Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:41

Янги Ўзбекистоннинг эски ОБОНчи аёллари. Фаолларга ким таҳдид қилмоқда?


"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси йиғилиши ўтадиган ҳовлига бир гуруҳ блогер ва аёллар бостириб кирган - Тошкент, Қибрай, 2021, 12 март.
"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси йиғилиши ўтадиган ҳовлига бир гуруҳ блогер ва аёллар бостириб кирган - Тошкент, Қибрай, 2021, 12 март.

"Партия тузиш ҳаракатларингни тўхтатмасанг, ўлдириб кетамиз!" Бундай таҳдидни янги сиёсий партия тузишга ҳаракат қилаётган гуруҳ етакчиси шу йил бошида икки номаълум эркакдан олгани ҳақида Озодликка 31 май куни сўзлаб берди.

Аммо таҳдид қилаётганлар фақат эркаклар эмас. Сўнгги ойларда қатор фаоллар номаълум аёллар гуруҳларининг ҳужум ва жанжалларига нишон бўлди.

Партия фаолини ўлдириш билан таҳдид қилган икки шахс ҳам, бошқа партияларнинг йиғилишларига, офисларига бостириб борган аёллар ҳам шу пайтгача жазолангани йўқ.

Педагог олим, руҳшунос ва юрист Маҳмуджон Йўлдошев “Халқ манфаатлари” сиёсий партиясини тузишга ўтган йилнинг иккинчи ярмида киришиб, шу йилнинг дастлабки ойларида ҳам фаол ҳаракат қилган, бироқ уринишлари бирдан тўхтаб қолган ташаббусчилар гуруҳи етакчиларидан бири.

Йил бошида қилинган "тет-а-тет" тажовуз

Жорий йил бошида бўлган ҳодисани эслар экан, Маҳмуджон Йўлдошев бундай деди:

“Айнан қайси кунлигини бирдан айтишим қийин, бироқ йил бошида, ўй-хаёлимиз фақат партия тузиш билан банд бўлган кунларнинг бирида, қоронғуда, соат 8-9 ларда уйимга икки барзанги йигит кириб келди. Кўпқаватли уйда тураман. Эгнимда чопоним бор эди. Эшикни очсам, икки бақувват йигит. Улар бирдан мендан партия тузишни тўхтатишимни талаб қила бошлашди”.

Маҳмуджон Йўлдошев
Маҳмуджон Йўлдошев

Маҳмуджон Йўлдошевнинг айтишича, улар аввалига бир неча марта “партия тузсангиз ёмон бўлади”, “партия тузадиган бўлсангиз маҳалламиздан кўчиб кетинг”, дейишган.

“Кейин улар уйимдан чиқиб кетишаётганида ортларидан кузатиб чиқдим. Яна “ёмон бўлади”, дейишганда “нима бўлади?” деб сўрадим. Улар очиқдан очиқ “Ўлдириб кетамиз”, дейишди”, - деди Маҳмуджон Йўлдошев.

"Ахир улар ўзлари юборган кишиларни ўзлари изламайдику!”

Юридик университетни ёши 75 дан ўтганда битириб, яқинда юрист дипломини олган психология фанлари номзоди Маҳмуджон Йўлдошев икки номаълум шахс (исмини сўраганида улардан бири “Сизга исм керакми? Шуҳратман, Шавкатман, истаганингизни танлаб олаверинг”, деган) устидан прокуратурага ариза топширган. Ариза расман қабул қилинган.

“Орадан икки ой ўтиб, Тошкент шаҳар, Юнусобод туман ИИБдан жавоб келди. Топишолмаганмиш”, - дейди Маҳмуджон Йўлдошев.

Аризада сизга таҳдид қилганларни қидириб топиш учун асос бўла оладиган информация бормиди? Масалан, уларнинг тахминий ёши, бўй басти, ориқ-семизлиги, дегандай? Озодликнинг бу саволига Маҳмуджон Йўлдошев бундай деди:

“Аризада бўлган воқеани ёзганман. Улар менга бирдан тажовуз қилди ва мен ўша пайтда уларни суратга тушира олмадим. Уларнинг келган-кетгани маҳаллаларга ўрнатилган кузатув камераларига ёзилиб қолганку! Мен уларни ортидан кузатиб чиққаним тушган тасвирлар ҳам бор. Ҳаммаси бор”.

