Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2019, Тошкент вақти: 15:57

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси юзни таниш технологиясидан фойдаланишга қарши чиқмоқда


Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Москва шаҳар ҳукуматининг юзни таниш технологиясидан тобора кўпроқ фойдаланаётганига норозилик билдирди. Бунга ватандошларнинг шахсий ҳаёти сир қолишига оид конституцион ҳуқуқи бузилаётгани ва давлатнинг бу технологиядан ҳурфикрлиликни бостириш воситаси сифатида фойдаланаётгани ортидан хавотирлар ортиб бораётгани сабаб бўлмоқда.

Москвалик адвокат ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича машҳур фаол Алёна Попова 2018 йил апрелида бир неча аёллар шилқимликда айблаган депутатга қарши парламент ташқарисида норозилик намойиши уюштирган эди. Унга қарши иш қўзғатиш учун шахсини аниқлаш мақсадида юзни танувчи камералардан фойдаланилган эди. Шунинг учун судга даъво аризаси киритишга қарор қилди.

Суд Поповани Россиянинг оммавий йиғинлар тўғрисидаги қонунларини бузди, деб топиб, 20 000 рубллик (310 доллар) жаримага тортган эди.

“Ўшандаёқ миямга юзни аниқлаш бўйича ноқонуний тизимга қарши кампания бошлашдай қизиқ фикр келган эди”, деб ёзди у 7 октябрда Фейсбукда даъво қўзғаш ҳақидаги қарори ҳақида.

Сўнгги йилларда Россия юзни танувчи технологияни ривожлантириш бўйича етакчи кучлардан бирига айланди. 2017 йилда Москва шаҳри мэри идораси пойтахт бўйлаб 3000 дан ошиқ камерадан иборат юзни танувчи тизимни ишга туширганини эълон қилган эди.

Орадан бир йил ўтиб, футбол бўйича жаҳон чемпионати ушбу технологияни синаб кўриш учун баҳона бўлди ва кейинчалик тизимнинг кенгайишига йўл очиб берди. 2019 йил охирига бориб, расмий мақсади жиноятчиларни аниқлаш бўлган 126 000 та камеранинг 40 фоизини янгилаш режалаштирилмоқда.

Кузатув техологияларидан фойдаланишнинг ўсиб бориши юзни таниш тизимини кенгайтирган кўпгина мамлакатларнинг эътиборини тортмоқда. Кремль мухолифлари Россияда 2012 йили Путин президентликка қайтгандан сўнг ўша тизимдан фуқаролик жамияти овозини ўчириш ва ҳурфикрлиликни бўғишда фойдаланишга уринишлар ортганини айтмоқда.

Попова Россиянинг ушбу соҳада ватандошларни кузатувга оид потенциали ортишига қарши кампания бошлади ва жамоатчилик эътиборини тортиш учун 7 октябрда онлайн петицияни ишга туширди ва бир неча соат ичида 500 дан ортиқ имзо йиғди. У судга даъво киритишдаги саъй-ҳаракатларини Россияда онлайн-цензура ва ватандошлар кузатувини мониторинг қилиб борадиган “Роскомсвобода” ташкилоти билан мувофиқлаштирмоқда.

Петиция бошланган куни “Роскомсвобода” ташкилоти Попованинг даъвосини ва юзни таниш тизимларидан фойдаланишга мораторий эълон қилишга оид даъватини қўллаб-қувватлаши тўғрисида баёнот берди.

Путин ҳукумати юзни таниш тизимини кенгайтиришни жиноятга қарши кураш йўлидаги зарур қўшимча восита сифатида ҳимоя қилмоқда, аммо шаҳарда шу йил ёзида эркин сайлов ўтказиш талаби билан норозилик акцияларига чиққан фаолларга қарши қатағонларнинг ортиши кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари юзни таниш технологиясидан митингларда қатнашган кишиларни таниб олиш мақсадида фойдаланилганини айтмоқда.

7 киши норозилик намойишларига чиққани учун қамалди, қолганлари жаримага тортилди. Видеони реал вақтда таҳлил қиладиган юзни таниш камералари полиция юк машиналарига ўрнатилган мобил камераларга қўшимча бўлиб, ишончли кузатув тизимини ташкил қилади ва бу кўпчиликни митингларга чиқишдан чўчитади, дейди танқидчилар.

27 июлдаги норозилик намойиши вақтида полиция ходимига қоғоз стакан улоқтиргани учун айбланиб, бир ойга қамалган Сергей Абаничевнинг отаси Вячеслав Абаничевга кўра, юзни таниш тизими ўғлининг ҳисбга олиниши ва қамалишига сабаб бўлган.

− Бу – жуда илғор технология, ундан жиноятчи ёки жосусларни тутишда фойдаланса бўлади, − деди у. – Лекин бу барча ватандошлар ортидан ялпи кузатув экани хавотирга солади ва қўрқитади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG