Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 07:07

Талабаларга стипендия бериш кечикмоқда; контракт пулини тўламаганлар ўқишдан ҳайдалишдан қўрқмоқда


Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон мактаб ва олийгоҳлари 16 мартдан бошлаб мажбурий таътилга чиқарилди.

Коронавирус эпидемияси тарқашини тўхтатиш учун таътилга чиқарилган талабаларга¸ таълим мутасаддилари баëнотларига қарамай¸ стипендия бериш кечикмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган талабалар¸ стипендия берилмаганидан карантин пайтида қийин аҳволда қолганини айтди.

Бошқа гуруҳ талабалар эса¸ аввал белгиланган муҳлат - 20 мартга қадар контракт пулини тўлай олмаганлари учун ўқишдан ҳайдалиш хавфи остида қолганини билдирди.

17 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийлари талабаларга стипендия тўлаш карантин даврида ўзгаришсиз давом этишини таъкидлаган эди.

Вазирлик расмийлари айни брифингда жорий вазиятда контракт пулини ўз вақтида тўлай олмаганларга шароит яратиб берилишини ҳам ваъда қилган эди.

Мажбурий таътилда пулсиз қолган талабалар

Жиззах Политехника институтининг исмини очиқламасликни сўраган 1-босқич талабаси Озодликка ҳар ойнинг 6-7 кунида бериб келинган стипендиянинг ҳозирга қадар (25 март) берилмаганини билдирди.

Карантин даврида шу 428 минг сўмлик стипендиянинг йўқлиги билиниб қоляпти.

- Карантин даврида шу 428 минг сўмлик стипендиянинг йўқлиги билиниб қоляпти. Чунки, онам уй бекаси, менинг ўзим ҳам ишлаб¸ ҳам бюджетда ўқиётгандим. Ҳозир ишлаб бўлмайди. Биргина мен эмас¸ бошқа талабалар ҳам стипендия олмаган. Ректоратга айтсак, "ана берамиз, мана берамиз". Биз учун айнан карантин пайти шу стипендия ҳаётмамот масаласи бўлиб турипти.

Озодликка келаëтган хабарлардан¸ мажбурий таътил пайтида стипдендиясиз қолганлар фақат жиззахлик талабалар эмаслиги тушунилади.

Андижон Давлат университетининг Озодликка боғланган талабалари ҳам 25 март кунга келиб ҳам стипендия берилмаганини маълум қилди:

- Ўтган ҳафта расмийлар телевизордан чиқиб¸ карантин таътили пайти ҳам стипендиялар берилади, деб айтишди. Лекин мана шу бугунгача стипендия олганимиз йўқ.

Жиззах ва Андижон университетлари ректоратининг Озодлик боғланган ходимлари талабаларга уйда ўтириш буюрилган жорий вазиятда стипендиялар кечикаëтганини эътироф қилди:

- Ҳеч бир студент стипендиясиз қолмайди. Ҳозир тўлов тури ўзгаряпти. Кимлардир ярмини нақд ярмини карточкага олиб келган бўлса, ҳозир тўлалигича карточкаларига тушириб берилади. Шунинг учун озгина кечикиш бўляпти, бу муаммо ҳал бўлади, - деди Жиззах Политехника институтининг Озодлик гаплашган мутасаддиларидан бири.

Карантин даврида контракт пулини тўламаганлар ўқишдан ҳайдаладими?

Коронавирус ëйилишини тўхтатиш мақсадида Ўзбекистон бўйлаб кескин чекловлар жорий этилган айни кунларда Озодликка боғланган бошқа бир гуруҳ талабалар¸ контракт пулини тўламаганнинг ўқишдан ҳайдалиш хавфи остида қолганини айтмоқда:

Стипендиялар кечикяпти, лекин контракт пулига келганда 20 мартгача тўламаганлар отчисления бўлади, дейишяпти.

- Стипендиялар кечикяпти, лекин контракт пулига келганда 20 мартгача тўламаганлар отчисления бўлади, дейишяпти. Ўқиш 17 мартдан тақа-тақ тўхтади. Қачон бошланиши номаълум. Ҳозир карантин сабаб оилавий шароитимиз ҳам оғирлашиб қолди. Деканимиз тўламаганлар ҳайдалади, деяпти. Тўлов муддатини узайтиришса яхши бўлар эди, - деди Озодликка боғланган Урганч Давлат университетининг исми очиқланмаслигини истаган 1-босқич талабаси.

Озодлик талабанинг бу иддаоси юзасидан Урганч Давлат университети раҳбариятидан изоҳ ололмади.

Telegramдаги "Фарғоналиклар" гуруҳида 20 мартгача контракт пулини тўлай олмаган айрим талабалар тўлов учун яна бир муддат берилишини сўраб чиқишган.

2019 йил декабрига қадар тўланиши лозим бўлган контракт пулини 20 мартгача ҳам тўлай олмаганлар¸ Озодлик гаплашган Фарғона Политехника институти 1-курс талабасининг айтишича¸ коронавирус эпидемияси даврида янада оғир аҳволга тушган:

- Декабргача тўлашга имконимиз йўқ эди. Шунга 20 мартгача муҳлат беришганди. Қарз олиб тўлаймиз¸ деб турувдик, коронавирус чиқиб қолиб¸ аҳволимиз баттар ёмонлашди. Биргина мен эмас¸ бошқа курсдошларим ҳам тўлов муддати узайтирилишига умидвор бўлиб туришипти ҳозир.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов 17 март куни Тошкентда ўтказилган брифингда "коронавирус пандемияси боис контракт тўловларини тўлашга қурбим етмайди"¸ деган мурожаат бўлмаганини билдирган эди.

"Ўзи шундоқ ҳам бу муддат истисно тариқасида 2019 йил сентябрь ойидан бери мунтазам равишда дарсларга қатнаб турган, айрим сабабларга кўра контракт пулини 2019 йил 31 декабргача тўлай олмаган абитуриентлар учун имконият сифатида берилган эди. Ҳозиргача 20 мартга қадар тўлай олмаганлик ва муддатни узайтириш ҳақида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмади. Агар 1 курс талабаларидан шундай мурожаат бўлган тақдирда, ушбу масала Давлат қабул комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади", - деган эди Бегимқулов.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини истаган расмийси 25 март куни Озодлик билан суҳбатда¸ жорий вазиятда контракт пулини тўлай олмаганларга яна бир марта муҳлат берилишини айтди:

- Контракт пулини тўлашга яна бир имконият берилади. Ҳозир ҳамма қийин вазиятда қолган, тушунамиз. Таътил тугаганидан сўнг маълум қиламиз, - деди вазирлик расмийси.

Айни пайтда икки ҳафтага деб айтилган мажбурий таътилнинг қачонгача чўзилиши мавҳумлигича қолмоқда.

- Ҳозир ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Агар карантин таътили чўзиладиган бўлса ўрни ёзги таътил ҳисобидан тўлдирилиши мумкин, - деди Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлиги расмийси.

Ўзбекистонда Интернет тезлигининг пастлиги¸ туман ва қишлоқларда эса¸ Интернетга мунтазам уланиш имкони йўқлиги сабаб ўрта ва олий таълимни пандемия даврида¸ ривожланган давлатлардаги каби¸ онлайн режимига ўтказиш режаси йўқ.

Бутун дунë¸ хусусан¸ Ўзбекистонда ëйилиб бораëтган коронавирус пандемияси сизнинг ҳаëтингизга қандай таъсир қилмоқда? Бу ҳақдаги хабар ва маълумотларни¸ сурат ва видеоларни Озодликнинг @ozodnews Telegram каналига юборинг.

XS
SM
MD
LG