Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:18

Бензин 12,7 центга етганидан мамлакат бўйлаб норозилик тўлқини кўтарилган Эронда Интернет ўчириб қўйилди


Ёнилғи нархи ошишидан дарғазаб бўлган эронлик намойишчилар катта йўлни тўсмоқда, Исфаҳон шаҳри, 16 ноябрь.
Ёнилғи нархи ошишидан дарғазаб бўлган эронлик намойишчилар катта йўлни тўсмоқда, Исфаҳон шаҳри, 16 ноябрь.

Эронда 15 ноябрда бензин нархи кескин оширилиши эълон қилингандан сўнг бошланиб кетган норозилик намойишлари ҳақидаги хабарларни бу мамлакатда Интернет деярли ўчириб қўйилгани сабабли тасдиқлаш қийин бўлмоқда.

Интернет узиб қўйилгани ва ОАВ цензура қилингани учун сўнгги кунлардаги вазият хусусид ижтимоий тармоқлардаги постлар, расмий баёнотлар ва давлат ОАВ хабарларидан бир оз тушунчага эга бўлиш мумкин холос.

АҚШнинг чекловчи санкциялари сабаб иқтисодий вазият ёмонлашгани ортидан юз берган норозилик намойишлари мамлакатнинг 100 га яқин шаҳар ва шаҳарчасига тарқалди. Ҳукумат бинолари, давлат мулки, жумладан, банклар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, дўконлар, банкоматлар ва бир қанча маъҳадларга ўт қўйилди.

Шу пайтгача тўқнашувларда ўлган кишилар сони аниқ эмас.

Олинаётган кўплаб хабарлардан маълум бўлишича, намойишчиларга қарши энг ашаддий ҳужумлар жанубий шаҳарлар Беҳбаҳон, Моҳшаҳр, Бушеҳр ва Шерозда, шунингдек, Эрон ғарбидаги асосан курдлар яшайдиган Жавонруд ва Мариван шаҳарларида рўй берган. Теҳроннинг эса жануби-ғарбий чеккалари, хусусан, Шаҳрёрда қақшатқич тўқнашувлар бўлгани хабар қилинмоқда.

Намойишчилар, асосан, бензин нархи кескин кўтарилиб кетганига норозилик билдириб, бу қашшоқларни янада қашшоқлаштиришини айтмоқда.

Қизиғи шундаки, намойишлар тез орада сиёсийлашиб, иштирокчилари руҳоний аъёнларга қарши қаратилган “Муллалар йўқолсин”, “Хоманаийга ўлим”, “Биз ислом республикаси бўлишни истамаймиз” деган шиорларни кўтариб чиққан. Хоманаий сурати бор плакатлар ва Эрон олий раҳбари билан боғлиқ рамзлар ёқиб юборилган.

Эроннинг минтақадаги иттифоқчилари, жумладан, Сурия президенти Башар Асадни ва Ямандаги Ҳути исёнчиларини қўллаб-қувватлаётгани ҳам кескин танқидларга сабаб бўлган.

Намойишлар 2017 йил декабри – 2018 йил январидан кейинги энг йирик норозилик тадбирлари бўлаётгани айтилмоқда. Раҳбариятга қарши қаратилган ўша намойишлар мамлакатнинг 80 дан ошиқ шаҳрига тарқалган эди.

Суд ҳокимияти матбуот котиби Ғуломҳусайн Исмоилий 19 ноябрда иддао қилишича, Ислом инқилоби сипоҳилари корпуси (ИИСК) намойишчиларни “кескин чоралар” кўришдан огоҳлантиргандан сўнг “осойишталик қарор топди”.

Бироқ айрим кузатувчилар ва журналистлар 18-19 ноябрда Интернет деярли узиб қўйилганинига қарамай, алоқага чиқиб, Теҳроннинг баъзи ҳудудларида хавфсизлик кучлари аскарлари кўп жойлаштирилганини, умрида бунақа кўп банкка ўт қўйилганини кўрмаганини хабар қилган.

Ҳукумат намойишларга жавобан, бутун мамлакат бўйлаб минглаб хавфсизлик кучлари, жумладан, полиция махсус бўлинмалари, ИИСК ходимларини жойлаштирди. Мақсад – норозилик намойишларини тинчитиш.

Хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган, ҳукумат бинолари томидан намойишчиларга қарата жанговар ўқлар отган.

Ҳукумат ахборотнинг эркин оқимини тўсиш ва намойишчилар уюшиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши олдини олиш учун 16 ноябрда Интернетни ўчириб қўйди.

Кузатувчиларга кўра, Эронда интернетга кириш одатий кўрсаткичнинг, бор-йўғи, 4 фоизига тушиб қолди.

Ҳукумат матбуот котиби Али Рабийе 19 ноябрда суиистеъмолликлар тўхтаса, Интернетга кириш аста-секин тикланишини билдирди, аммо у қанақа суиистеъмолликлар ҳақида гап кетаётганини айтмади.

Ҳокимият идоралари норозилик намойишларининг илк кунларида 1000 га яқин киши ҳибс ёки қамоққа олинганини маълум қилди. Кўпчилик хабарларда ҳибсга олинганлар сони бундан кўп экани айтилмоқда, аммо хавфсизлик хизматлари раҳбарлари айнан қанча одам қўлга олинганини ошкор қилмаяпти.

Гарчи Эрон амалдорлари фақат 12 намойишчи ва хавфсизлик хизмати ходими ўлдирилганини айтаётган бўлса-да, Amnesty International 19 ноябрда ишончли хабарларга таяниб, 21 шаҳарда камида 106 нафар намойишчи ҳалок бўлгани ҳақида баёнот берди. Лекин ушбу ташкилот ўлганлар сони анча кўп эканини, улар сони 200 га етганини ҳам айтмоқда.

БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқи бошқармаси ҳам ўнлаб кишилар ўлдирилганидан хавотир изҳор қилди.

Таҳлилчилар ушбу намойишлар мамлакатдаги иқтисодий вазият ёмонлашувидан халқ дарғазаб бўлаётгани нишонаси эканини айтиб, улар давом этишини башорат қилмоқда.Халқ раҳбарият мамлакатни бошқаришга қодир эмас, деб ҳисоблайди, дейди таҳлилчилар.

Норозиликлар ўтган ҳафтада Эрон расмийлари бензин нархини ошириб, ҳайдовчилар бир ойда арзон нархда сотиб олиши мумкин бўлган ёнилғи кўламига чеклов жорий қилгани ортидан бошланиб кетган эди.


14 ноябрь куни Миллий нефть маҳсулотларини тақсимлаш ширкати ҳар бир хусусий автомобиль бир ойда 60 литр ёнилғини арзон нархда сотиб олиши мумкинлигини ҳамда бензин нархи 9 центдан 12,7 центга кўтарилишини маълум қилди. Такси ҳайдовчилари ва тез ёрдам машиналари эса ойига 500 литргача ёнилғини арзон нархда харид қилиши мумкин бўлади. Белгиланган лимитдан кейин ёнилғини қимматроқ нархда - литрини 26 центга сотиб олиш керак бўлади.

Эрон ёнилғи энг арзон давлатлар қаторига киради. Мамлакат йирик энергия захираларига бой бўлса-да, нефтни қайта ишлаш қобилияти чекланган бўлиб, ички бозорни етарлича ёнилғи билан таъминлай олмай келади.

XS
SM
MD
LG