- ИИБга тақдим қилганмисиз ўша тасвирларни?

“Улар келмаса, сўрамаса, ким тақдим қилади? Улар аризамни олиши биланоқ етиб келиши, воқеани ўрганиши керакку?! Улар келгани йўқ. Икки ойдан кейин тасдиқланмади, деган жавоб келди ва мен фақат кулиб қўйдим. Тамом. Ахир ўзлари юборган кишиларни ўзлари изламайдику!”

- Нега партия тузмоқчи бўлганингиз учун ҳаётингизга таҳдид бўлгани тўғрисида шунча вақт ўтиб гапиряпсиз? Нега ўз вақтида жамоатчиликка ўз вақтида ошкор қилмагансиз? Озодликнинг бу саволига Маҳмуджон Йўлдошев бундай жавоб берди:

"Айтдим нимаю айтмадим нима?! Нима ўзгарарди?"

Омма кўзида қилинган тажовузлар

Номаълум шахслар “Халқ манфаатлари” партиясини тузмоқчи бўлган гуруҳ етакчиларидан бири уйига келиб, унга қатл билан таҳдид қилган бўлса, худди шундай номаълум шахслар “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини тузмоқчиларнинг йиғилишини бузган эди.

Шу йилнинг 12 мартида партия фаоллари йиғилиш ўтказишни режалаштирган Тошкент вилоят, Қибрай туман, Паркент маҳалласи, Беҳбудий кўчасидаги 11- хонадонга бир гуруҳ блогерлар ҳамда номаълум аёллар гуруҳи бостириб кириб, жанжал кўтарган.

Номаълум аёлларнинг ҳужумлари кейинроқ “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг офисига кўчди. Мартнинг сўнгги икки кунида қаторасига икки ҳужум бўлди.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси фаоллари яна ҳужумга учради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:37 0:00

Тузилаётган партия лидери Хидирназар Аллақулов 31 май куни Озодлик саволларига жавоб бераркан, ҳужумлардан кейин уларни уюштирган аёллар кимлигини суриштиришга уриниб ҳам кўрмаганини айтди:

“Суриштиришга вақтим йўқ: деярли ҳар куни ўзимга ва оила-аъзоларимга қарши биттадан фитна уюштиришади. Кўз очиргани қўйишмайди. Вақтим бўлган тақдирдаям, суриштирдим нимаю суриштирмадим нима?! Хўш, нима ўзгаради? Масалан, 31 март кунги ҳужум пайтида офисимиз яқинида қора машиналарда фуқаро кийимида одамлар ўтирганини, ҳужумчилар вақти-вақти билан ўша машинадагилар олдига бориб, бир нарсаларни гаплашиб, қайтганини, сўнгра ҳужумни яна авжига чиқаришганини фаолларимиз кузатиб туришган”.

Куни кеча собиқ хонанда ва мухолифатлдаги "Эрк" партияси фаоли Жаҳонгир Отажонов Тошкент шаҳар прокуратурасидан хонадонига “босқинчилик” уюштирган шахсларни топиб, жазолашни сўради.

Жаҳонгир Отажонов 26 май куни ўзининг Тошкент шаҳридаги хонадонига “Эрк” партияси аъзоларини таклиф қилган эди. Эркчилар йиғилишига бир гуруҳ номаълум аёллар бостириб кирган, партия аъзоларига тухум отган эди.

Тарихи нолинчи йилларга бориб тақаладиган ОБОН

Тузилаётган партиялар йиғилишларига, уларнинг офисларига бостириб борадиган аёлларни кўпчилик русча “Отряд милиции особого назначения” атамасининг қисқартмаси – ОМОНга менгзаб, ОБОН ("Отряд баб особого назначения") деб атайди.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ОБОНчилар ҳужумига Биринчи президент даврида учраганини айтади:

“У пайтда конвертация йўқ эди, аммо банклар гўё АҚШ доллари сотадигандек кўрсатиларди. Доллар сотиб олмоқчи бўлиб, банк кассасига навбатда турганимда, бир гуруҳ аёллар келиб ёқамга ёпишишди, кўйлакларимни йиртиб ташлашди. Қизиғи, бу ҳолатлар телевизорларда ҳам кўрсатилган. Марказий банк айбни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига, улар эса аёлларнинг ўзларига тўнкаган”.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, у ОБОНчилар ҳужумига олдин ҳам учраган:

“Махсус ёлланган гуруҳ ёки провакаторлар ҳужумига биринчи марта бундан 10 йиллар олдин - ё 2010 ёки 2011 йил эди - дуч келганман. Улар Самарқандда “Эзгулик”нинг мажлисини ўтказаётганимизда тадбирни бузишга эришишган”.

Абдураҳмон Ташанов айтаётган даврда, аниқроғи 2010 йилнинг 13 сентябрида Озодлик радиоси қозоқ хизмати “Танишинг, ОБОН” деган мақола эълон қилган.

Қирғизистон, Жалолобод шаҳри, 2010, 14 апрель.
Қирғизистон, Жалолобод шаҳри, 2010, 14 апрель.

Муаллиф маҳаллий кузатувчилар Қирғизистонда ОБОНнинг “дояси” 2005 ва 2010 йиллардаги инқилоблардир, деб ҳисоблашини хабар қилган.

Мақолада ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг фикрлари ҳам келтирилган.

Журналистнинг фикрича, ОБОН ҳодисаси Ўзбекистонда пайдо бўлган. Мақолада Улуғбек Ҳайдаровнинг айтганларидан қуйидаги иқтибос келтирилган:

“2000 йилдан 2010 гача бўлган даврнинг ўрталарида мен ҳали Жиззахда эдим ва ўша пайтда шаҳарда йигирманинг атрофида ОБОН гуруҳи бор эди. Улар хизматидан ИИБ ва махсус хизматлар журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозилик чиқишларини бостиришда фойдаланишарди. Шуниси қизиқки, ОБОНчи аёллар шундай гуруҳга аъзо эканлигини яшириб ҳам ўтиришмасди. Улар пикет ўтказиладиган жойларда бирдан пайдо бўлиб қолар, пикетчиларни урар, тимдалар ва яна бирдан ғойиб бўлишарди”, деган ҳозирда Канадада яшаётган журналист Улуғбек Ҳайдаров.

"Қўғирчоқбозларни барибир топа олмайсиз"

Абдураҳмон Ташанов ОБОНчиларга қарши курашиб кўргани, бироқ охир-оқибат хафсаласи пир бўлганини айтади:

“Каримов даврида банк кассаси олдида менга ҳужум қилган аёлларни судга олиб бориб, жарима қилдирганман, аммо бунинг фойдаси йўқлигини кейинчалик тушундим. Бундай гуруҳлар ортида ким турганини тахмин қилишга қўлимда далиллар йўқ”.

Жорий йил бошида икки номаълум шахснинг ўлдираман, деган таҳдиди нишони бўлганини айтган Маҳмуджон Йўлдошев эса, ОБОН гуруҳлари ортида қандай идоралар турганини "билади".

“У ёки бу ҳодисага қонун доирасида қаршилик кўрсатиш имкони бўлмаган пайтларда ҳуқуқни ҳимоя қилиши керак бўлган органлар ва махсус хизматлар гўёки ўша ҳодисадан “норози” жанжалкаш аёллар хизматидан фойдаланади. Бундай фуқаролар қўғирчоқлардир. Уларга эътироз билдиришдан фойда йўқ. Қўғирчоқбозларни эса, топа олмайсиз”, - дейди Хавфсизлик хизмати ветерани, педагог ва юрист Маҳмуджон Йўлдошев.

XS
SM
MD
LG