Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2018, Тошкент вақти: 16:46

97 яшар Ўзбекистон Халқ шоири Шукруллони ўзбек телеканалларида кўрсатиш ҳамон тақиқдалиги айтилмоқда


Ўзбекистон Халқ шоири Шукрулло жорий йил 2 сентябрида 98 ëшга тўлади.

Ёзувчининг ўғли Абдуғафур Юсупов¸ қолаверса¸ Шукруллонинг ўзи билан суҳбатда бўлган бир гуруҳ ўзбек зиëлиларининг Озодликка атишича, ўзбек адабиëтининг энг кекса намояндаси 97 яшар Ўзбекистон Халқ шоири Шукруллога нисбатан Ислом Каримов даврида жорий этилган тақиқ 2018 йилда ҳам кучда қолмоқда.

Абдуғафур Юсуповга кўра¸ 2017 йилнинг декабридан жорий йилнинг апрелига қадар бўлган давр ичида Ўзбекистондаги бир неча телеканал ижодий гуруҳи кекса ëзувчи ҳақида махсус дастур суратга олган¸ аммо уларнинг бирортаси ҳозирга қадар намойиш этилмаган.

- Бултур “Ўзбекистон 24”дан келишди. Кейин “Менинг юртим”дан келишди. “Дийдор ширин” деган кўрсатувда берамиз¸ дейишди. Қўйинглар¸ аввалгисини беришмади¸ десам¸ “йўқ¸ гаплашилган¸ тепа билан келишилган”¸ дейишди. Қари онамизни¸ отамизни безовта қилиб¸ соатлаб съëмка қилишди. Кўрсатишмади. Нимага бермаяпсизлар¸ десам¸ “ҳа энди тепадан рухсат йўқ кўрсатишга”¸ дейишди. Энди келишса¸ эшикдан ҳам киритмайман¸ дейди таниқли ëзувчининг ўғли Абдуғафур Юсупов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдошга кўра¸ Шукруллони суратга олган телевидение ходимлари тақиқнинг айнан кимдан¸ нима сабабдан қўйилганини очиқ айтишмаган.

Ëзувчининг ўғли бу тақиқнинг президент аппаратидан тушганини тахмин қилади.

Facebookдаги айрим фаол зиëлилар эса¸ бу тақиқнинг президент Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов даражасида қўйилганини ëзмоқда.

“Жуда ачиндим, уч марта телеканалларимиз Шукрулло Устознинг олдига боришиб, соатлаб интервьюлар қилишиб, кекса одамни ишонтириб, сўнг эса, эфирга шу учтасидан бирортасини ҳам узатмабди. Бу шу йили бўлган ишлар. Х.Султоновнинг қўли билан, тепадан телеканалларга босим ўтқазилиб, учта кўрсатувни эфирга чиқиши тақиқланган¸” деб ëзди тарихчи олим Анвар Назир ўз саҳифасида.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Тошкент ҳукуматининг маданият соҳаси бошқарувига яқин мулозими Шукрулло ва яна бошқа ижодкорларни "телеведениега яқинлаштирмаслик" ҳақидаги тақиқнинг президент Давлат маслаҳатчиси даражасида берилганини тасдиқлади.

Айни пайтда Озодлик суҳбатдошлари тўғри гапни айтишдан тоймайдиган ижодкорларга нисбатан бундай тақиқнинг оғзаки шаклда амал қилиб келгани ва ҳамон шундай давом этаëтганини таъкидладилар.

МТРКдагилар Шукрулло кимлигини билмайди

Озодлик Ўзбекистон Халқ шоири Шукрулло билан суҳбатнинг нега намойиш этилмагани¸ ўзбек ижодкорларининг “тепадан тушган қора рўйхати” ҳамон сақланиб қолаëтгани ҳақидаги иддаоларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси расмийларига боғланди.

МТРК матбуот котиби¸ халқаро алоқалар бўлими раҳбари Наргиза Нўъмонова¸ Озодлик билан суҳбатда Шукрулло деган ëзувчини билмаслиги¸ шу боис унга қандайдир тақиқ бўлиши мумкинлигидан хабари йўқлигини билдирди.

- Ким у Шукрулло? Эшитмаганман ҳам. Кимлигини билишимнинг кераги ҳам йўқ. Ким борибди¸ қачон борибди¸ аниқ айтмасангиз¸ мен бунақа гапларга жавоб бермайман¸ деди Озодлик билан суҳбатда Наргиза Нўъмонова.

МТРК раҳбарияти учун ажратилган телефонга ўзини таништирмасдан жавоб берган яна бир телерадиокомпания расмийси ҳам “Шукрулло деган ëзувчи борлигини биринчи марта эшитиб турган”ини айтиб¸ унинг “қора рўйхат”да экани ҳақидаги гапларни “Ўзбекистон 24 телеканали мутасаддиларидан суриштириб-билишни ваъда қилди. Аммо бу суриштирув нима билан тугагани ҳақида Озодликка маълумот бермаслигини қўшимча қилди.

“Ўзбекистонда ижодкор ўлганидан кейин азиз!”

Ëзувчининг ўғли жорий йил 2 сентябрь куни 98 ëшга тўладиган отаси Шукрулло¸ ўзининг нима учун ҳамон тақиқда қолаëтганини тушунмаëтгани¸ ҳокимият эгаларининг бундай ëндашуви кекса ижодкор руҳияти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатаëтганини айтади.

- Бу нарсани тилга олсак¸ дадамизнинг асаблари бузилиб¸мазалари қочади. Нима гуноҳ қилганман буларга¸ деб хафа бўладилар. Ўзлари ҳам айтадилар¸ буларга ëзувчи-шоирнинг тириги эмас¸ ўлиги азиз. Эртага ўлсам¸ ҳозир кўрсатмаëтган суҳбатларни тинимсиз айлантиришади¸ дейдилар ўзлари ҳам. Абдулла Орипов¸ Эркин Воҳидовларни шундай қилишдику! Шулар тиригида озгина эътибор кўрсатишса¸ ҳозиргача балки тирик бўлармиди! Ëзувчилар союзи дегани умуман йўқ. Дадамизга ҳам¸ бизга ҳам ўзи буларнинг кераги йўқ. Уларни билган-таниганлар бутун дунëдан телефон қилиб¸ ҳол-аҳвол сўраб туршибди¸ шуниси етади¸ дейди ëзувчининг ўғли Абдуғафур Юсупов 8 июнь кунги суҳбатда.

Шукрулло ким?

Шукрулло (Юсупов) 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Ўзбекистон Xалқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977).

Сталин қатағони даврида совет Гулагига ташланган миллий ижодкорлардан бири бўлган Шукрулло¸ 1951 йили 25 йиллик қамоққа ҳукм этилган.

Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўқилган дардларим» (2001), «Шафақ» (2007) ва бошқа шеърий асарлар муаллифи. Кўплаб достонлар («Аср баҳси», 1985), болаларга аталган шеър ва эртаклар («Юлдузлар, 1964) ҳамда шеърий драмалар («Ҳасрат боғи», 2004) ёзган. «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, катағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиографик қиссаси, «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникаси ҳам бор. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

Турк дунёсининг 2017 йилдаги маданий пойтахти Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган “Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгресси”да Евросиё Ёзувчилар уюшмасининг “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси 2016” мукофоти Шукруллога тақдим этилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG