлади.

Бйоркенҳайм бундай қонуний тирқишни беркитмаётган Швеция давлатини “замонавий қуллик”ка йўл очувчи жиноий фаолиятга “рухсат берувчи” деб атади.

Акмал мижозларининг кўпчилиги “замонавий қуллик” деб аталувчи меъёрдан ортиқ иш соатлари ва шароитларидан эзилиб кетаётган ишчиларга айланди.

Иш визасига эга бўлмаган бир аёл иш мигрантлари жинсий зўравонликка дуч келаётганини, ҳатто фоҳишаликка мажбурланаётганини айтади.

‒ Менга, агар бир ҳафта бепул ишлашга рози бўлсам иш беришини айтишди, ‒ деди Швециядиги бир университетга фаррош бўлиб ишга кирган ўзбек аёли. ‒ Ўша ҳафта охирлагач, улар менга, ё шеф билан кўнгилхушлик қиласан, ёки ишсиз қоласан, деди. Қайси йўлни танлар эдингиз?

‒ Кўп аёллар юзини тескари буради, фарзандларини, уйга қайтишини ўйлайди ва шундай қилишга мажбур бўлади, ‒ деди у. ‒ Рози бўлишдан бошқа чораси қолмайди. Улар қилишга мажбур бўлгани учун ҳам шу ишни қилади. Фарзандларини боқиш учун пул керак.

Агар Швеция ҳокимият идоралари автомобиллариннг сохта олди-сотди схемасини “жадал назоратга олиш” чорасини кўрмаса, қонунчиликдаги солиқни мувофиқлаштириш рақамини ноқонуний олиш тирқишини ёпмаса, ўша схема янада тарқалиб кетаверади, дея гапини хулосалайди Бйоркенҳайм.

XS
SM
MD
LG