Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:29

Муҳтожларга ёрдамлар тадбиркорлардан "мажбурий-ихтиёрий" ундирилмоқда


Тошкентдаги тақсимот марказида озиқ-овқатлар муҳтожларга тарқатилмоқда.

Ўзбекистонда карантин даврида қийналиб қолганларга ҳайрия маблағлари тадбиркорлардан ихтиёрий-мажбурий равишда ундирилаётгани ҳақида Озодликка хабарлар келмоқда.

Айрим тадбиркорлар карантин даврида ўзлари мушкул аҳволга тушиб қолган бир пайтда ҳокимликлар муҳтожларга ёрдам беришга мажбурлаётганини айтди.

Баъзи давлат идораларида эса ходимларнинг ойлик маошларидан кам таъминланган аҳолига ёрдамга, деб ушлаб қолинаётгани ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тадбиркорлар карантин даврида ҳайрияга қарши эмасликлари, лекин давлат тарафидан марказлаштирилган эҳсон йиғиш ва тарқатиш тизимига ишонқирамай қараётганликларини айтишади.​

Эҳсонларни йиғиш ва тарқатишни назорат қилаётган Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги расмийлари тадбиркорлар ва ўзига тўқ оилалар карантин даврида қийин аҳволда қолганларга кўнгилли ёрдам бераётгани ва жараённинг тўлалигича шаффофлигини айтишди.

Бухородаги озиқ- овқат дўконининг эгаси 23 апрель куни Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳокимлиги ходимлари уни ҳайрия ишларига ҳисса қўшишга қандай мажбурлаганини сўзлаб бердиЖ

- Ўтган хафта келишганди. Кредитинга ёрдам берамиз, енгилликлар бўлади, ёрдам қил, дейишди. Йўқ, десам муаммо яратишлари мумкинлигига шама қилишади. Муаммо яратишади. Ҳеч ким эртага сабабсиз дўкони ёпилиб кетишини истамайди. Мажбурмиз. Шунга йигирма қоп ун, беш қоп гуруч яна беш қоп шакар, бир қути ўсимлик ёғини тақсимлаш марказга олиб бориб бердим. Ўтган кун яна келишди. Мен ёрдам беришга қарши эмасман, лекин бизни аҳволимизни ҳам тушунишсин-да. Ҳозир ўзимизга ҳам қийин бўляпти, савдо йўқ, четдан мол тўхтаган, - деди исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган бухоролик тадбиркор.

Баъзи давлат идораларида эса ходимларнинг ойлик маошларидан кам таъминланган аҳолига ёрдамга, деб ушлаб қолинаётгани ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармасида ишловчи ходимнинг 23 апрель куни Озодликка айтишича, 7 кунлик иш ҳақи кам таъминланганларга ҳайрияга деб ушлаб қолинган.

- Биздан қолган ойлик иш ҳақларимизнинг хафталигини аҳолининг кам таъминланган қатламига ўтказишни талаб қилишмоқда. Ваҳоланки, ҳозирда оилада якка боқувчи бўлган ходимларнинг аксариятида ушбу 7 кунлик иш ҳақларини ўтказиб беришга ҳохишлари йўқ, буни раҳбариятга айтса, ишдан кетишидан қўрқиб қолишган бир солиқчи сифатида ойлик иш ҳақи олмасдан қандай яшаш мумкин, бунинг оқибатида оиласини боқа олмай қолиши натижасида коррупцион ҳаракатларга йўл қўйиши мумкин-ку?!- дейди исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган жиззахлик солиқчи.

Ёрдамлар асосан бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.
Ёрдамлар асосан бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.

Ёрдамлар муҳтожларга етиб боряптими?

Озодлик билан суҳбатда бўлган тадбиркорлар карантин даврида ҳайрияга қарши эмасликлари, лекин давлат тарафидан марказлаштирилган эҳсон йиғиш ва тарқатиш тизимга ишонқирамай қараётганликларини айтишади.

Андижон шаҳрида яшовчи исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган савдогарнинг Озодликка айтишича, маҳалла раиси бир неча киши билан унинг уйига келиб, муҳтожларга эҳсон беришни талаб қилган.

- Мен аллақачон ёрдамни муҳтожлиги бор оилаларга бердим. Мен маҳаллада ким ёрдамга муҳтож эканини биламан, ўз қўлим билан олиб бориб бердим, десам, булар мумкин эмас, ҳозир карантин, тақсимот марказига олиб бориш керак, дейишди. Орасида маҳаллани мулласи ҳам бор, Рамазон пайти фитрни ҳам шу марказга беринглар, деди. Мен ҳайрияга қарши эмасман. Лекин у марказдан бизни ҳудуддаги муҳтож оиланинг биронтасига ёрдам текканми?. Қаерга кетяпти шунча ёрдам? Саволларимга жавоб ололмадим.

Ҳукумат расмийлари эса тадбиркорлар ва ўзига тўқ оилалар карантин даврида қийин аҳволда қолганларга кўнгилли ёрдам бераётганини айтишади.

Тошкентнинг Юнусобод туманида муҳтожларга ёрдамлар тарқатилмоқда.
Тошкентнинг Юнусобод туманида муҳтожларга ёрдамлар тарқатилмоқда.

Эҳсонларни назорат қилаётган Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича, озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишидаги ёрдамлар ҳар бир шаҳар ва туманда ташкил этилган ёрдамларни мувофиқлаштириш марказларида тўпланмоқда ва тарқатилмоқда.

Вазирлик расмийси қўлдан-қўлга ўтиб дезинфекцияланмаган хайрия маҳсулотларининг аҳолига тарқалиши олдини олиш учун бу тизим марказлаштирилганини айтишди.

- Ҳаммаси кўнгилли бўляпти. Йирик фирмалардан тортиб майда тадбиркорлар қурби етганича олиб келиб беряпти. 500 қоп уни олиб келган фирмалар бор. Айрим оилалар рўзғоридан орттирганини келтиряпти. Шу куннинг ўзида ёрдамлар кўнгиллилар кўмагида мухтож оилаларга етказиляпти. Нимага одамларни ўзлари муҳтожларга олиб бориб бермасин, деяпмиз. Баъзилар ўйлаши мумкин, бу ёрдамларни ўмариш учун, деб йўқ. Мақсад дезинфекцияланмаган моллар тарқалишининг олдини олиш.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса эҳсонларни тарқатиш шаффофлигини таъминлаш мақсадида telegram каналида кунлик ҳисоботларни беришни йўлга қўйган.

"Murad Building" ширкати 500 қутида озиқ-овқат, "O'zgarish agro ta'minoti" 700 кило гуруч, пойтахтнинг саҳий фуқароларидан мувофиқлаштириш марказга 2 тонна музлатилган товуқ етказгани ҳақида пешма-пеш маълумот бериб борилмоқда.

Ёрдам бераётганлар орасида сиёсий партиялар ҳам бор.

Ҳокимлик қаналида келтирилишича, 22 апрель куни “O’zLiDeP“ Тошкент шаҳар кенгаши, “Nau CO” МЧЖ, “InfinBank” банки томонидан Ягона мувофиқлаштириш марказига
- 1764 кг ун;
- 457 кг гуруч;
- 430 кг шакар;
- 454 литр ўсимлик ёғи;
- 210 кг картошка;
- 280 кг пиёз;
- 7,5 минг дона тухум;
- 852 кг макарон маҳсулотлари;
- 103 дона майонез етказган.

Ҳокимлик Telegram каналида билдирилишича, 22 апрель куни шаҳардаги 317 та маҳалланинг 2278та оиласига бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатда бўлган самарқандлик блогер Расул Жонузоқов марказлаштирилган хайриялар доирасида асосий эътибор Тошкент шаҳрига қараб қолаётганини айтади.

- Бир ҳафтада Тошкентда йигирма мингга яқин оилага ёрдам тарқатилди. Самарқандда мен яшайдиган маҳаллада ёрдам олган оилани билмайман. Қолаверса, ёрдамлар нима асосда етказиб берилади, ойлиги қанчадан паст бўлиши керак, бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот йўқ, - дейди самарқандлик блогер.

Бунинг оқибатида эса, блогер фикрича, эҳтиёжмандлар ёрдамдан четда қолмоқда.

Озодлик коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан мамлакатда юзага чиққан вазиятни кузатишда давом этади. Вазиятга оид факт ва маълумотларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг учун Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига хабар юборинг.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG